Линклар

13 август куни Жиззах вилояти Ғаллаорол туман жиноят ишлари бўйича маҳкамасида, “товламачилик” ва “фирибгарлик”да айбланаётган 75 ёшли фаол Набижон (Тўрабой) Жўрабоев устидан ўтказилган навбатдаги суд маҳкамасида яна бир даъвогар аввал берган кўрсатмаларининг бир қисмидан воз кечди. Олдинги суд мажлисида бошқа уч даъвогар шахс ҳам кўрсатмаларидан воз кечган эди.



Сешанба кунги маҳкамада Набижон Жўрабоевга қарши даъвогарлардан бири - “Ғаллаоролтумангаз” идораси ходими Мирзааҳмад Нурматов “Жўрабоевнинг товламачилиги натижасида унинг хонадонига 650 минг сўмлик газ плитаси ўрнатиб бергани” ҳақидаги даъвосидан воз кечди.

Бу ҳақда маҳкамада қатнашган Жўрабоевнинг рафиқаси Феруза Маматова Озодликка маълум қилди.

Айблов хулосасида “Ғаллаоролтумангаз” ишчиси Мирзааҳмад Нурматов Жўрабоев уни қўрқитиб, товламачилик йўли билан ўз хонадонига 150 минг сўмлик газ ҳисоблаш ускунаси, 600 минг сўмлик газ тақсимлаш шкафи, 650 минг сўмлик газ плитаси ва 1 миллион сўмлик пропан газ балони жами 2 миллион 400 минг сўмлик ускунани ўрнаттирганини” ҳақида кўрсатма берган.

Феруза Маматованинг айтишича, Мирзааҳмад Нурматов маҳкамадаги кўрсатмаси пайти ушбу даъволарнинг маълум қисмидан воз кечишини айтган.

- Нурматов Мирзааҳмад ҳеч қандай исботлаб бера олмади. Наби ака “Қачон менинг уйимга газ олиб келгансан? Қачон газ плита олиб келиб бергансан?” деди. “Ҳеч қачон бермаганман” деди у киши. “ГРП 600 минг турадими?” деди. Йўқ, ҳеч нарсани билмайди. Туҳматдан ëзиб берган экан. Қачон олиб бориб бердинг, ким билан олиб бориб бердинг, деса, эслолмайман деди. “Мен газ плита ҳам бермаганман у кишига” деди. Наби ака “Қачон менинг уйимга газ плита олиб бориб бердинг? Қачон ўрнатиб бердинг? Нима учун туҳмат қилаяпсан? Туҳмат қилганинг учун прокурор жазо берсин. Мен ариза ëзиб бераман туҳмат қилганинг учун” деди.

Озодлик: Демак, судда Нурматов Мирзааҳмад Набижон аканинг уйига 650 минг сўмлик газ плитаси ўрнатиб бермаганман, дедими?

- Ҳа, шундай деди. “Ҳеч қачон у кишига газ плита олиб бориб бермаганман” деди. Даъволаридан воз кечди,- дейди Феруза Маматова.

Айблов хулосасида ёзилишича, Набижон Жўрабоевга қарши жами ўндан ортиқ шахс жабланувчи сифатида даъво аризаси берган.

Сешанба кунги маҳкамада ушбу даъвогарлардан яна бири - "Саъд Ибн Абу Ваққос” зиёратгоҳи ҳисобчиси Аброр Қувондиқовнинг ҳам кўрсатмаси тингланган.

Айблов хулосасига кўра, “Аброр Қувондиқов зиёратгоҳда ошпаз бўлиб ишловчи Сайёра исмли аёлнинг номусига теккани ҳақида Жўрабоев хабар топгач, Аброр ва Сайёра билан суҳбатлашиб, уларнинг сўзларини диктофонга ёзиб олган”.

Аброр Қувондиқов суддаги кўрсатмасида Набижон Жўрабоев диктофондаги ёзувларни рўкач қилиб, уни қўрқитиб, пул талаб қилгани ҳақида гапирган.

- Булар шу бир иш бўлиб қолган. Аброр қизга тегиниб қўйган. Шунда Набижон ака бориб “Зиëратгоҳда бундай иш қилишга қандай ҳаддинг сиғди” деб Абрордан диктофонга запис қилиб олган. Қизнинг гапини ҳам диктофонга ëзиб олган. Фақат шу айби ҳозир. Шуни диктофгонга ëзиб олиб, мени қўрқитди, бозор қилиб, кел, деб айтди, деб Аброр шундай деяпти. Ҳеч кимга ҳеч нарса демайман, менга бозор қилиб келиб бер деб ëзиб берган Аброр. Наби ака у менга ҳеч қандай бозор қилиб келгани йўқ деди судда,- дейди Феруза Маматова.

Шунингдек, сешанба кунги маҳкамада Ғаллаорол туман “Марказий Дехқон бозори” ҳудудида жойлашган “Тимур”, “Диёр – Аббос” номли спиртли ичимликлар билан савдо қилувчи дўкон раҳбарлари Алишер Бозорбоев билан Рустам Пирназаровларнинг ҳам кўрсатмалари тингланган.

Маматовага кўра, Набижон Жўрабоев ушбу даъвогарларнинг унга пул бергани ҳақидаги кўрсатмаларини туҳмат дея баҳолаб, тан олмаслигини гапирган.

Ғаллаорол туман жиноят ишлари бўйича судида Набижон Жўрабоев устидан маҳкама 5 август куни бошланди.

Суднинг биринчи кунида Жўрабоевга қарши даъво аризаси берганлардан уч киши Сувон Ҳакимов, Абдумалик Жомонбоев, Абдуқаҳҳор Ҳожимуродовлар Жўрабоев товламачилик йўли билан уларнинг ҳар биридан 25 минг сўмдан пул ундиргани ҳақидаги даъволаридан воз кечгани хабар қилинган эди.

Озодлик тингловчилари орасида Набижон Жўрабоев исми билан танилган, асл исми эса Тўрабой Жўрабоев бўлган 75 ёшли фаол шу йилнинг 31 майидан буён ҳибсда сақланмоқда.

Набижон Жўрабоев билан боғлиқ маҳкамани кузатаётган “Ўтюраклар клуби” Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти раиси Мўътабар Тожибоевага кўра, Набижон Жўрабоевнинг ҳибсга олиниши Саид ибн Абу Ваққос номли зиëратгоҳнинг бошқарувчиси Жуманов Абдумуталнинг номаълум шахслар томонидан ўлдирилиб кетилгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Набижон Жўрабоев Озодликнинг мамлакат ичидаги юзлаб фаол суҳбатдошларидан бири бўлиб, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани ва қўшни туманларда содир бўлаётган воқеалар ҳақида ўз муносабатини билдириб келаётган тингловчилардан биридир.

Жумладан, у ўтган йилнинг баҳорида селдан жабр кўрган ғаллаоролликларга ҳукумат томонидан ваъда қилинган ёрдам деярли берилмагани ҳақида, Жиззахда сирли эпидемияга чалинган минглаб қўй ўлгани ҳақида ва шу каби қатор долзарб мавзуларда Озодликка хабар берган эди.

Набижон Жўрабоевнинг асл касби ўқитувчи. У киши 10 йиллар муқаддам асл туғилган жойи бўлган Ғаллаорол туманига Тошкент шаҳридан кўчиб борган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG