Линклар

АҚШ Исроил ҳукуматининг тинчлик музокаралари бошланиши олдидан Фаластин ҳудудида тутаржой қуриш ишларини давом эттиришга қарор қилганидан “жиддий хавотирда” эканини билдирди.

Давлат департаменти матбуот котиби Жен Псаки ушбу вазиятни душанба куни Вашингтондан туриб изоҳлар экан, “биз тураржой қуришни давом эттиришга қаратилган ҳаракатларнинг қонунийлигини тан олмаймиз” дея таъкидлади.

АҚШ ҳукуматининг бу баёноти Исроилнинг якшанба куни Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида ҳамда Шарқий Қуддусда мингдан ортиқ янги уй қуриш лойиҳасини маъқуллаши ортидан эълон қилинди.

Исроил ва Фалстин ўртасидаги тўхтаб қолган тинчлик музокаралари Қўшма штатлар воситачилигида чоршанба куни Қуддусда қайта бошланиши режалаштирилган.

Янги музокаралар тўққиз ойдан сўнг икки томонлама келишув билан якунланиши кутилмоқда. Бироқ Вашингтон Исроилнинг тураржой қуришни давом эттириш қарори мазкур жараённи секинлаштириши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Исроил ва Фаластин ўртасидаги тинчлик музокаралари 2010 йили Исроилнинг Фаластиндаги эгаллаб олинган ҳудудда янги уй-жойлар қуришни давом эттириши туфайли тўхтаб қолган эди.
XS
SM
MD
LG