Линклар

Тошкент автосалонларида долларфурушлар томоша кўрсатди. Жиззахда порахўр инспектор 11 йилга кесилди. 63 ёшли қария 5500 километр йўлни пиёда босиб ўтди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.


“Педагогика университети ўқитувчиси пора билан қўлга тушди”

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Фалсафа факультети ўқитувчиси пора билан қўлга тушди (“Истеъмолчи”, 15 август).

Исми ошкор этилмаган ўқитувчи ўқишга киритиб қўйиш эвазига абитуриентдан 4000 АҚШ доллари пора талаб қилган. Бош прокуратура ҳузуридаги департамент расмийси Зиёдбек Холиқбердиевга кўра, ўқитувчи хамир учидан патир сифатида 2000 доллар олаётганда, Тошкентнинг Ибн Сино мавзесида қамоққа олинган.

Жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

“Раъно Ярашева ва Саида Раметова органга жавоб беради”

Раъно Ярашева, Саида Раметова, Дилноза Кубаева, Дилдора Рустамова, Фатҳулла Масъудов каби таниқли санъаткорлар тўй-томошаларга лицензиясиз чиқаётгани учун яқин кунларда жавобгарликка тортилиши мумкин (“Даракчи”, 15 август).

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси директори ўринбосари Музаффар Акромовга кўра, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирланган бўла туриб, ўз фуқаролик мажбуриятини англаб етмай, лицензиясиз фаолият юритиб келган санъаткорларнинг рўйхати шакллантирилиб, чора кўриш учун ҳуқуқ-тартибот идораларига тақдим этишга тайёрланмоқда. “Ўзбекнаво” раҳбари ўринбосари мамлакат фуқароларини лицензиясиз хонандалар ҳақида маълумотга эга бўлса, эстрада бирлашмасига етказишга чақирган.

Яқинда “Ўзбекнаво” томонидан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилфуза Раҳимова, хонандалар Отабек Муталхўжаев, Дилшод Раҳмонов, Жасур Умиров, “Манго”, “Уммон” гуруҳлари лицензияси муддатидан олдин бекор қилинди.

“Ўзбекнаво” директори ўринбосари Музаффар Акромовнинг айтишича, хонанда Жасур Умиров ва “Уммон” гуруҳига лицензияси қайтариб берилгани ҳақидаги хабарлар асоссиздир.

“Долларфуруш аёллар энди автосалонларда томоша кўрсатди”

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларни сўмга сотиш борасида шартномалар тарқатилиши муносабати билан автосалонларда турнақатор навбат юзага келган, одамлар шартнома қоғозини қўлга киритиш илинжида бир-бири билан ёқалашишгача борган (“Новый век”, 15 август).

Газетанинг ёзишича, автосалонларда росмона талабгорлар бир ёқда қолиб, милиция ҳомийлигидаги долларфурушлик қилиб келган чайқовчи аёлларнинг омади чопган.

“Автосалоннинг “табаррук” эшикларига биринчи бўлиб жангари қиёфадаги аёллар тўдаси етиб келди: бир-бирларини дўстона қўллаб-қувватлаган аёллар рақибларини икки ёнга суриб ташлашди. Уларнинг аксари шаҳарликларга таниш, бу ўз вақтида бозорлардаги валюта айирбошлаш шохобчаларини эгаллаб олиб, ўзига бегоналарни яқинлаштирмаган хонимчаларнинг айни ўзгинаси! Валюта айирбошлаш шахобчалари ёпилди, энди улар “бизнес”нинг бошқа йўлини топишган кўринади. Уларнинг фаолият тури ва усуллари ҳаммага, жумладан, милицияга беш қўлдек аён, лекин уларни жазолайдиган мард топилмаётир” деб ёзади муаллиф И.Султанбеков.

“Тест натижасини SMS орқали билиш мумкин”

Олий ўқув юртларига имтиҳон топширган абитуриентлар тест натижаларини SMS орқали билиб олишлари мумкин (“Правда Востока”, 15 август). Мазкур хизмат Ўзбекистон Давлат тест маркази томонидан “Билайн” ширкати билан ҳамкорликда йўлга қўйилмоқда.

