Линклар

logo-print

Мисрда мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат жорий қилинди


Миср муваққат ҳукумати бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат жорий қилди.

Миср муваққат ҳукумати бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат жорий қилди.

Миср хавфсизлик кучлари Қоҳирада исломчилар уюштирган иккита намойиш лагерини куч билан тарқатиши натижасида кўплаб одам ўлдирилгани айтилмоқда. Қоҳира ва бошқа шаҳарларда юзага келган вазият боис бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат жорий қилинди.



Хавфсизлик кучлари чоршанба куни эрталаб зирҳли машиналар ва булдозерлар ёрдамда намойишчилар лагерларига бостириб кириб, кўз ёшини оқизувчи газ ва баъзи хабарларга кўра, ўқ отар қуролларни ишга солди.

Миср ҳукумати Мурсий тарафдорларининг намойиш лагерлари куч билан тарқатилиши ортидан Қоҳира ва бошқа шаҳарларда юзага келган вазият туфайли бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат жорий қилди.

Чоршанба куни телевидение орқали ўқиб эшиттирилган баёнотга кўра, фавқулодда ҳолат режими бир ой давом этади.

Миср президентлик кенгаши армияга хавфсизликни таъминлашда полиция билан ҳамкорлик қилишни буюрди.

Мсир соғлиқни салқш вазирлиги зўравонликлар оқибатида мамлакат бўйлаб 95 киши ҳалок бўлганини айтмоқда.



Мурсийнинг Мусулмонлар Биродарлиги ҳаракати ҳалок бўлганлар сони 2200 киши ва жароҳатланганлар 10 мингдан ошиқ демоқда.

Чоршанба куни расмийлар намойишчиларнинг Наҳда майдонидаги нисбатан кичикроқ лагери норозилардан тозаланганини билдирди. Айни пайтда, Рабаа ал-Адавия масжиди олдидаги намойишчилар лагерини куч билан тарқатиш амалиёти давом этаётгани айтилмоқда.

Ҳокимиятдан четлатилган президент Мурсийга доир Мусулмонлар Биродарлиги ҳаракатининг етакчиларидан биридир.

Ҳодиса жойида олиб берилаётган тўғридан-тўғри телерепортажларда Рабаа ал-Адавия масжиди олдидаги кўприкдан тутун ва кўздан ёш оқизувчи газ чиқаётганини кўриш мумкин.

Мисрнинг яна бир нечта шаҳрида норозилар билан полиция ўртасида қуролли тўқнашувлар содир бўлгани хабар қилинмоқда.

Давлат телевидениесининг хабар қилишича, 200дан ошиқ одам ҳибсга олинган. Мурсий тарафдорлари Қоҳирага бора олмасин учун бутун мамлакат бўйлаб темир йўл ҳаракати тўхтатилди.

Чоршанба куни Европа Иттифоқи барча томоноларни босиқликка чақирди.

Германия Ташқи ишлар вазири Гуидо Вестервелле Миср муваққат ҳукумати ва Мурсий тарафдорларини қарама-қаршиликлардан воз кечиб, ўзаро мулоқот ўрнатишга чақирди.

- Барча сиёсий кучларни мулоқот ва музокара қилиб, зўравонликларни авж олдиришдан тийилишга чақирамиз. Мисрда қон тўкилишининг олди олиниши керак. Барча томонларни сиёсий мулоқот доирасига қайтишга чақирамиз, деди Германия расмийси.

Британия Ташқи ишлар вазири Уильям Ҳейг Мисрдаги вазиятдан “чуқур ташвишда” эканини билдирди.

Туркия Президенти Абдуллоҳ Гул Анқарада қилган чиқишида Мисрда намойишчиларга қарши куч қўлланиши “мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолатдир”, дея таъкидлади.

Бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғон маъмурияти БМТ Хавфсизлик кенгаши ва Араб Давлатлари лигасини “зўравонликларни тўхтатиш учун дарҳол ҳаракат қилишни” талаб қилди.

Қоҳирадаги намойишлар пайтида Британиянинг Sky News телеканали оператори Мик Дин отиб ўлдирилди.
XS
SM
MD
LG