Линклар

logo-print

Миср: Қоҳирадаги масжиднинг бир қисми намойишчилардан тозаланди

  • Ҳасанжон

Қоҳиранинг Ал-Фатҳ масжиди олдига йиғилган Мурсийга қарши намойишчилар ва полиция ходимлари, 2013 йил 17 август.

Қоҳиранинг Ал-Фатҳ масжиди олдига йиғилган Мурсийга қарши намойишчилар ва полиция ходимлари, 2013 йил 17 август.

Миср хавфсизлик кучлари исломчи намойишчилар ўрнашиб олган Қоҳира шаҳридаги масжидга бостириб кирди. Хавфсизлик кучлари Ал-Фатҳ масжидининг бир қисмини Мусулмон Биродарлиги ҳаракатининг юзлаб тарафдорларидан тозалади. Намойишчилар 80 киши нобуд бўлган жума кунги тўқнашувлардан сўнг масжидга ўрнашиб олган эди.

Миср армияси қўшинлари намойишчиларни тарқалишга чақирмоқда. Айни пайтда қўшинлар, режим тарафдорлари масжидга бостириб киришининг олдини олмоқда.

Мисрда сўнгги бир ҳафта давомида хавфсизлик кучлари билан ҳокимиятдан ағдарилган президент Муҳаммад Мурсий тарафдорлари ўртасида содир бўлган зўравонликларда 700 дан ортиқ одам нобуд бўлди.

Миср Ички ишлар вазирлигига таяниб Франс Пресс ахборот агентлигининг билдиришича жума кунги зўравонликлар пайтида бир мингдан зиёд намойишчи ҳибсга олинган. Улардан 558 нафар пойтахт Қоҳирада қўлга олинган.

Қоҳира шаҳрида яшовчи Аҳмад сўнгги воқеалар ҳақида Рейтерс ахборот агентлигига буларни айтди.

- Бугун ўз мамлакатимда менга жой йўқдек ҳис қиляпман. Қаерга боришим ва нима қилишим керак? Бугун кўчада кетаётганимда менга таҳдид қилишди. Энди кўчада юришга қўрқяпман. Одамлар менга у ердан юрма, бу ердан юр, бўлмаса ҳибсга олинасан, деяпти. Мен ҳозир бўлаётган ғалати воқеаларни қабул қила олмайман. Мен буни тушунмайман. Мен ҳам бир пайтлар армияда аскар бўлиб хизмат қилганман. Лекин бундай воқеалар рўй бериши ҳаёлимга ҳеч қачон келмаган, деди Қоҳирада яшовчи Аҳмад.

Мисрда чоршанба куни содир бўлган зўравонликларда ҳалок бўлганлар сони 600 кишидан ошгани эълон қилинганидан кейин Мусулмонлар Биродарлиги ҳаракати “Ғазаб жумаси”ни уюштириш чақирди.

Хавфсизлик кучлари ҳокимиятдан ағдарилган президент Муҳаммад Мурсий тарафдорлари барпо қилган иккита чодирлар лагерини бузиб ташлади.

Юзлаб одам нобуд бўлганига қарамай, Мурсий дохил Мусулмон Биродарлиги норозилик акциялари давом эттиришни билдирди.

3 июн куни президент Муҳаммад Мурсийни ҳокимиятдан четлатган Миср ҳарбийлари намойишчиларга нисбатан куч қўллаганини халқаро ҳамжамият кескин қоралади.

Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳафта давомида Мисрда рўй берган қонли воқеалар бўйича бетараф текширув ўтказилишига чақириб, мамлакат хавфсизлик кучларини намойишчиларга қарши “меъёрдан ортиқ номутаносиб” куч қўллаганликда айблади.

Европа Иттифоқи Мисрдаги зўравонликларга нисбатан бир овоздан ва мувофиқлашган жавоб қайтаришни ваъда қилди.

Германия ҳукумати расмийлари жума куни Франция Президенти Франсуа Олланд билан телефон орқали сўзлашганидан кейин Германия Канцлери Ангела Меркел ўз мамлакати Миср билан муносабатни қайта кўриб чиқишга тайёр эканини билдирди.

Германия Мисрнинг Европадаги йирик ҳамколрларидан бири ҳисобланади.

Айни пайтда, Миср ҳарбийларини хатти-ҳаракати халқаро ҳамжамият томонидан бир овоздан танқид қилинмади.

Саудия Арабистони Қироли Абдуллоҳ ўз мамлакати, унинг таъбири билан айтганда, Миср ҳукуматининг “террорчи ва душманлар”га қарши курашини қўллашини айтган.

Бирлашган Араб Амирликлари ва Иордания ҳам Миср ҳарбийларини қўллаб-қувватлашини билдирган.

Пайшанба куни АҚШ Миср ҳарббийлари билан бирга ўтказилиши режаланган машқларни бекор қилиб, америкаликларни бу мамлакатни тарк этишга чақирди.

Мисрга ҳар йили бир миллиард доллардан ортиқ ёрдам кўрсатиб келаётган Қўшма Штатлар қўшимча чоралар кўриш масаласи муҳокама этилишини билдирди.
XS
SM
MD
LG