Хоҳловчилар тест жавоблари варақаси рақамини 5100 қисқа рақамига юборишлари талаб этилади. Жавоб SMSида абитуриент йиққан балл ҳамда унинг ўқишга кирган-кирмагани ҳақидаги маълумотни ўқиш мумкин. Мазкур “Абитуриент-2013” хизмати

Давлат тест маркази томонидан тест натижалари расман эълон қилинган кундан ишга тушади.

“Жиззахда ГАИ инспектори 11 йилга кесилди”

Жиззах туман ички ишлар бошқармаси инспектори Акбар Нарматов мунтазам суръатда пора олиб келишда айбланди (“Ҳуқуқ”, 15 август).

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимида инспектор вазифасида ишлаган Нарматов қоидабузар ҳайдовчиларга жаримага солмаслик эвазига бир неча йил давомида улардан катта миқдорда пора олиб келган.

Бундан ташқари, ҳайдовчилардан ундирилган 40 миллион сўмга яқин жарима пулларини ўзлаштириб юборган. Нарматов, шунингдек, ҳужжатларни сохталаштиришда ҳам айбланган.

“Санитария хизмати расмийси ўлимга олиб борувчи касалликдан огоҳлантирди”

Республика давлат санитария-эпидемиология назорати маркази расмийси Ҳусан Сафаров одамларга ҳашарот ва чорва ҳайвонлари орқали юқадиган геморрагик иситма касаллиги хатаридан огоҳлантирди (“Оила даврасида”, 14 август).

Қайд этилишича, мазкур хатарли вирус май-август ойларида авж олади. “Геморрагик иситма касаллиги юққанда, тана ҳарорати кескин кўтарилади, совқотиш, қалтираш, мушакларнинг оғриши, баданга тошма тошиши, милк, бурун, ошқозон-ичакдан қон кетиши кузатилади. Касалликнинг яширин даври ўртача 2-3 кунгача давом этади…

Ушбу касаллик 70 фоизгача бўлган ҳолатда ўлим билан якунланади” дейди давлат санитария-эпидемиология назорати маркази расмийси. Касалликнинг олдини олиш учун чорва моллари сақланадиган биноларни мунтазам тозалаш, каналар кўпайишига йўл қўймаслик тавсия этилган.

“63 ёшли Адҳам Ҳасанов 5500 километрни пиёда босиб ўтди”

63 ёшли Адҳам Ҳасанов 5500 километр масофани, яъни бутун Ўзбекистон ҳудудини яёв айланиб чиқди (“Адолат кўзгуси”, 15 август). Ҳасанов дастлаб Тошкент-Наманган-Фарғона йўналишидаги 500 километр йўлни 17 кунда босиб ўтган.

Тошкент-Сирдарё-Жиззах-Қашқадарё-Бухоро йўналишидаги 1200 километр масофани эса 29 кунда забт этган. Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрига сафар эса (1350 километр) 41 кун давом этган. “Сафарларим олдидан доимо отланаётган йўлимнинг иқлими, у ерларда учраши мумкин бўлган ёввойи ҳайвонларни синчковлик билан ўрганишга одатланганман.

Балки шунинг учун ҳам бу борада жиддий муаммоларга дуч келмагандирман” деган пиёда саёҳатчи. Пенсионер Ҳасанов узоқ масофани пиёда босиб ўтиш орқали Гиннеснинг рекордлар китобига кириш, шунингдек, муқаддас Ҳаж зиёратига яёв боришни орзулашини айтган.

“16-17 август кунлари Тошкентда аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилади”

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Соғлиқни сақлаш бошқармаси шаҳар аҳолисини чуқурлаштирилган тиббий кўрикларга чиқишга даъват қилди (“Тошкент оқшоми”, 14 август). Чуқурлаштирилган тиббий кўриклар 16-17 август кунлари 9.00 дан 17.00 гача Тошкент шаҳридаги оилавий поликлиникаларда ўтказилади.

Пойтахт аҳолисини республика ихтисослаштирилган тиббий марказлар, илмий текшириш институтлари ва тиббиёт олий ўқув юртлари профессорлари кўрикдан ўтказади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG