Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:05

АҚШ Ироқдаги Ал-Қойда раҳбарининг боши учун $ 10 миллион мукофот эълон қилди


Ироқ бўйлаб шанба куни амалга оширилган ҳужумларда камида 69 киши нобуд бўлди, юзлаб одам жароҳат олди. Тинч аҳолига қарши уюштирилган ҳужумларни кескин қоралаган Вашингтон Ироқдаги Ал-Қойда раҳбари Абу Бакр Ал-Бағдодийни тутишга ёрдам берганларга 10 миллион доллар мукофот пули берилишини яна бир марта қайтарди.

АҚШ ҳукумати 10 август куни Ироқда амалга оширилган ҳужумларни қоралаб портлашлар содир этганларни “Ислом душманлари” деб атади.

АҚШ Давлат департаменти Бағдод шаҳридаги кафеларда Рамазон хайитини нишонлаётган оилаларга қарши ҳужумлар уюштирган ва одамлар билан гавжум бозорларда портлашлар содир этганларни “қўрқоқлар” дея атади.

Ироқ расмийларига кўра, шанба куни мамлакат бўйлаб содир этилган портлашлар оқибатида камида 69 одам ҳалок бўлган.

Бағдодда амалга оширилган портлашларда камида 57 киши нобуд бўлган, юзлаб одам жароҳат олган.

Ироқ хавфсизлик кучлари расмийларига кўра, энг катта портлаш Бағдоднинг жануби-шарқий қисмида жойлашган очиқ бозорда кун ботишига яқин содир этилган.

Бағдоднинг шаилар яшайдаган мавзеларидаги кафелар, бозорлар ва ресторанларда камида 11 та бомба портлаган.

Рамазон хайити муносабати билан одамлар кўп тўпланадиган жойларда хавфсизлик чоралари кучайтирилганига қарамай шанба кунги мудҳиш портлашлар содир этилди.

Шиалар учун муқаддас ҳисобланган Карбало шаҳрида автомобилга ўрнатилган бомба портлагани оқибатида камида тўрт одам ўлди, 11 киши жароҳат олди.

Карбало шаҳрида яшовчи Абу Ала Рейтерс ахборот агентлигига портлаш ҳақида буларни айтди.

- Мен пиёда кетаётган эдим. Ўша ерга бир машина келиб тўхтади. Мен юриб кетавердим. Бир неча дақиқадан кейин портлаш рўй берди. Ҳукуматимиз қаерга қараяпти? Хавфсизлик ходимлари қани? Агар Бош вазир (Нурий Ал-Маликий) хавфсизликни таъминлай олмаса, бошқаларга ўрнини бўшатсин. Мен бирор иш қила олмасам, бошқалардан ўша ишни қилишни илтимос қиламан. Нима учун амалга ёпишиб олгансиз? Ҳозир хайит байрами аммо одамлар ўлишда давом этмоқда, деди Карбалода яшовчи Абу Ала.

Аксар аҳолиси шиа бўлган Насирия шаҳридаги парк олдида иккита машинага ўрнатилган портловчи қурилга ишга туширилгани оқибатида камида олти одам ўлди, 25 киши яраланди.

Ироқ шимолида жойлашган Киркук шаҳридаги шиалар масжидларига қарши уюштирилган бомба ҳужумларида камида бир киши нобуд бўлди, беш одам жароҳат олди.

Шанба кунги портлашлар июл ойидан бери Ироқда бир кунда энг кўп талафот кўрилган ҳужумлар бўлди.

20 июл куни Ироқ бўйлаб содир этилган портлашлар оқибатида камида 71 киши нобуд бўлган эди.

Ироқ расмийларига кўра, бу йил муқаддас Рамазон ойида мамлакатда 670 одам ҳужум қурбони бўлган.

Бу Ироқда суннийлар ва шиалар ўртасида мазҳаблараро уруш 2007 йилда авжига чиққанидан бери мамлакатда энг кўп талафот кўрилган ой бўлди.

Яқинда Ироқ ҳукумати эълон қилган маълумотларда июл ойида мамлакат бўйлаб амалга оширилган ҳужумларда салкам 1000 киши ҳалок бўлгани билдирилган.

Вашингтон Ироқдаги Ал-Қойда раҳбари Абу Бакр Ал-Бағдодийни тутишга ёрдам берганларга 10 миллион доллар мукофот пули берилишини яна бир карра қайтарди.

Сурияда бошпана топгани тахмин қилинаётган Ал-Бағдодий 2011 йилдан бери Ироқда ҳужумлар уюштирилишига бошчилик қилиб келмоқда.

Яқинда Абу-Ғраиб қамоқхонасининг жанггарилар томонидан штурм қилингани натижасида юзлаб маҳбуснинг қамоқдан қочишга муваффақ бўлгани, Ироқ Адлия вазирлиги биносида худкуш ҳужум уюштирилгани ва ва бошқа шу каби ҳужумлар ортида Абу Бакр Ал-Бағдодий тургани айтилади.
XS
SM
MD
LG