Линклар

logo-print

Клецков Туркия жамоасида ўйнамайдиган бўлди

  • Садриддин Ашур

Самарқанднинг "Динамо" жамоаси ўйинчиси Александр Клецков

Самарқанднинг "Динамо" жамоаси ўйинчиси Александр Клецков

Самарқанднинг “Динамо” футбол жамоаси ўйинчиси Александр Клецков билан тузилган шартномани Туркиянинг “Ўрдуспор” жамоаси бекор қилди. Бунга “Динамо” футбол жамоаси раҳбариятининг ўйинчига жавоб бермагани сабаб бўлди.

Самарқанднинг “Динамо” футбол жамоаси ўйинчиси Александр Клецковнинг Озодликка айтишича, у биринчи давра тугаганидан сўнг Туркияга бориб у ердаги “Ўрдуспор” жамоаси билан шартнома тузиб келиши ҳақида жамоа раҳбарияти билан ўзаро келишилган эди:

- Мен Туркияга бориб, “Ўрдуспор” жамоаси билан “1+1” шаклидаги контракт туздим. Бу битимнинг мантиқий давоми сифатида “Динамо” менга тегишли бўлган керакли ҳужжатларни “Ўрдуспор” фойдасига расмийлаштириб бериши лозим эди. Агентларим Самарқандга келиб, клуб раҳбариятини розилигини олишган. Қайтганимдан сўнг клуб раҳбарияти янги қилиқлар кўрсата бошлади. “Динамо” футбол жамоаси вице президенти Фирдавс Каримов “Ўрдуспор”дан 100 минг АҚШ доллари ўтказиб беришни талаб қилди. Ваҳоланки, мен “1+1” шартномасини тузиб келган эдим ва табиийки, турклар бунга рози бўлмади, - дейди Александр Клецков.

Футболчининг айтишича, Фирдавс Каримов турклардан бу пулни ундиролмаганидан сўнг, “тўнини тескари кийиб олган”:

- Мен Туркиядан қайтганимдан сўнг, Фирдавс Каримовнинг қабулига кирмоқчи бўлдим. Мени у ҳатто қабул ҳам қилмади. “Бор, юристларимиз билан гаплаш”, деб хонасидан чиқариб юборди. Мен биринчи давра учун олган пулимни қайтариб бераман, мени қўйиб юборинг, десам ҳам унамади. Кейин мени жамоадаги ўйинлардан умуман четлатиб қўйди. Мен яна: “Қўйинг, бўлмаса иккинчи даврага ҳам майли ўйнаб берай” десам ҳам рози бўлмади. Ҳозир на кета оламан, на жамоамда ўйнай оламан, - дейди Александр Клецков.

Ўйинчининг айтишича, “Динамо” раҳбарияти энди унга: "Биринчи давра учун олган пулингни қайтарсанг, жавоб берамиз", деб айтган:

- Мен аввал рози эдим қайтаришга, агар “Ўрдуспор”га розилик берганда. Энди кеч бўлди, турклар шартномани бекор қилди, мен нега энди ҳалол ишлаган пулимни қайтариб беришим керак экан? Хуллас, шундай, менга на жавоб беради, на ўйнагани қўяди - аросатда қолдим, - деди Александр Клецков.

Биз футболчининг бу айтганларига муносабат олиш учун “Динамо” футбол жамоаси вице президенти Фирдавс Каримов билан боғландик. Жаноб Фирдавс Каримов Клецков ҳақида оғиз очишимиз билан алоқани узди ва у билан қайта боғланиш имкони бўлмади.

Шундан сўнг ўзини “Динамо” жамоаси ҳуқуқшуноси Шуҳрат деб таништирган шахc билан боғландик. Иттифоқо, у ҳам Клецков ҳақида сўрашни бошлашимиз билан негадир бизни овозимизни “эшитмай” қолди ва кейинги қўнғироқларимизга жавоб бермади.

Александр Клецковнинг Туркиянинг биринчи лигасида қатнашаётган “Ўрдуспор” жамоаси билан шартнома тузганини, Туркияда биринчи ўзбекистонлик легионер пайдо бўлаётганини Ўзбекистон футбол федерацияси ва ҳукуматга тегишли бир қанча Интернет сайтлар хабар берган эди.

Ўзбекистондаги stadion.uz Интернет сайти ҳам “Динамо” футбол жамоасидаги ўйинчиларнинг ҳуқуқлари поймол бўлаётгани ҳақида катта мақола эълон қилди.

Бу мақолада ёзилишича, “Динамо” футбол жамоаси вице президенти Фирдавс Каримов саккиз ойдан буён футболчиларнинг “қонини ичиб” келмоқда.

27 ёшли Александр Клецов илгари “Пахтакор” жамоасида ва Хитойнинг “Цзянсу Сайнти" жамоасида ўйнаган.
XS
SM
MD
LG