Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:40

“Ўзбекнаво” лицензиясиз санъаткорларни “чақиш”га чақирмоқда


“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси мамлакат фуқароларини лицензиясиз хонандалар ҳақида маълумотга эга бўлса, эстрада бирлашмасига етказишга чақирган. Бу ҳақда “Даракчи” газетасига гапирган Ўзбекнаво раҳбари ўринбосарига кўра, санъаткорлар “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирланганига қарамай фуқаролик мажбуриятларини англаб етмаяпти”.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси мамлакат фуқароларини лицензиясиз хонандалар ҳақида маълумотга эга бўлса, эстрада бирлашмасига етказишга чақирган. Бу ҳақда “Даракчи” газетасига гапирган Ўзбекнаво раҳбари ўринбосарига кўра, санъаткорлар “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирланганига қарамай фуқаролик мажбуриятларини англаб етмаяпти”.


“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси директори ўринбосари Музаффар Акромовга кўра, Раъно Ярашева, Саида Раметова, Дилноза Кубаева, Дилдора Рустамова, Фатҳулла Масъудов каби таниқли санъаткорлар тўй-томошаларга лицензиясиз чиқаётгани учун яқин кунларда жавобгарликка тортилиши мумкин.

Бу ҳақда 15 август куни хабар берган “Даракчи” газетасининг ёзишича, лицензиясиз фаолият юритиб келган санъаткорларнинг рўйхати тузилиб, чора кўриш учун ҳуқуқ-тартибот идораларига тақдим этишга тайёрланмоқда.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева унинг жавобгарликка тортилиши ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтди:

- Биз энди қачон “Ўзбекнаво”нинг арпасини хом ўрган эканмиз, билмайман. Энди биз халқнинг хизматини қиляпмиз, тўйларини ўтказяпмиз. Биз, актёрларга ҳали лицензия чиқмаган, бўлмаса аллақачон олардим. Энди ашулачи бўлмасак ҳам тўйларга бориб халқнинг лапарларини айтиб тирикчилик қиляпмиз. Энди улар шуни назарда тутган бўлса керак. Хафа бўлмайман, энди мажбур қилишса оламизда. Бизнинг пулимиз давлатнинг йўл ёки кўприк қурилишига ишлатилар, бу савоб,- дейди Раъно Ярашева.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова “Ўзбекнаво”нинг бу рўйхатига тушиб қолганидан ҳайратда қолганини айтар экан, шунча йил халққа хизмат кўрсатган таниқли актёрларнинг халқ тўйларида бир-икки оғиз айтган табрик ва чиқишлари учун жавобгарликка тортилишини одобсизлик деб атайди:

- “Ўзбекнаво” аввал ўзини тартибга солиб олсин. Ҳозир санъаткорлар ўнтадан эр қиляпти, бировни эрини йўлдан уриб оляпти, ўшаларни тартибга солишсин, кейин бизга гапирсин. “Ўзбекнаво”нинг “эрка” санъаткорлари бор. Улардан на лицензия сўралади, на лицензиясини олиб қўйишади. Билганини қилиб ётишибди. Қўрқадида-а, улардан, чунки “ака”лари бор. Бизлар миллион-миллион пул топаётганимиз йўқку, икки йил бўлди пенсияга чиққанимга, салон очдим, соч бўяб ўтирибман ҳозир. Шунча йил ўзбек санъатига хизмат қилдик. Агар уларнинг ўзида инсоф бўлса, бизларга тегмайди. Агар сизлар қонун олдида муттаҳамсизлар деса, майли ўша лицензиясини сотиб оламиз. Бизга номардлик қилишса биз уларга мард бўламиз. Ана шу гапларимни эшиттиринг, Саида Раметова шундай деб айтди денг,- дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасидан жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган лицензиясиз санъаткорлар ҳақида маълумот олишнинг имкони бўлмади.

"Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси расмий нашрига кўра¸ Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилфуза Раҳимова, "Ниҳол” мукофоти совриндори Отабек Муталхўжаев, хонанда Дилшод Раҳмонов, "Уммон” ва "Манго” гуруҳлари хонандаларининг лицензиялари амал қилиш муддати тугатилган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Иззатилла Ибрагимов, Собиржон Мўминов, Алишер Турдиев, Равшан Комилов, Тоир Қўзиев, "Ниҳол” мукофоти совриндори Ҳулкар Абдуллаева, хонанда Фарҳод Саидовлар эса қаттиқ огоҳлантирилган.
XS
SM
MD
LG