Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:26

Ўзбекистон ун импорти учун акциз солиғини 4 фоизга камайтирди


Бундан буён Ўзбекистонга четдан келтирилаётган уннинг божхона қиймати бўйича 15 фоиз эмас, 11 фоиз миқдорида акциз солиғи олинади. Ўзбекистонлик харидорлар ун импортига акциз солиғи камайтирилиши ортидан сифатли қозоқ унининг нархи тушишига умид қилмоқда.


Шу пайтгача ўзбек божхоначилари ун импорти учун 15 фоиз миқдорида акциз солиғи ундираётгани четдан келтириладиган ун нархи ошишига сабаб бўлган эди.

Ўзбекистон президентининг бу борадаги 5 август кунги қарори мамлакатга буғдой унини олиб киришни тартибга солиш ҳамда маҳаллий нон ва кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун енгиллик яратиш ҳамда улар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар ҳилма-ҳиллигини кенгайтириш мақсадида қабул қилингани айтилади.

Ўзбекистонга ун экспорт қилувчи йирик давлат саналган Қозоғистон ўтган ой ўз маҳсулотларига камситувчи акцизлар жорий қилган мамлакатларга нисбатан “жавоб чоралар”и кўриши ҳақида огоҳлантирган эди.

Қозоғистоннинг Донни қайта ишловчилар ва новвойлар иттифоқи раҳбари Евгений Ган ўшанда бундай чоралар биринчи навбатда Ўзбекистон ва Туркманистонга нисбатан жорий қилиниши мумкинлигини айтган эди.

Евгений Ган Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон ун импортига акциз солиқларини тўрт фоизга туширганини олқишлади.

Лекин, жаноб Ган фикрича, 11 фоизлик акциз солиғи ҳам қозоғистонлик экспортёрлар учун оғирлик қилади.

- Ўзбекистон тарафидан кўрилган бу чора ҳали чала, лекин менимча, бу икки мамлакат ўртасида савдо тўсиқларини аста-секин бартараф этиш йўлида қилинган биринчи қадам,- деди Қозоғистоннинг Донни қайта ишловчилар ва новвойлар иттифоқи раҳбари.

2012 йилда Ўзбекистон ўз бозорини изчил ҳимоялаш сиёсатини юритиб, ун импортига 15 фоиз акциз солиғи жорий қилган ва бунинг оқибатида Ўзбекистонга қозоқ уни экспорти қарийб 40 фоизга тушиб кетган эди.

Шу кунларда бир қоп қозоқ унининг Ўзбекистон бозорларидаги нархи 80 минг сўмдан ошади ва маҳаллий ундан 20-25 фоиз қимматроқдир. Шунга қарамай ўзбекистонлик харидорлар сифатли қозоқ унини афзал кўришади.

Қозоғистоннинг Донни қайта ишловчилар ва новвойлар иттифоқи раҳбари Евгений Ган фикрича, Ўзбекистон ҳукумати ўз харидорларига танлов имконини бериши керак.

- Ўзбекистоннинг ун импортини камайтириб, шу маҳсулотни ўзида ишлаб чиқариш қувватини оширишга уринаётгани иқтисодий жиҳатдан мантиққа тўғри келади. Лекин, менинг назаримда буни ун импортига чекловлар жорий қилиш йўли билан эмас, балки шу махсулот рақобатбардошлигини таъминлаш билан эришиш мумкин. Харидорга танлов имкони берилиши керак,- дейди Қозоғистоннинг Донни қайта ишловчилар ва новвойлар иттифоқи раҳбари Евгений Ган.

Қозоғистон Ўзбекистонга 2012 йилда 1 миллион 216 минг тонна ғалла сотган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 709 минг тоннани ташкил қилган.
Евгений Ганнинг айтишича, дастлаб Ўзбекистон Қозоғистон унига 10 фоизлик, кейинроқ 15 фоизлик акциз солиғини жорий қилгани экспорт ҳажми камайишига сабаб бўлган.

- Қозоғистон ўтган йили чет давлатларга 2,2 миллион тонна ун экспорт қилган. Шуни 70 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади.Бу йил Ўзбекистонга ун экспорти ҳажми 42 фоизга камайди. Буни оқибатида кўплаб ширкатларимиз касодга юз тутди, кўплаб тегирмончилик корхоналари тўхтаб қолди,- дейди Ган.

Ўзбекистон Қозоғистондан ташқари МДҲнинг бошқа давлатлари - Россия ва Украинадан ҳам ун сотиб олади.

Ўзбекистонга четдан келтириладиган ун миқдори йилига 1 ярим миллион тоннани ташкил этади.
XS
SM
MD
LG