Линклар

Қирғизлар Россиядан геноцид учун товон талаб қилмоқда


Қирғизистон Миллий тарих музейида сақланаётган мазкур суратда 1916 йилги қўзғолон иштирокчиларини оммавий тарзда дорга осилгани акс этган.

Қирғизистон Миллий тарих музейида сақланаётган мазкур суратда 1916 йилги қўзғолон иштирокчиларини оммавий тарзда дорга осилгани акс этган.

Қирғизистондаги бир қатор нодавлат ташкилотлари Чор Россияси томонидан бостирилган 1916 йилдаги халқ қўзғолонида ўлдирилгани айтиладиган 200 минг одамнинг қариндошларига Москва томонидан товон пули тўланишини талаб қилмоқда.

Қирғизистондаги ўндан ортиқ нодавлат ташкилотлари ва сиёсий ҳаракатлар томонидан билдирилган бундай талабнома Қирғизистон парламенти ва ҳукуматига тақдим этилган. Талабномада айтилишича, 1916 йилда Россия томонидан қирғиз халқи геноцид қилинган ва бунинг учун Россия ҳукумати жавоб бериши зарур.



"Исён эмас, қирғин бўлган"

Россиядан товон пули талаб қилаётган “Қирғизистон қурувчилар партияси” раиси Бейшенбек Абдрасаков замонавий Россия ҳукумати Чор Россияси уюштирган қирғин учун масъулиятни зиммасига олиши керак, деб ҳисоблайди.

- Бизни “бу воқеа исён бўлган”, деб тўқсон саккиз йил алдаб келишди. Аслини олганда, бу исён эмас қирғин бўлган. 1916 йилда қирғин бўлганини дадил айта олмаяпмиз. Агар қирғин деб баҳоласак Россия билан муносабатларимиз бузилиб қолишидан қўрқаяпмиз. Бизнинг ҳаракатимиз муносабатларни бузмаган ҳолда, Москва тарихий ҳақиқатни тан олишини истайди. Россия халқаро тажрибага таняган ҳолда қирғин қилинганларнинг авлодларига товон пули тўлаб бериши керак. Қирғиннинг 100 йиллиги хотирланадиган куни Россия президенти Владимир Путин Бишкекка келиб, 1916 йил воқеаларида қурбон бўлганлар хотирасига ўрнатилган ёдгорлик пойига гул қўйса, таъзим қилса яхши бўлар эди, -деди Бейшенбек Абдрасаков.

1916 йилда қирғизлар Чор Россияси зулмига қарши қўзғолон кўтараган эди. Тарихчиларга кўра, исённи бостириш жараёнида 150 - 200 минг қирғиз қириб ташланган. Қирғизистонда бу тарихий воқеа ҳақида режиссёр Дооронбек Садирбаев “Бечора халқ” деган фильмни суратга олган эди. Бироқ бу фильм қирғиз ҳукумати томонидан тақиқлаб қўйилган.

Тарихчи Бактибек Максутов 1916 йилда қирғизларнинг қирғин қилиниши Россия Давлат Думасида муҳокама қилинганини айтди:

-1916 йилнинг 15 февралида Россия империяси Давлат Думасида бу масала муҳокама қилинган ва бу ҳақда депутат Керенский ҳисобот берган. Ўз ҳисоботида Керенский оқпошшо сиёсатига қарши чиққан Марказий Осиё халқлари орасида энг кўп жабрлангани қирғизлар эканини айтган. Бу воқеани тергов қилиш мақсадида махсус комиссия ташкил қилиш таклифи киритилган, лекин бу иш амалга ошмай қолган, -деди Бактибек Максутов.

Россия "тарихий адолат тикланиши"ни истамайди

2008 йилда қирғиз парламенти август ойининг биринчи якшанбасини 1916 йилги исён қурбонларини хотирлаш куни сифатида эълон қилган. Ўшанда парламентнинг бу қарори Москва расмийлари норозилигига сабаб бўлган эди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги қирғиз парламенти 1916 йил қатағони қурбонларини хотирлаш куни тўғрисида қонун қабул қилганига қарши норозилик баёноти тарқатган.

Баёнотда 1916 йилдаги қатағон воқеасини кенг жамоатчиликка ошкор этиш ҳаракати Россия ва Қирғизистон ўртасидаги сиёсий-иқтисодий муносабатларга жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги айтилган. Шу муносабат билан Россия ТИВ қирғиз тарафига қирғин мавзусига катта эътибор қаратмасликни ва “тарихий адолатни тиклаш” уринишларини тўхтатишни тавсия этган эди.

Шундан келиб чиққан ҳолда тарих фанлари доктори Бектемир Жумабаев 1916 йил воқеасига бир томонлама баҳо берилиши ҳам тарихий, ҳам сиёсий жаҳатдан хато бўлишини айтди:

- Бу воқеада биз томонларга келиб ўтроқлашган рус деҳқонлари ҳам қирғинга учрагани ҳақида ўнлаб фактлар бор. Бу воқеада фақат қирғизлар қирилган деган иддао сиёсий мураккабликларни келтириб чиқаради. Бу масаланинг кўтарилиши Россия билан эндигина яхшиланиб бораётган муносабатларга ҳам путур етказади. Шунинг учун 1916 йил воқеасини ҳар томонлама ўрганиш керак, -деди Бектемир Жумабаев.

1916 йил:энг кўп исёнлар Фарғона водийсида бўлган

1916 йилда Марказий Осиёдаги халқлар Чор Россиясининг мардикор олиш сиёсатига қарши исён кўтарган эди. 1916 йил 25 июнда подшо Николай Иккинчи имзолаган Туркистоннинг рус бўлмаган миллатларидан мардикор олиш тўғрисидаги фармонига қарши исён ўша йилнинг 4 июлида Хўжандда бошланган эди. Мазкур фармонга қарши энг кўп исёнлар ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида бўлиб ўтгани тарихий ҳужжатларда қайд этилган.

Ҳужжатларга таянадиган бўлсак, 1916 йилнинг июлида Самарқандда 25 та, Сирдарёда 20 та, Фарғона водийсида 86 та қўзғолон кўтарилган. Барча исёнлар Россия қўшинлари томонидан аёвсиз бостирилган. 1916 йил воқеасида Туркистонда қанча одам қатлиом қилингани ҳозиргача аниқ эмас.

Тарихчилар бу воқеа пайтида бир неча ўн мингдан бир неча юз минггача бўлган туркистонлик ва 3-4 минг атрофидаги рус деҳқонлари қирғин қилинганини айтиб келадилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG