Линклар

Москвада Pussy Riot аъзоларини ёқлаган пикетлар ўтказилди


Pussy Riot гуруҳининг икки йилданга озодликдан маҳрум этилмиш аъзолари Мария Алёхина (ч.) ва Надежда Толоконникова (ў).

Pussy Riot гуруҳининг икки йилданга озодликдан маҳрум этилмиш аъзолари Мария Алёхина (ч.) ва Надежда Толоконникова (ў).

Шанба куни Москвада бир неча фаол Путинга қарши "панк ибодати" ўтказган ва “безорилиги учун” судланган Pussy Riot гуруҳи иштирокчиларига чиқарилмиш ҳукмнинг бир йиллиги муносабати билан Хамовнический туман суди биноси олдида якка тартибдаги пикетлар ўтказди.

Акция иштирокчилари орасида Сахаров маркази ходимлари ҳам бўлган. Улар қўлларида плакатлар ушлаб турганлар. Бу плакатлардан бирида “Pussy Riot are right!” (Pussy Riot – ҳақ!) ёзуви ҳам бор эди.

Озодликнинг рус хизмати мухбири хабар қилишича, полиция кеча пикет иштирокчиларидан ҳеч кимни ҳибсга олмаган.

Pussy Riot панк гуруҳи аъзоларига нисбатан ҳукм чиқарилган куннинг бир йиллиги муносабати билан Россиянинг хориждаги элчихоналари олдида ҳам норозилик тадбирлари ўтказиш мўлжалланганди.

2012 йилнинг 17 август куни Хамовнический туман суди Pussy Riot аъзолари бўлган Надежда Толоконникова, Мария Алехина ва Екатерина Самуцевични безориликда айблаб, уларни икки йилданга озодликдан маҳрум қилганди. Кейинроқ Самуцевичга берилган жазо шартли жазога алмаштирилган ва у озодликка чиққан.

Надежда Толоконникова жазо муддатини Мордова колониясида ўтамоқда. Мария Алёхина эса Перм ўлкасидан Нижегородскдаги жазо колониясига кўчирилган.

Pussy Riot аъзолари 2012 йилнинг феврал ойида Москвадаги Исо Масиҳ черковида президент Владимир Путинга қарши перформенс уюштириши ортидан ҳибсга олинган ва қамалган эдилар.
XS
SM
MD
LG