Линклар

Саудия Башар Асадга қарши Россия билан тил топишмоқчи


Саудия Арабистони разведка хизмати раҳбари шаҳзода Бандар бин Султон.

Саудия Арабистони разведка хизмати раҳбари шаҳзода Бандар бин Султон.

Саудия Арабистони Кремль Сурия президенти Башар Асадни қўллаб-қувватлаш сиёсатини юмшатса, Россиядан 15 миллиард долларлик қурол сотиб олишга ва Европани газ билан таъминлаш соҳасида рақобат қилмасликка ваъда берди. Сурия Асадни қулатиш учун ўз иқтисодий таъсирини ишга солишга тайёр.

Саудия Арабистони Башар Асад ҳокимиятдан четлатилишини хоҳлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Ар-Риёд бу мақсадга эришиш йўлида молиявий кўмак кўрсатишга ҳам тайёр экани айтилади.

Москвада ўтган ҳафта Саудия Арабистони разведкаси раҳбари, шаҳзода Бандар бин Султон ва Россия президенти Владимир Путин ўртасида бўлиб ўтган учрашувдан сўнг бу масала яна кун тартибига чиқди.

Учрашув ҳақида тўлақонли маълумот берилгани йўқ. Бироқ Саудия Арабистонидаги ҳукмрон доираларга яқин бўлган Сурия мухолифатидаги манбанинигнг билдиришича, шаҳзода Бандар бин Султон Владимир Путинга Кремль Башар Асад ҳукуматини қўллаш сиёсатини юмшатса, БМТ Хавфсизлик кенгашининг Сурия юзасидан резолюцияларини қўллаб-қувватласа ўз мамлакати Россиядан 15 миллиард доллар миқдорида қурол сотиб олишга тайёр эканини айтган.

Айрим маълумотларга қараганда, Саудия Арабистони шаҳзодаси Путинга Россиянинг асосий газ таъминотчиси сифатидаги аҳамиятини сусайтирмаслик учун Арабистон ярим оролидан табиий газни Форс кўрфази орқали ғарбга сотмасликка ваъда берган.

Бироқ Москвани бундай таклифлар қизиқтирмаган кўринади. 9 август куни Кремль расмийлари оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлган юқоридаги каби хабарларни инкор этди. Владимир Путиннинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Юрий Ушаков “Путин бундай таклифларни муҳокама қилгани йўқ ва ҳарбий ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан масала кун тартибига қўйилмаган”, деб баёнот берди.

Аммо Саудия Арабистони Суриядаги низони бартараф этишни ўз ташқи сиёсатининг асосий йўналиши сифатида белгилаб олганидан келиб чиқилса, шаҳзода Москвада Путин билан Сурия масаласини муҳокама қилгани ҳеч кимда шубҳа туғдирмайди.

- Саудия Арабистони июнь, июль ойида Сурия мухолифатини молиялаштириш ташабббуси билан чиққанини эътиборга олиш керак. Саудия ғарб ва Россия томони билан бу масалани муҳокама қилишда ўз дипломатик ҳаракатларини фаоллаштирмоқда, -деди Германиядаги Халқаро алоқалар ва хавфсизлик институти таҳлилчиси Фолькер Пертеса.

Унинг айтишича, Саудия Арабистони минтақадаги таъсир кучи сусайиб кетмаслиги ва Эрон таъсир доирасининг кенгайишига қарши туриш учун Суриядаги низони бартараф этиш йўналишида фаол ҳаракат қилишдан манфаатдор.

Бундан ташқари Саудия Арабистонини ташвишга солаётган бошқа жиҳатлар ҳам бор. Масалан, Суриядаги вазият Иорданиядаги барқарорликни ҳам издан чиқариши мумкин. Бу мамлакатда қирол Абдулла Иккинчи мухолифатнинг муайян кучлари босимига дуч келаяпти, иккинчидан эса Суриядан келган юз минглаб қочқинлар вазияти бу ерда яхши эмас.

Дубайдаги Яқин Шарқ ва Форс кўрфази институти таҳлилчиси Теодор Карасик гапиради:

- Агар Иордания қироллигида вазият мураккаблашса, Саудия томони Иорданияга қўшинларини киритиши мумкин. Бундай ҳолат аввал Баҳрайнда кузатилган эди. Саудия томони мухолифат намойишлари туфайли вазият мураккаблашган Баҳрайнга 2011 йилда ўз ҳарбийларини киритган эди. Саудия нуқтаи назарича, бу мамлакатларда монархиянинг қулатилиши минтақадаги бошқа монрахияларга геосиёсий жиҳатдан жуда катта муаммоларни туғдиради,- деди Теодор Карасик.

Лондонлик эксперт Жейн Киннинмонт Саудия Арабистони Суриядаги вазиятга таъсир кўрсата олиш салоҳиятига эга бўлиш учун ғарб билан ҳамкорлик қилишга ва айни пайтда Россияга босим кўрсатишга тайёр, деб ҳисоблайди.

- Саудиянинг Россияга босими анча кўп бўлди. Саудия Арабистони расмийлари учрашишини истамаганлари учун Россия бизнес доираларининг бу мамлакатга ташрифи бекор қилинди. Биз Саудия уламолари томонидан Россияга қарши билдирилган фикрларга гувоҳ бўлдик. Айни пайтда Россия билан тил топишишига уринишлар ҳам бўлди. Саудия томони русларга “Сиз нимани истасангиз биз бу масалада тил топиша олишимиз мумкин” қабилида мужда йўллади, -деди Жейн Киннинмонт.

Сурия ҳукумати ва қуролли мухорлифати ўртасидаги низолашув 2011 йилнинг март ойида бошланган эди. БМТ маълумотларига қараганда, икки ярим йилдан бери давом этаётган тўқнашувларда юз мингдан ортиқроқ одам ҳалок бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG