Линклар

Ўзбекистон жаҳондаги автомобил ишлаб чиқарувчи 28 давлатнинг бири бўлатуриб, ўзбекистонликлар автомобил сотиб олишда қийинчиликларга дуч келмоқда. Автосалонларда янги машина олмоқчи бўлган ҳаридорлар шартнома имзолаш учун ойлаб, баъзида йиллаб навбат кутиб қолишяпти. Нимага бундайлигини эса ҳеч билмайди.



Ўзбекистонлик машина сотиб олишда қийинчиликларга учраётгани сабабини таҳлил қилган Uzmetronom.com Интернет нашрига кўра, Ўзбекистонда маҳаллий автомобиллар сотувининг схемаси мавжуд ва бу махсус гуруҳларнинг кескин назорати остидадир.

Бу валюта алмаштириш шохобчаларида яқин-яқинларгача мавжуд бўлиб келган схемага жуда ўхшаб кетади.

Бу схеманинг асосий таркибий қисмини навбатни назорат қилувчи махсус одамлар ташкил қилади.

Uzmetronomнинг ёзишича, бундай махсус қўйилган одамлар Ўзбекистонда автосалон эшиги олдида янги машина шартномаси учун навбат кутиб турган оломоннинг етмиш фоизини ташкил этиши мумкин.

Уларнинг вазифаси, янги машина харид қилиш учун мавжуд барча шартномаларни қўлга киритиб, потенциал машина харидорларининг салон эшигидан ўтиб кетиши, янги машина шартномасини имзолашига йўл қўймаслик.

Бу Ўзбекистондаги валюта алмаштириш шохобчалари олдида тасодифий шахсларни кассага йўлатмаслик учун қўйилган махсус аёллар гуруҳини эслатади.

Автосалонларда машина сотиб олиш тартиби шундай йўлга қўйилганки, у ердан истаган шахс кўнглига ёққан машинани шу ернинг ўзида сотиб олиб кетиши мумкин эмас.

Машина харид қилиш учун ҳаридор аввало салон билан шартнома тузади. Бунга эса узоқ навбатга туриш орқали эришилади. Навбати келган харидор шартномани имзолаб, машина нархининг 85 фоизини олдидан тўлаганидан кейин ҳам, камида бир йил кутишига тўғри келади.

Uzmetronomнинг ёзишича, янги машина шартномалари бир йил кутиб ўтиришни истамаганларга яхшигина нархга пулланиши мумкин.

Масалан, Nexia машинасига тузилган шартнома нархи 2-2,5 минг АҚШ доллари атрофида бўлади.

Халқ орасида “шапка” деб аталадиган бу пулни тўлаб харидор навбатдагилар рўйҳатининг юқори поғонасига чиқади ва машинани бир неча ҳафтада олиш имконига эга бўлади.

Шапкадан тушган фойдани шу схема устида турганлар олади. Навбатда турган махсус одамларга ҳар бир шартнома учун ўртача 100 АҚШ доллари миқдорида ҳақ белгиланган.

Машина оламан деб шартномага навбатда турган одамларнинг яна бир тофиаси яратилган сунъий дефицитдан фойдаланиб, ўзларича фойда қиламан деганлар ташкил қилади. Навбатда турганларнинг жуда оз қисми чиндан ҳам машинага мухтож одамлардир.

Бироқ уларнинг машина шартномасига навбати етиши жуда қийин. Янги рўйҳатга ёзилиш ҳақида хабар тарқалиши билан автосалонлар олдини навбат деб атаб бўлмайдиган катта оломон эгаллаб олади. Уларнинг аксар кўпчилиги, Uzmetronomга кўра, махсус одамлардир.

Аммо, Тошкентдаги ўз исмини айтмаган автосалон ходимларидан бири Ўзбекистонда маҳаллий автомобиллар сотувининг бундай схемаси мавжудлигини рад этди.

- Бунақа схема бўлиши умуман мумкин эмас. Чунки, шартномага навбати келган одам уни иккинчи одамга сота олмайди. Бу имконсиз. Навбатга ёзилганидан бошлаб то машина шартномасини имзолаб, 85 фоизини тўлагунга қадар у ерда шу одамни исми қайд этилади. “Узавтопром”га пулни тўлайди ва бир йилдан сўнг шу одамнинг номига машина келади. Уни бошқа одамнинг номига сотиш ҳуқуқи ҳам йўқ. Агар ҳаридор машина тайёр бўлганидан сўнг қолган 15 фоизини тўлай олмаса ҳам, бошқа одамнинг номига ўтказиб билмайди, машина заводга қайтариб юборилади. Машинани олганидан кейин бир ярим йил ичида уни сотиб ҳам билмайди. Олдин олиб-сотарчилик кўпайиб кетгани учун яқиндан шундай тартиб йўлга қўйилди,- деди ўз исмини айтмаслик шарти билан Озодлик радиосига гапирган Тошкентдаги Автосалон ходими.

Янги машина оламан деб, йиллардан буён навбат кутиб юрган хоразмлик Илхом ака Ўзбекистонда машина савдосини манфаатдор гуруҳлар назорат қилади, деган ишончда.

- Бизда машинага талаб катта, лекин шуни сунъий етишмовчилик қилиб қўйишган. Агар талаб катта бўлса нархинни кўтариш, ўтмаётган бўлса тушириш мумкин. Бизда эса сунъий дефицит қилиб қўйишибди. Менимча фойда кўриш учун шундай сунъий дефицитни атайлаб яратиб қўйишган,- дейди Илхом ака.

ЎзДЭУавто ёпиқ турдаги ҳиссадорлик жамияти базасида 2008 йилда ташкил этилган GM Uzbekistan қўшма корхонаси йилига 250 минг автомобил ишлаб чиқаради. Ҳозирги кунда корхона енгил машиналарнинг саккиз турини ишлаб чиқаради.

Ҳозир заводда Chevrolet Captiva, Epica, Spark ва Malibu машиналарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Ўзбекистонда четда ишлаб чиқариладиган бошқа русумдаги машиналарни олиб киритилиши учун йирик миқдорда бож тўловлари жорий этилган.

GM Uzbekistan монополияса мамлакатдаги маҳаллий ҳаридорларга четдан бошқача машина олиш танловини қолдирмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG