Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:27

Паспорт ва чиқиш визаси олиш қийинчиликлари сабаби нимада?


Ўзбекистонда биометрик паспорт жорий қилинганига қарийб икки йил бўлиб қолганига қарамасдан, ўзбекистонликлар паспорт олиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётгани Озодликда тез-тез ёритиладиган мавзулардан бирига айланган. OzodlikOnline эшиттиришининг навбатдаги сонида ҳам ана шу мавзу муҳокама қилинди.


Озодликка бу борада мурожаат қилаётганлар, айниқса, ёшларнинг паспорт олиши катта муаммога айланганини айтишади. Қонунга кўра, 10 иш кунида берилиши керак бўлган паспорт бир ойда ҳам битмаётгани, бордию паспортга хорижга чиқиш визаси олиш эҳтиёжи бўлса, жараён икки-уч ойга чўзилиб кетаётганидан шикоят қилишмоқда ўзбекистонликлар.

Хорижга ўқиш ёки ишлашга кетаётган ёш аёллар паспорт ва чиқиш визасини олиш учун минг чиғириқдан ўтишига тўғри келмоқда.

Бунда аксар ҳолларда кириб чиқиладиган ҳар бир “эшик оғасига” пора берилмаса иш битмайди.



Хорижда яшаб, ишлайдиган Озодлик муштарийларидан бири таҳририятимизга йўллаган мактубида яқинда паспортини янгилаш учун Ўзбекистонга бориб келгани ҳақида ёзади:

“Паспортнинг ўзини қилиш учун 20та эшикка кириб чиқдим. Чиқиш визасини олиш учун, ёшим 28да бўлса-да, ота-онам розилиги, маҳалла қўмитасидан ижобий характеристика ва справка. Бир неча йилдан бери мамлакат ташқарисида яшасам-да, коммунал хизматлардан қарзим йўқлиги тўғрисида справка, горотделдан направление олиб, поликлиникада тиббий кўрикдан ўтиб, қон топшириб, справкасини олиб келишим керак бўлди. Бу орада, ишим тезроқ битсин учун бир неча кишини “рози қилиш”га тўғри келди. Шунча справка олганим, бир неча марта пора берганимга қарамасдан, охири чиқиш визаси берилишидан аввал вилоят ички ишлар бошқармасида таҳқиромуз суҳбатдан ҳам ўтишимга тўғри келди. Нега бунча одамларни сарсон қиласизлар, деб сўрасам, одам савдоси, фоҳишабозлик ва ҳоказоларни рўкач қилишади”, деб ёзади ўзбекистонлик 28 ёшли аёл.

Паспорт олиш учун шунча саргардонлик боиси нимада?

Ҳақиқатан, фоҳишалик ва жиноятчиликка қарши курашдами ё Ўзбекистон фуқароларининг қадри бир тийин бўлиб қолганидами? Шундай таҳқирларга лойиқлигими?

Ўзбекистон конституцияси кафолатлаши айтиладиган инсон эркинлиги, қадр-қиммати, нафсонияти, шахсий ҳаёт даҳлсизлиги, мамлакат ичида ва ташқарисида эркин ҳаракатлана олиш ҳуқуқи, деган тушунчалар қаерда қолди?

Ёки бунинг сабаби оддий порахўрликми?


19 август куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланадиган мулоқотимизда ана шу саволларга жавоб қидирдик.

OzodlikOnline дастурида ўзбек жамиятининг илғор вакиллари билан ҳафтанинг энг асосий воқеалари, миллатнинг энг долзарб муаммолари муҳокама этилади.

Дастурни ҳар душанба куни Тошкент вақти билан соат 21:05 да www.ozodlik.org ҳамда Озодликнинг Facebook саҳифасида жонли эшитинг!


OzodlikOnline мулоқотини эшитиш давомида Skypeдаги Оzodskype ва OzodlikOnline манзиллари орқали тўғридан-тўғри алоқага чиқиб¸ очиқ мулоқот иштирокчисига айланишингиз мумкин.

OzodlikOnline дастурида Озодликнинг Facebook ва Twitterдаги саҳифаси орқали ҳам қатнашиш мумкин. Айни пайтда савол ва шарҳларингизни +420 724 971 539 рақамига СМС тарзда йўллашингиз мумкин.


Биз билан боғланинг! Ўз фикрларингизни билдиринг!

OzodlikOnline – Сиз учун муносабат билдиришнинг энг қулай имконияти!
XS
SM
MD
LG