Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 06:15

Норвегия бош вазири халқ орасига кириш учун таксичилик қилди


Норвегия Бош вазири Йенс Столтенберг Халифа Хорун ар-Рашид каби хал орасига кириш учун таксичилик қилди.
Норвегия Бош вазири Йенс Столтенберг Халифа Хорун ар-Рашид каби хал орасига кириш учун таксичилик қилди.

Норвегия бош вазири Йенс Столтенберг ўз ҳукумати ҳақида халқ нима дейишини билиш учун июн ойида яширин ҳолда бир кун таксичилик қилди.



Душанба куни Ослода ўтказилган матбуот анжуманида Норвегия Бош вазири Йенс Столтенберг сентябр ойида бўлажак сайлов олдидан оддий халқ фикрини билаш учун такси рулига ўтирганини гапириб берди.

- Одамлар фикрини уларни ўзларидан эшитиш мен учун муҳим эди,- деди Норвегия бош вазири журналистларга.

Мижозлар таниб қолмасликлари учун Норвегия ҳукумати бошлиғи таксичилар кийимини кийиб, кўзига қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак ҳам тақиб олди.

Шунга қарамай, йўловчилар такси рулида ўтирган бош вазирни тезда таниб олишди.



Мижозлардан бири “Сиз Столтенбергга жуда ўхшар экансиз, қани менга қарангчи, ҳа, бош вазир", деб гапни бошлайди.

Бошқа бир йўловчи эса, Столтенбергга "Ҳукуматдан кетдингизми", дея гапиради.

Йенс Столтенберг бошқарган такси салонидаги суҳбатлар яширин камерага ёзиб олинди ва кейин бош вазирнинг Facebook саҳифасига жойланди.

Бир кун ўтиб уни 300 минг одам томоша қилди. 9 минг одам видео остига like белгисини қўйди.

Бош вазир суҳбатларнинг аксари сиёсат ҳақида бўлганини айтди.

- Доим машинанинг орқа ўриндиғида ўтирсам-да Ослода қаерга қандай боришни яхши биламан,- дейди Йенс Столтенберг.

Сўнгги саккиз йил давомида машина рулига биринчи марта ўтирган Столтенберг ўз мижозларидан йўлкира ҳақи олмаган.

Норвегияда яшовчи педагог олим Абдулла Абдураззоқов бош вазир Столтенбергнинг бу амалини қадимги хонликлар даврида подшох, амирлар дарвиш кийимида халқ орасига кириб улар дардига қулоқ солгани ҳақидаги ривоятларга қиёслайди.

- Бу ерда шу халқнинг орасида юриш, ҳалиги айтгандай ривоятларда борлигидек, бу ерда амалда ҳудди ўша нарса бўляпти. Ўзбекистондаги каби "қочинг, президент келяпти, машинани ол, қоровул қўй, соқчи қўй", деган гаплар йўқ бу ерда, мамлакат бошлиғи бу ерда халқ билан бирга. Ўзбекистонда президент халқнинг хўжайини, деб билади, Норвегияда эса бош вазир халқнинг хизматкори, халққа ёқмаган куни уни алмаштириб қўйишади,- дейди Абдураззоқов.

Йенс Столтенберг саккиз йилдан буён Норвегияда бош вазир лавозимидадир.

Ўтказилган сўнгги сўров натижалари сайловга бир ой қолган бир пайтда бош вазир Столтенбергнинг Ишчи партияси мухолифатдаги Консерватив партиядан ортда қолаётганини кўрсатмоқда.

Айрим кузатувчилар бош вазирнинг такси рулига ўтиришини сайловолди кампаниясининг бир қисми демоқдалар.
XS
SM
MD
LG