Линклар

Тожик зиёлиларини “нажас”га тенглаштирган журналист судга берилди


Журналист Олга Тутубалина

Журналист Олга Тутубалина

Тожикистондаги бешта ижодий уюшма “Азия плюс” ахборот агентлиги ва унинг бош муҳаррири ўринбосари Олга Тутубалинани судга тортди. Олга Тутубалина ўз мақолаларидан бирида тожикистонлик зиёлиларни нажасга ўхшатгани учун энди судда жавоб беришига тўғри келади.

“Азияплюс” ахборот агентлиги ва унинг журналисти Олга Тутубалинани Тожикистондаги бешта ижодий уюшма – Тожикистон ёзувчилар, рассомлар, композиторлар, архитекторлар уюшмалари ҳамда Фанлар академияси судга берди.

Даъвогарларнинг иддаосига кўра, Олга Тутубалина “Азияплюс” газетасида чоп этилган “Зиёлилар ҳақида жоҳилларча” (“Неинтеллигентно об интеллигенции”) сарлавҳали мақоласида Тожикистондаги зиёлиларни нажасга тенглаштиргани “ақлий меҳнат билан шуғулланадиган инженерлар, техниклар, ўқитувчилар, шифокорлар, фан ва санъат ходимлари, давлат хизматчиларининг касбий обрўсига путур етказади”.

Даъвогарлар аризасида айтилишича, Тутубалина муҳожиратдаги тожик шоири Бозор Собирнинг Тожикистонга қайтиши муносабати билан мақола ёзган. Журналист ўз мақоласида Владимир Лениннинг зиёлилар ҳақида айтган “Зиёлилар миллат мияси эмас, балки унинг нажаси” сўзларини иқтибос қилиб келтирар экан, “нафақат Бозор Собир, балки бугун ҳукуматга лаганбардорлик қилаётган аксарият тожик зиёлиларига ҳам Лениннинг ушбу сўзларини қўллаган бўлардим, деб ёзган.

Тожикистонлик шоир Меҳмон Бахтининг “Азияплюс” ахборот агентлигига айтишича, агар Грузия, Арманистон ёки Қозоғистонда журналист зиёлилар ҳақида шундай деган бўлганда, унинг “терисини шилиб олишарди”:

- Агар унинг бу айтганлари фақат Бозор Собир ҳақида бўлганида эди, бу зиёлилар қатламини ғазабга келтирмасди. Ваҳоланки у Лениннинг иборасини тожик зиёлиларига қаратди ва бу миллат юзига тортилган шапалоқ бўлди. Зеро зиёлилар миллатнинг юзи ҳисобланади, деди шоир Меҳмон Бахти.

Аммо журналист Олга Тутубалина тожик зиёлиларига нисбатан фикрини ўзгартирмаганини айтар экан, ҳар қандай судда ўз позициясини ҳимоя қила олишини билдирган.
XS
SM
MD
LG