Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:12

Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси ёпиқ қолмоқда


Чегара уч кундан бери ёпиқ қолаётгани ва қочон очилиши ноаниқ бўлишига қарамасдан “Дўстлик” олдида чегара очилишини кутиб турганлар сони озаяётгани йўқ.
Чегара уч кундан бери ёпиқ қолаётгани ва қочон очилиши ноаниқ бўлишига қарамасдан “Дўстлик” олдида чегара очилишини кутиб турганлар сони озаяётгани йўқ.

Ўзбекистон 9 август куни ёпиб қўйган "Дўстлик" чегара ўтиш пункти қачон очилиши аниқ эмас. Ўзбекистон ҳеч бир огоҳлантирувсиз чегарани ёпиб қўйгани боис, қариндош ва яқинлари ҳолидан хабар олиш истагида бўлган икки мамлакат фуқаролари уч кундирки чегаранинг очилишини кутиб туришибди. Қирғизистон расмийлари чегара икки кундан кейин очилишини айтмоқда. Лекин баъзи хабарларга кўра, чегара ўтиш пункти Ўзбекистон мустақиллик куни ўтиб олгунга қадар ёпиқ қолиши мумкин.


"Ўзбекистон чегарани сентябргача очмас экан", деган гап-сўзларга қарамасдан қўшни чегара ортидаги яқинлари ҳолидан хабар олиш ниятида "Дўстлик" пунктига келганларнинг сони озайгани йўқ.

13 август куни CA-News агентлиги Қирғизистон Бош вазирининг чегара масалари бўйича ўринбосари Тўқун Мамитовнинг "чегара икки кундан кейин очилади" деган сўзларидан иқтибос келтирди.

Қирғизистон расмийси Ўзбекистон томони чегарани тегишли огоҳлантирувсиз ёпиб қўйганини тасдиқлаган ҳолда, мазкур чора Ўзбекистон расмийлари томонидан Рамазон Ҳайити нишонланаётган пйтда чегарадош Андижон вилоятида хавфсизликни таъминлаш мақсадида кўрилганини маълум қилди.

CA-News Тўқун Мамитовнинг “яна бир сабаби – Жалолобод вилоятининг Ақси туманидаги чегара қисмида Ўзбекистон чегарачилари билан Қирғизистон чегарачилари ўртасида чиққан можаро сабаб бўлган”, деган сўзларидан ҳам иқтибос келтирди.



Қирғиз расмийси "Дўстлик" чегара пункти икки кундан кейин очилади, деятёган бўлса-да, Ўзбекистон томони чегара ёпилиши сабабларини изоҳлагани ва ўтказиш пункти қачон очилиши ҳақида расман билдирганича йўқ.

Ўзбекистон, одатда, ҳар йили мамлакат мустақиллиги куни нишонланадиган 1 сентябрдан бир неча кун аввал мамлакат чегараларини ёпиб қўяди. Бу йил бу чора ҳар йилгидан эртароқ кўрилди. Баъзи хабарларга кўра, чегара мустақиллик байрами ўтиб олгунча ёпиқ қолиши мумкин.

Лекин шунга қарамасдан, Ўш ва Андижон вилоятлари ўртасидаги “Дўстлик” назорат-ўтказиш пункти олдида чегара очилишини кутиб турганлар сони озаяётгани йўқ.

Озодлик мухбири 12 август куни “Дўстлик” пунктига бориб, у ердаги вазиятни ўрганди.

Чегаранинг Қирғизистон томонида душанба куни 50дан ошиқ одам бор эди. Кўпчилиги аёллар. Ёшлари 60-70дан ошган қарияларни ҳам учратиш мумкин.

Хонобод шаҳридан Ўшга келин бўлиб тушган Назира исмли ўрта ёшлардаги аёл чақирув телеграммаси йўқлиги боис отасининг таъзиясига бора олмай, йиғлаб турибди:

- Дадам қазо қилган. Таъзиясига бора олмай, шу ерда турибман. Хонободдан Қирғизстонга келин бўлиб тушганман,- дейди Назира.

Унинг ёнида, ёш бола кўтарган бошқа бир аёл ҳам йиғлаб турибди. Қўлидаги болакайнинг хаста эканлигини сезиш қийин эмас:

- Болам саратон касали билан оғрийди,- деган бу аёл йиғлаб гапини давом эттира олмади. Шу пайт унинг ёнида турган келин сўзга аралашди:

- Исми-шарифим Нафиса Абдимажидова. Шу кичгина боланинг қариндоши бўламан. Бола ҳозир уч ёшда. Исми Муҳаммадамин. Тошкентда опперация бўлган. Бир кўзи протез. Уч ойда бир Тошкентга бориб, кимёвий терапиядан ўтиши керак. Учинчи текширувга олиб кетаётгандик. Ўта олмаяпмиз. 10 август куни шифокор назоратидан ўтиш керак эди. Вақтида текширилмаса, касали ҳуруж олиб кетади. Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманига қарашли Комсомол қишлоғидан бўламиз. Уч кундан бери шу ерда турибмиз,- дейди Нафиса опа.

"Дўстлик" чегара бекати икки давлатни бир бирига боғлаган энг катта ўтказиш пункти ҳисобланади. Қўшни мамлакатлардаги яқинларини кўргани, бозор-ўчар қилгани ва бошқа юмушлар билан қатнайдиган ўзбекистонлик ва қирғизистонликлар асосан шу ердан ўтишади.

Қирғизстондаги "Достук" ўтказиш пунктининг бошлиғи, майор Алмазбек Тойчиев ўзбекистонлик ҳамкасбларидан мана бундай изоҳ олганини айтади:

- Ўзбекистон тараф мустақиллик байрами муносабати билан чегарадан ўтказишда номаълум вақтгача чекловлар киргизганини айтди. Ҳозирда “Дўстликдан” махсус чақирув телеграммаси бор кишилар ва у ёки бу давлатдан бошқа бир чет элга самолетта учиши керак бўлган одамларгина ўтяпти. Чегара пункти ёпилгунига қадар қўшни мамлакатга ўтган фуқароларга хам ўз мамлакатига қайтишга рухсат берилмоқда. Бундан ташқари Ўзбекистон ва Қирғизстондан бошқа МДҲ мамлакатлари фуқаролари ҳам чекловларсиз ўтказиляпти, дейди қирғиз чегарачиси.

Алмазбек Тойчиев чегара ёпилгани тўғрисида қирғиз матбуотида аҳолига хабар берилаётганини ҳам қўшимча қилди.

Айни пайтда ўзбек матбуотида бундай огоҳлантирувлар берилмаётгани боис, чегаранинг Ўзбекистон томонида ҳам ўнлаб одам тўпланиб қолганини кўриш мумкин.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси байрамлардан ташқари бошқа сабабларга кўра ҳам тез-тез ёпилиб туради. Хусусан, чегараолди ҳудудларда рўй бериб турадиган можаролар бунга мисол бўла олади.

Шу йилнинг 5-7 январ кунлари Ўзбекистоннинг Сўх эксклави аҳли билан Қирғизистон чегарачилари ўртасида чиққан можаро боис икки мамлакат чегараси қарийб бир ой давомида ёпиқ қолди.

Шу кунларда ҳам, Сўх эксклави аҳолиси Ўзбекистоннинг асосий қисмига ўтиш учун айланма йўл билан ўтишга мажбур бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG