Линклар

Тожикистон: Ўзбекистон сув ҳамкорлиги бўйича анжуманда қатнашмоқчи эмас

  • Садриддин Ашур

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигидаги брифинг

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигидаги брифинг

Тожикистонда 20-21 август кунлари ўтказиладиган сув ҳамкорлиги бўйича Халқаро конференцияда Ўзбекистон иштирок этиш истагини билдирганича йўқ. Бу ҳақда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси жума куни журналистлар билан ўтказилган брифингда эълон қилди.



Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг халқаро ташкилотлар бошқармаси бошлиғи Хусрав Нозирийнинг Озодлик радиоси тожик хизматига айтишича, Душанбе шаҳрида ўтказиладиган сув ҳамкорлиги бўйича Халқаро конференцияга 60дан ортиқ хориж давлати вакил жўнатишга розилик берган, бироқ ҳозиргача яқин қўшни бўлган Ўзбекистон томонидан жавоб бўлгани йўқ.

Расмий хабарга кўра, жорий йилнинг 20-21 август кунлари Душанбе шаҳрида сув ҳамкорлиги бўйича Халқаро конференция ўтказилади. Бу конференцияни ўтказишдан асосий мақсад сув масалалари бўйича манфаатли томонларнинг шерикчилиги ва ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, муаммоларни ўзаро келишган ҳолда ҳал қилишдир.

Конференция бошланишига 10 кун вақт қолган бўлса ҳам, Ўзбекистон томони унда иштирок этиш масаласига на ҳа, на йўқ дея жавоб берган.

Тожикистон Мелиорация ва сув ресурслари вазирининг ўринбосари Султон Раҳимовнинг айтишича, конференцияда Ўзбекистон ҳукуматининг расмийлари иштирок этиши иштирок этмаса-да, сув муаммолари билан шуғулланадиган эксперт ва мутахассислари иштирок этиши мумкин.

Бироқ оддий экспертлар гуруҳи Тожикистон томонини қониқтирмаслиги айтилмоқда. Зеро, сўнгги йилларда икки давлат ўртасида сув муаммолари бўйича бир қанча масалалар йиғилиб қолганки, бу муаммоларни фақат ҳукумат даражасидаги музокаралар орқали ҳал қилиш мумкин.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарҳод Толиповнинг айтишича, Ўзбекистон қўшни давлатлар билан трансчегаравий дарёлар муаммоларини ҳал қилиши учун ҳам бундай халқаро анжуманларда қатнашиб, ўз позициясини қаттиқ ҳимоя қилиши керак:

- Ўзбекистоннинг мана шундай халқаро анжуманларда қатнашиши доим муҳим. Ўртада қандайдир сабаблар бўлишидан қатъий назар бунақа анжуманлардан бош тортмаслик керак. Имкон қадар аралашиб, ўз позициясини билдириши Ўзбекистоннинг шу соҳада очиқ сиёсат юритаётганини кўрсатган ва муаммоларни ҳамкорлик руҳида ечишга уринаётганини билдирган бўларди, албатта,- дейди сиёсатшунос Фарҳод Толипов.

Марказий Осиёдаги сув муаммоси йиллар давомида ечимини тополмай келмоқда.

Қирғизистонда қурилаётган “Қамбарота 2” ва Тожикистондаги Роғун ГЭСлари Ўзбекистон ҳукуматининг жиддий эътирозларига сабаб бўлиб келяпти.

Ўзбекистон ҳукуматининг талаби билан ҳозир Роғун ГЭСи халқаро экспертизадан ўтказилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG