Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:51

Ўзбекистон президенти туркий давлатлар раҳбарлари саммитига бормади


Туркий тилли давлатлар президентларининг Озарбайжонда ўтган саммити иштирокчилари.
Туркий тилли давлатлар президентларининг Озарбайжонда ўтган саммити иштирокчилари.

Озарбайжоннинг Габала шаҳрида Туркий тилли давлатлар президентларининг учинчи саммити якунланди. Йиғинда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия давлат раҳбарлари иқтисод, маданият ҳамда туризм соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар. Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари саммитда иштирок этгани йўқ.


Саммитдан сўнг журналистлар учун матбуот анжумани уюштирган Туркий тилда сўзлашувчи давлатлар кенгаши бош котиби Халил Ақинжи Ўзбекистон ва Туркманистон Кенгаш фаолиятида иштирок этмаётганидан афсус билдирди.

- Биз қардош мамлакатлар – Ўзбекистон ва Туркманистон тез орада сафимизга қўшилишини истар эдик. Айни пайтда ҳамкорлигимизга тўсиқ бўлаётган ҳар қандай омилларни бартараф этиш йўналишида иш олиб бормоқдамиз, - деди Халил Ақинжи.

Саммитда иштирок этган Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Туркий тилли мамлакатларни бирлаштирувчи темир йўл қуриш ташаббусини олға сурди.

- Нурсултон Назарбоев ўтган йили Бишкекдаги саммитда темир йўл қурилиши ҳақида гапирган эди. Бу ташаббусни тезроқ амалга оширсак, яхши бўлар эди. Бу темир йўл Ўрта Осиёни Туркия ва Озарбайжон билан боғлайди. Бу йўл Қозоғистон орқали Қирғизистонга ҳам етиб боради. Кеча мен харитани ўрганиб чиқдим. Темир йўлни Қирғизистон орқали Қашқаргача олиб борса бўлар экан. Агар бу иш амалга оширилса, халқларимиз орасида борди-келди жуда ривожланар эди, - деди Алмазбек Атамбаев.

Саммитда энг кўп таклиф Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев томонидан берилди. Қозоқ президенти асосий эътиборни туркий тилли давлатлар ўзаро сайёҳлик тизимини ривожлантириши кераклигига қаратди. Бунга жавобан туркий тилда сўзлашувчи давлатлар ҳамкорлиги кенгаши бош котиби Халил Ақинжи тез орада ташкилот қошида сайёҳлик қўмитаси тузишга ваъда берди.

Туркий тилда сўзлашувчи давлатлар президентлари саммит чоғида иқтисодий, маданий ва ижтимоий ҳамкорлик масаларини ҳамда Суриядаги вазиятни муҳокама қилдилар.

Қирғизистонлик таҳлилчилар Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ва Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев томонидан таклиф қилинган туркий тилли давлатларни бирлаштирувчи темир йўл қуриш ташаббусини амалга оширилишига ишонч билдирмоқдалар.

Қирғизистон президенти девонининг Ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Сапар Исақов бу йўналишда қирғиз томони қатор ишларни амалга ошираётганини айтди:

- Ҳозир вазирликлар бу борадаги иш режасини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда уларга кўрсатма берилган. Туркияда ўтказиладиган кейинги саммитда бу масала шартномавий тарзда имзоланади, деган умиддамиз.Темир йўлни Хитой орқали олиб ўтмоқчимиз. Бунинг учун Хитой томонининг ҳам розилигини олишимиз керак. Бу реал амалга ошадиган ташаббусдир, - деди Сапар Исақов.

Қирғизистонлик таҳлилчи Эмил Жўраевнинг айтишича, туркий тилда сўзлашувчи мамлакатлар кенгаши Россия, Туркия ва АҚШ таъсири остида бўлган минтақа мамлакатларини интеграциялаш мақсадида ташкил этилган.

- Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгаши ташқи сиёсатда муқобил йўналишларни излаш учун ташкил этилган, десак янглишмаймиз. Айниқса Россия таъсирида бўлган Қозоғистон ва Қирғизистон учун бу энг муҳим ташаббуслардан биридир. Бироқ бир неча ўн йил ичида бу мамлакатларни Россия таъсиридан чиқара оладиган ташкилотнинг пайдо бўлишига ишониш қийин, - деди Эмил Жўраев.

Туркий тилда сўзлашувчи давлатлар кенгаши 2009 йилда ташкил қилинган. Бу ташкилотга Қирғизистон, Қозоғистон, Озарбайжон ва Туркия аъзо бўлган. Кенгашнинг кейинги саммити 2014 йилда Туркияда бўлиб ўтади.
XS
SM
MD
LG