Линклар

logo-print

Пахта терими мавсумида расмийлар чеклов жорий қилишга ҳақлими?

  • Садриддин Ашур

Бу йилги пахтани териб бериш яна мажбурий "ҳашарчилар" зиммасига юклатилаётганга ўхшайди.

Бу йилги пахтани териб бериш яна мажбурий "ҳашарчилар" зиммасига юклатилаётганга ўхшайди.

Озодликнинг навбатдаги Баҳс майдонида Ўзбекистонда яқинда бошланадиган пахта терими мавсумида расмийлар турли чекловларни жорий қилишга қанчалик ҳақли экани тўғрисида мунозара юритилди.



Ўзбекистонда ҳали пахта терими мавсуми бошланмасдан туриб, расмийлар ўзбекистонликлар кундалик турмушига бевосита таъсир қилувчи турли чекловларни жорий қилишга тайёргарлик кўрмоқда.

Жорий йилнинг август ойи бошларида Фарғона вилоятининг 15 туманидаги 2 миллиондан ортиқ аҳолига ўз тўйларини мустақиллик байрамигача қолган 20 кунда ўтказиш “тавсия” қилинди. Бу “тавсия”дан кейин маҳалла оқсоқоллари аҳолидан “пахта мавсумида тўй қилмайман” деган тилхатлар ҳам ола бошлади.

Бундан ташқари, ҳар йили пахта терими мавсумида мамлакат бўйлаб туманлардаги бозорлар кундуз кунига ёпилади, жамоат транспортининг қатнови чекланади, вилоятлардаги шаҳарларга кундуз куни машинада кириш тақиқланади.

Шаҳар ва қишлоқлардаги ўқитувчилар, шифокорлар ва бюджетдан маош олиб ишлайдиган барча ходимлар пахта далаларига сафарбар этилади.

Озодликнинг Тошкентдаги манбаларидан бирининг хабар беришича, пойтахтда аллақачон шифокорларни пахтага жўнатиш учун тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган.

“Менинг опам Тошкентдаги “Она-бола” номи билан аталадиган 3-болалар касалхонасида ҳамшира бўлиб ишлайди. Унинг айтишича, пахтага ким ва қачон бориши ҳақида ҳозирдан рўйхат тузиляпти экан. Бунинг устига, пахта “харажатлари” учун ҳар бир ходимнинг маошидан 100 минг сўмдан ушлаб қолиняпти экан. Ходимлар “бу пулни ўз ихтиёрим билан бердим”, деган тилхат ёзиб беришга мажбурланяпти, бош шифокор эса бу президент қарори эканлиги, сиёсатга аралашмасликни айтиб, акс ҳолда, норозиларга жуда ёмон бўлиши ҳақида огоҳлантиряпти экан”, деб ёзади Озодлик манбаларидан бири.

Айрим ўзбекистонликлар ҳукумат томонидан кўрилаётган бу тадбирларни “элга келган тўй”, “умумхалқ ҳашари”, “деҳқонларга ёрдам” дея қабул қилади ва бу чекловларга эътирозлари йўқлигини айтади.

Пахта терими мавсумида маҳаллий ҳокимият вакиллари бозорларни ёпиш, тўй ўтказишга тақиқ жорий қилиш, транспорт қатновини чеклашга қанчалик ҳақли?

Бу Ўзбекистон фуқароларининг конституциявий ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилиши эмасми?

Балки “кўпдан қуён қочиб қутулмас” деганларидек, пахтани ёғин-сочинга қолдирмасдан териб олишда ҳақиқатан ҳам деҳқонларга ёрдам бериш керакдир?


Баҳс майдонига ана шу икки хил қарашдаги тингловчиларни таклиф этдик.

Хоразмнинг Хива шаҳрида истиқомат қилувчи 56 ёшли Салай Отажонов фикрича, пахта терими мавсумида жорий қилинаётган чекловлар бу маҳаллий ҳокимларнинг "ихтироси" ва бундан президентнинг хабари йўқ. "Чеклов бўлиш-бўлмаслигидан қатъий назар ҳар бир виждонли фуқаро миллий бойлигимиз бўлган пахта йиғим-теримида иштирок этиши керак". дейди Салай Отажонов.

Бироқ, яна бир хоразмлик 45 ёшли Суҳроб Вафоев, пахта терими пайтида кишилар турмушига салбий таъсир қилувчи чекловларнинг ҳуқуқ бузилишининг оддий мисоли эканлигини таъкидлар экан, "токи пахта монополияси йўқ қилинмас экан, бу соҳада бирор ўзгариш бўлмайди", деб ҳисоблайди.

Баҳснинг тўлиқ шаклини қуида тингланг:

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG