Линклар

Ўзбекистонда кўплаб фуқаролар янги биометрик паспорт олиш билан боғлиқ мушкулотлар қаршисида қолишган. Одатда 10 иш кунида берилиши керак бўлган паспорт бир ойдан ошиқроқ вақт ичида берилмоқда. Озодликнинг "Эркин" микрофонига сим қоққан ўзбекистонлик тингловчилар мана шу муаммо устидан шикоят қилдилар. Озодлик тингловчиларидан бири АҚШдаги ишхонасидан бир ойга таътил олиб Ўзбекистонга келгани ва биометрик паспортни ололмай икки ой сарсон бўлгани, бунинг оқибатида АҚШдаги ишидан ажралиб қолиши мумкинлигини айтди.

Озодликка боғланган сирдарёлик Нўъмонжон бир ойдан буён янги биометрик паспорт ололмай сарсон бўлаётгани ва бу жараён билан боғлиқ бошдан кечирганларини гапириб берди.

-Июль ойининг бошида Сирдарёнинг Мирзаобод тумани паспорт столига янги паспорт учун ҳужжатларни топширган эдим. Илгари берилган паспортим, уни алмаштириш учун ариза, янги паспорт учун 39 795 сўм пул тўлаганим ҳақидаги квитанцияни топширган эдим. Бармоқ изларимни ҳам олишди. Икки ҳафтадан кейин кел дейишганди, борган эдим "бошлиқ мажлисда", дейишди. Кутиб ўтирдим, кейин паспорт столни ёпиб, кетиворишди. Паспорт олиш учун келган ўттизтача киши қараб қолавердик. Эртаси куни яна бордим, "ҳали тайёр эмас, кейинроқ келинг", деди. "Нимга?" десам, "ана эшикни олдида бошқалар ҳам кутишяптику, улар сиздан ҳам олдин топширган", деб жавоб қилди. Атайлаб чўзишаётгандек. Ахир биз ўз ватанимизни паспортини олиш учун ўтирибмизку, ҳеч кимни бу қизиқтирмайди. Ўз ватанимиз, Ўзбекистонимизни паспортини вақтида олиш учун қаерга мурожаат қилишимизни ҳам билмай қолдик, - дейди сирдарёлик Нўъмонжон.

Ўзбекистонда эски паспортларни биометрик паспортга алмаштириш икки йил аввал бошланган. Дастлаб хорижга чиқувчилар учун янги паспорт берила бошланган эди.

Сўнгги ойларда эса ўқишга кириш учун ҳам, янги машина ёки уйга кредит олиш учун янги паспорт талаб қилина бошлангач, кўпчилик паспорт алмаштириш ҳаракатига тушди.

Сирдарёлик Нўъмонжон янги машина олиш учун янги паспорт зарур бўлиб қолганини айтади.

- Машина олмоқчи эдим. Янги паспорт сўрашяпти. Правамни ўзгартиришим керак, унга ҳам биопаспорт сўрашяпти. Хуллас, янги паспорт олиш учун ҳам навбат кутиш керак, машина олишку бундан ҳам баттар бўлиб кетган, - дейди бир ойдан ошиқроқ вақт давомида янги паспорт ололмай сарсон бўлиб юрган Нўъмонжон.

Биометрик паспорт деб, имтихонларга тайёрлана олмадим

Аввалроқ биометрик паспорти бўлмаган абитуриентларнинг ҳужжати ўқишга қабул қилинмайди, деган гап-сўзлар урчиган эди.

Хоразмлик Муҳаммадназар янги паспорт олиш жараёни чўзилиб кетиши оқибатида ўқишга ҳужжатларини топшириши ҳам қийин кечганини айтади.

-Ўзбекистон Давлат Санъат институтига ҳужжатларни июнь ойида топширишим керак эди. Биометрик паспорт бўлмаса, олишмас экан деган гап-сўзларни эшитиб, бира тўла янги паспорт билан ҳужжатларни топшира қолай дедим. Янги паспорт учун документ топширдим. Чўзилиб кетди. Зўрға ҳужжат қабул қилинишининг охирги куни Тошкентга бориб топширдим. Бу билан оввора бўлиб, имтихонларга ҳам тайёрлана олмадим. Кейин билсам, эски паспорт билан ҳам ҳужжат қабул қилаверар экан. Билишимча, паспорт столларида одамлар кўпайиб кетганидан кейин абитуриентларга эски паспорт ҳам бўлаверади, деб айтишган. Шунақа овворагарчиликларни кимга кераги бор экан-а, - дейди ўқишга кириш учун имтихон натижаларини кутаётган Муҳаммадназар.

Паспорт столидагилар паспорт олиш учун мурожаатлар кўпайиб кетгани сабаб паспорт тайёрлаш жараёни чўзилиб кетаётганини айтишади.

Ўзбекистондан чиқа олмаяпман

Бухоролик Муроджон АҚШда компьютер соҳаси мутахассиси бўлиб ишлайди. Май ойини охирида бир ой таътил олиб Ўзбекистонга келди.

- Келганим захоти янги паспорт учун ҳужжатларни топширдим. Бир вақтни ўзида чиқиш визага ҳам анкетани бериб қўйдим. Биласизми, янги паспорт олиш учун бир ярим ой сарсон бўлдим. Қачон борсам “ҳали тайёр эмас, кейинги ҳафта келинг”, деган гапни эшитасиз. Июль ойини оҳирида, ниҳоят тайёр бўлди. Энди чиқиш визани кутяпман. Ҳали АҚШ элчихонасини визасини ҳам олишим керак. Қайтадиган билетим куйиб кетди. Бир ойга деб таътил олган эдим, бу боришда АҚШдаги иш жойимдан ҳам айрилсам керак, чунки келганимга икки ойдан ошиб кетди, ҳали ҳам чиқа олмаяпман, - дейди Муроджон.

Ўзбекистонда 2015 йилнинг декабр ойига қадар тўлиқ биометрик паспортга ўтилиши айтилади.

Чет давлатларда яшаётган миллионлаб ўзбекистонликларни ҳам ҳозир эски паспортни янгисига қандай алмаштириш масаласи ўйлантирмоқда.

Мухтарам Озодлик мухлислари. Ўзбекистонда янги паспорт олиш жараёни билан боғлиқ бошдан кечирганларингизни биз билан ўртоқлашинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни Ozodskype ëки ErkinMikrofon деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG