Линклар

Биринчи августга ўтар кечаси Тошкентнинг Олмазор туманидаги “Исломобод” жоме масжидига ниқобли номаълум шахслар бостириб кириб, масжид қоровулига оғир тан жароҳати етказган. Босқинчилар масжиддан “Эҳсон қути”сидаги пулларни ва бир қанча ашёларни ўғирлаб кетган.

Озодликнинг электрон почтасига 10 август куни ушбу мазмундаги хабар келиб тушди:

“31 илюдан 1 августга ўтар кечаси Ачаобод маҳалласидаги масжидда босқинчилик рўй берган, қоравулни боғлаб роса дўппослаб уришган. Натижада жабрланувчининг 3 қовурғаси ва оёғи синган. У оғир аҳволда, ТошМи клиникасига ётқизилган. Босқинчилар масжиддан факат эҳсон қутисидаги пулларни олишган. Илтимос шу воқеани батафсил ёритиб берсангиз”, дейилади бу хабарда.

Озодлик бу воқеани суриштиришни бошлаб, аввал Олмазор тумани ички ишлар бўлими билан боғланди. Ўзини таништирмаган милиция ходими ҳақиқатан ҳам шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:

- Бу воқеа Ачаобод маҳалласида “Исломобод” номли жоме масжидида биринчи августга ўтар кечаси бўлган. Маскалик ўғрилар масжидга бостириб кириб, қоровулни уриб боғлашган. Эҳсон қутисидаги пулларни олиб кетишган, лекин бу пул қанча эканлиги номаълум. Бу воқеа бўйича жиноят иши очилиб, ҳозир босқинчиларни топиш ва ушлаш учун иш олиб бориляпти, - деди милиция ходими.

“Исломобод” жоме масжидида жума намозларини адо этувчи ачаободлик киши Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бу воқеага яна ойдинлик киритди:

- Бизнинг масжидимиз расмий номи “Исломобод”, лекин халқ орасида Ачаобод масжиди дейилади. Уч-тўрт нафар қора маска тақиб олган босқинчилар биринчи августга ўтар кечаси масжидга ҳужум уюштирган. 56 ёшли масжид қоровули Ўткирбекни уриб, унга оғир тан жароҳати етказган. Қоровулни аввал биринчи болнисага олиб кетишди. Ҳозир эса 16-болнисага ўтказишибди. Ҳаётига хавф йўқ дейишяпти. Масжиддаги “Эҳсон қути”сидан ва сейфдан барча пулларни ўмариб кетишибди. Яна масжиднинг қимматли ашёларини ҳам олиб кетган, дейди ачаободлик киши.

Унинг айтишича, шундан кейин милиция ходимлари масжидга назоратни кучайтирган. Жума ва ҳайит намозларида ҳам масжид кучайтирилган милиция гуруҳлари томонидан назорат қилиняпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG