Линклар

logo-print

Москвада Шерали Жўратурғунов бедарак йўқолди


23 ёшли Шерали Жўратурғуновни яқинлари қидирмоқда.

23 ёшли Шерали Жўратурғуновни яқинлари қидирмоқда.

Жорий йилнинг март ойида Москванинг қоқ марказида дом-дараксиз йўқолган 23 ёшли Шерали Жўратурғуновни яқинлари қидирмоқда. Бедарак кетган ўзбекистонликнинг яқинлари маҳаллий полиция мурожаат қилганига қарамасадан, бир неча ойдан бери уни қидириш ҳаракатлари бесамар қолмоқда.


Наманган вилоятининг Тепақўрғонидан келиб Москвада меҳнат қилаётган Шавкатжон 2013 йилнинг 23 мартидан бери дараги чиқмаётган укаси Шерали Маъмуржон ўғли Жўратурғуновни қидириб юрганини Озодликка гапириб берди.

Шавкатжоннинг айтишича, укаси 1990 йилда туғилган Шерали Москванинг ВДНХ метро бекатидаги иш жойига кетаётиб дом-дараксиз йўқолган.

- У 2012 йилнинг апрел ойида Москвага ишлагани келган эди. Москвага биринчи маротаба келиши, лекин олдин Россиянинг бошқа жойларида ишлаб юрган: 3-4 йил олдин Петербургда ишлаб кетган. У ўзи уста. Келиб аввалига қурувчилик қилиб юрди. Кейин, ВДНХдаги Космонавтлар кўчаси, 15 уйдаги “Тануки” япон ресторанига чақириб жойлаштириб қўйдим. Иши яхши эди - барда ишларди. Рус тилини ўртача биларди.

19 март куни ишга боришидан 1,5 соат олдин – соат 4-5ларда - мен унга телефон қилдим. “Ишга борасанми?”, деб сўрадим, ухлаб ётган экан. “Ҳа, бораман, ака”, деди. Кечки пайт 11 ларда у билан ишлайдиган Шерзод ака телефон қилди: “Уканг йўқ, ишга келмади!”, деди. “Менга телефон қилиб, “сал кечроқ бораман – оғайнилар билан кўришишим керак, соат 8-9 ларга етиб бораман”, деган эди. Икки маротаба телефон қилдим – ёнида ўзбек боллар борга ўхшади. “Ҳозир етиб бораман”, деб айтди”, деди. Бу суҳбат cоат 8дан 8 яримгача бўлган экан. Соат 9 дан ўтганидан кейин Шерзод ака телефон қилса, “Ака, озгина проблема чиқиб қолди, етиб бораман”, деган ва телефонни қўйиб қўйган,- дейди шундан кейин Шерали билан алоқа узилганини айтган Шавкатжон.

Шералининг хонадошларидан олинган маълумотга кўра, кундузи соат 4 яримларда номаълум шахс Шералига телефон қилиб, соат кечки 8 ларга қаергадир таклиф қилган.

Шавкатжон укаси йўқолиб қолгани юзасидан маҳаллий полиция бўлимига ариза билан мурожаат қилгани, бироқ у ерда ишни пайсалга солишаётгании айтади.

- Улар ҳатто телефон деталлаштиришни “Бизга ҳеч нарса бермайди, фойдаси йўқ”, деяпти. Баҳоналар қиляпти, уларни мажбурлаб бўлмаса... Ўзимиз ҳаракат қиляпмиз – бефойда. Биз Ўзбекистон элчихонасига ҳам мурожаат қилдик, Россия полициясига хат юборишибди – ҳозирча жавоб келгани йўқ. Уни охирги маротаба метро Арбат ёнида яшаётган ҳамқишлоқ ўртоқлари кўрган. “Шерали келди, биз билан чой ичиб ўтирди. Шериги телефон қилаверганидан кейин чиқиб кетди Арбатский метроси тараф”, деди улар,- дейди укаси 19 март кечки 9 лардан бери ном-нишонсиз қолаётганини гапирган Шавкатжон.

23 ёшли Шерали Жўратурғуновни кўрганлар, у ҳақда бирор маълумотга эга бўлганларни Озодликка маълум қилишларини сўраймиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG