Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:01

Санкт Петербургни "қароқчи"-мелисалар босди


Россия полиция ходимларининг “ноқонуний муҳожирларни аниқлаш” баҳонасида ўғирликка қўл ураётгани одатий ҳолга айланиб бормоқда.
Россия полиция ходимларининг “ноқонуний муҳожирларни аниқлаш” баҳонасида ўғирликка қўл ураётгани одатий ҳолга айланиб бормоқда.

Россия полицияси ноқонуний муҳожирларни аниқлаш бўйича олиб бораётган рейдлар мамлакатнинг барча минтақаларига ёйилди. “Зачисткалар” пайтида қонун ҳимоячилари майда ўғирлик ва талон-тарожликка қўл ураётгани ҳақида хабар қилинмоқда.


“Зачисткалар” пайтида муҳожирлар чўнтаклари ҳам тозаланаяпти

Айни пайтда, Россия шаҳарларини “ноқонуний муҳожирлардан тозалаш” тадбирлари айрим "қўли эгри" полиция ва ФМС ходимларига қўшимча даромад топиш манбайига айланиб қолди.

Санкт Петербургнинг Салов кўчасидаги бозор, Сенная майдони, шаҳар метро бекатлари ёнларидаги бозорчалар, қатор қурилиш объектларидаги текширувларга полиция ОМОН жангчилари, ДАН ходимлари, махсус ўргатилган итлар ва ҳатто вертолётларни жалб қилди. Биргина Калинин сабзавот омборида ушланган 500 нафар муҳожирдан 300 нафари миграция қоидаларини бузган, деб топилди.

13 август куни эрталабки 6:30 ларда Адмиралтейский туманида полиция ва ОМОН олиб борган “зачистка” пайтида ўзбек-тожик муҳожирлари ижарага олган ётоқхоналар ҳам “тозаланди”.

Бу ҳақда Озодликка гапириб берган самарқандлик Покиза исмли аёллардан бири ОМОНчилар назоратида уларнинг мол-мулки бир нечта машинада олиб чиқиб кетилди, дейди.

- 100-200 киши ҳамма подъездлардан йиғди ва юзини деворга қаратиб қўйиб, ҳамма жойни талон-тарож қилиб ташлади. Нарсаларини синдириб ташлади, мусорга отди. Компьютер борми, тилласи борми, пули борми – ҳамма нарсани ўғирлаган! Одамларнинг фотоаппаратлари, камералари, ноутбукларини олиб кетган. Уйларимизни дабдаласини чиқариб ташлаган! Бизни кўчага чиқариб, ўзлари кошелекларимизни битталаб ахтариб ҳамма нарсаларимизни олиб кетди. Одамларга ҳатто кийинишга рухсат бермасдан олиб чиққан эди,- дейди Покиза.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:31 0:00
Бевосита линк


Покиза полиция ходимлари муҳожирларнинг арзимас буюмлари, кийимларигача олиб чиқиб 3та енгил машинада ташиб кетгани, ва бу машиналар номерлари ҳам маълум эканини айтди.

Муҳожирлар мол-мулкини ташишда А653АО рақамли жигарранг “Хонда”, Х662СН рақамли оқ “Хонда” ва Т518ВВ рақамли “Жип” машиналари ишлатилганини эслаб қолган.

Покиза ҳозирда Россиянинг “маданий пойтахти” саналмиш Санкт Петербургда олиб ўтказилган рейдларда полициянинг ҳатти-ҳаракатлари устидан маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари сабабсиз аризаларни қабул қилишдан бош тортаётганини маълум қилди.

Санкт Петербургда муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган Бек исмли ўзбек йигити муҳожирлар шаҳарда мутлақо ҳуқуқсиз қатламга айланиб қолганини айтади.

- Кеча Колимяевский бозорида ҳаммаси разрешение олган болаларни тутиб кетишди. Уларни суд қилиб Россиядан чиқиб кетасан деяпти. Улар маъмурий жавобгарликка ҳам тортилмаган. Оғзаки буйруқ беряпти ”3 кунда чиқиб кетасан”, деяпти. На прокуратура, на УВД буларнинг аризасини қабул қиляпти. “Нелегал-13” амалиёти бошланганидан кейин полиция ҳақиқий қароқчига айланиб қолди. Ўзбек жамиятлари эса ўзи билан ўзи овора,- дейди Бек Озодлик билан суҳбатда.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:41 0:00
Бевосита линк


Суҳбатдошга кўра, охирги бир-икки ҳафта давомида ҳатто ҳужжати жойида бўлган ўзбек муҳожирлари кўчага чиқишга қўрқиб қолган.

Полиция ходимларининг “ноқонуний муҳожирларни аниқлаш” баҳонасида ўғирликка қўл ураётгани одатий ҳолга айланиб бормоқда.

Шу йилнинг 26 июнида ОМОН гуруҳининг алпинист-жангчиси Евгений Данилов “Москворечье” ширкати ҳудудида ўтказилган “Ноқонуний муҳожир” рейди пайтида ишчиларга қарашли 226 минг рубл пулни ўғирлаб кетгани хабар қилинган эди.

Юқори этажда жойлашган офисдаги стол устида тахтланиб турган пачка-пачка пулларни кўрган омончи нафсини тия олмасдан, пулларни сумкасига солиб кетгани учун 10 июл куни ишдан бўшатилди ва негадир “интизомий жавобгарликка” тортилди холос.

Мигрантларга қарши амалиётлар кўлами кенгаймоқда

Россия Ички ишлар вазирлиги қўшинлари ва Федерал миграция хизмати ходимлари уюштираётган “тозалаш” амалиётлари кўлами кенгайиб бормоқда.

Асосан бозор ва қурилиш объектларида ўтказилаётган “зачисткалар” Россиянинг деярли барча минтақаларида кузатилаётгани хабар қилинмоқда.

Сўнгги бир неча кун ичида Краснодар ўлкасининг Северний туманида қарийб 600 хитойлик муҳожир қўлга олинди ва Россиядан бадарға қилинди. Тюмен шаҳридаги бозор ва қурилиш иншоотларида олиб борилган амалиёт давомида ҳибс этилган 800дан зиёд мигрант маҳаллий полиция бўлимларига олиб келинган ва текширувдан ўтказилган.

Вилоят полиция бошқармасида улардан 60 киши миграция қонунчилигини бузганликда айбдор деб топилиб, депортация қилинди. Волгоградда теплицада ишлаётган 100 нафар Хитой фуқароси ҳибсга олинди; Перм шаҳридаги рейдда 400 зиёд муҳожир ушланди: улардан бир нечтаси маъмурий жавобгарликка тортилди; Камчаткада ўтган шанба-якшанба кунлари 60 яқин муҳожир полиция бўлимига олиб келинган.

Шунингдек, "зачисткалар" Удмуртия, Петропавловск, Петербург, Ростов, Калининград, Екатеринбург, Нижний Новгород ва бошқа деярли барча йирик шаҳарларда олиб борилгани маълум.

Россия Ички ишлар вазирлиги расмий хабарига кўра, қўлга олинган ва депортация қилинаётган муҳожирларнинг аксари Ўзбекистон фуқароларидир.

Жорий йилнинг 9 августидан Москва ва вилояти, Санкт Петербург шаҳри ва Ленинград вилоятида миграция қонунчилигини бузган меҳмонларга нисбатан жарималар ошди. Федерал Миграция хизмати тарқатган маълумотга кўра, кириш, яшаш ва миграция қайди қоидаларини бузганлар 7 минг рубл жарима ва депортация кутмоқда. Бошқа минтақаларда айни ҳуқуқбузарлик 5 минг рубллик жарима билан кифояланади.
XS
SM
MD
LG