Линклар

logo-print

Тошкент-Бишкек: ахборот хуружи давом этмоқда


Икки давлат президентлари Ўзбекистон ва Қирғизистон абадий дўст ва стратегик ҳамкор эканини эълон қилганига қарамай, ҳар икки давлат матбуотида қўшнисини қораловчи мақолалар тез-тез босилиб турибди.

Икки давлат президентлари Ўзбекистон ва Қирғизистон абадий дўст ва стратегик ҳамкор эканини эълон қилганига қарамай, ҳар икки давлат матбуотида қўшнисини қораловчи мақолалар тез-тез босилиб турибди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ахборот хуружига асосланган дипломатик жанжал авжига чиқди. Ўзбекистон сайтлари Тошкентдаги Қирғизистон элчихонаси дипломатларини миллатчиликда ва нодипломатик ҳаракатларда айбламоқда. Қирғиз оммавий ахборот воситаларида эса Тошкент тарқатган маълумотлар инкор этилаяпти.

Ўзбекистон нашрларида Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчихонаси 1-котиби Канатбек Шаршанбек ўзбек тез ёрдами шифокорларига қўл кўтаргани, уларни миллатига қараб камситгани ҳақида ёзиб чиқди. Ўзбек нашрларидаги хабарларга қараганда, қирғиз дипломати бундан аввал ҳам Тошкентдаги қўшниларига миллатларо нафрат деб баҳоланиши мумкин бўлган сўзларни айтган ва ўзбекларни мунтазам тарзда мазаҳлаб келган.

Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси дипломат ҳақиқатан ҳам қизишиб кетиб, ўзбек шифокорларига қўпол гапиргани, бунинг учун у тез ёрдам ходимларидан кечирим сўраганини тан олди. “Бироқ элчихонанинг 1-котиби миллатлараро нафрат туғдирувчи гапларни айтмаган ва ўзбек миллатини камситмаган”, дейилади элчихона баёнотида.

Орадан бир неча кун ўтгач, Тошкентдаги Қирғизистон элчихонасининг яна бир ходими Абдумалик Шарипов маст аҳволда автомашина бошқаргани, уни тўхтатган милиция ходимларига “ўзбек ва қирғиз халқлари дўстлиги учун қадаҳ кўтариш”ни таклиф қилганини ёзиб чиқди.

Қирғиз оммавий ахборот нашрлари эса бу маълумотларни ёритган ўзбек нашрларини ёлғончиликда ва вазиятни бўрттириб кўрсатишда айблаб жавоб қайтарди.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирча бундай хабарларга расман жавоб бергани йўқ. Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Анара Абдирахманованинг айтишича, айни пайтда ўзбек нашрларидаги хабарлар юзасидан текширув ишлари олиб борилаяпти. Тошкентдаги элчихонанинг биринчи котиби Канатбек Шаршанбек Бишкекка чақиртириб олинган.

- Канатбек Шаршанбек юзасидан ахборот агентликларига кимдир имзосиз мактуб жўнатган экан. У ҳозир Бишкекка чақиртириб олинган ва текширув ишлари олиб борилмоқда. Элчихонанинг иккинчи ходимига боғлиқ масалада эса фақат агентликлар ёзганидан бошқа маълумотга эга эмасмиз. Бу бўйича дипломатик каналлар орқали хат олганимиз йўқ. Тошкентдан расмий маълумот келгачгина иккинчи ходим масаласида ҳам текширув ўтказилади, -деди Анара Абдирахманова.

Қирғиз томонининг билдиришича, ўзбек сайтларида ёритилган қирғиз дипломатларига оид воқеалар июль ойларининг ўрталарида бўлиб ўтган. Ўзбек нашрлари эса бу ҳақда фақат август ойининг ўрталарида, яни орадан бир ой ўтгач хабар бермоқда.

Қирғизистонлик таҳлилчилар, шундан келиб чиққан ҳолда бундай вазиятни ахборот ҳуружи сифатида баҳоламоқда. Хавфсизлик масалалари бўйича эксперт Талант Раззақовнинг фикрича, Тошкент нашрларида қирғиз дипломатларига оид воқеаларнинг бир ойдан кейин эълон қилиниши ўзбек-қирғиз чегарасида қирғиз ҳарбийлари томонидан ўзбек чегарачилари отиб қўилгач бошланган Қирғизистонни ҳар томонлама обрўсизлантириш жараёнининг давомидир.

-Бу масалада Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон томонига расмий жавоб қайтариши зарур. Негаки, дипломатларга нисбатан бундай фитналар халқаро тажрибада камдан-кам бўлган. Бу каби ахборот хуружларини тўхтатишни талаб қилиш керак. Ўзбекистон томони қўшнилар билан муомиласи ёмонлашган пайтда мана шу каби ахборот ҳуружини бошлаши кузатилган. Масалан, Тожикистонга нисбатан ҳам ўзбек матбуотида мана шундай қоралов кампанияси ўтказилган эди, -деди Талант Раззақов.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ахборот ҳуружи шу йилнинг 20 июнида ўзбек чегарачилари томонидан қирғиз фуқароси отиб ўлдирилгач бошланган эди. Июл ойида эса қирғиз чегарачилари Ўзбекистоннинг икки чегарачисини отиб ўлдиргач, бу ҳуруж янада кучайган. Томонлар бир - бирини иккиюзламачиликда, ёлғончиликда ва чегара ҳудудида турли фитналарни уюштираётганликда айблаган эди.

Дипломатларга қарши маълумотларнинг эълон қилиниши эса Қирғизистонда мазкур ахборот ҳуружининг давоми сифатида қабул қилинаяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG