Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:41

Швецияда ўзбек қочқинининг боласи давлат қарамоғида қоладиган бўлди


Швециядаги маҳкама ўзбекистонлик қочқиннининг 15 ёшли ўғли давлат тарафидан тортиб олиниши асосли бўлган, дея ҳукм чиқарди.


Швецияда 2007 йилдан буён сиёсий бошпана олиб, яшаб келаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Раҳматулло Алибоев ўзининг яккаю-ягона фарзанди Шохруҳни ижтимоий ҳимоя идоралари қарамоғига бериш ҳақида аввалги суд қарори юзасидан Швециядаги апелляция маҳкамасига шикоят киритган эди.

Жума куни Алибоевнинг шикоятини кўриб чиққан Линчёпинг шаҳридаги маҳкама болани ижтимоий ҳимоя идоралари қарамоғига бериш ҳақидаги аввалги ҳукмни ўз кучида қолдирди.

48 яшар Алибоев швед маҳкамасининг ҳукмини адолатсиз дея, юқори турувчи маҳкамага арз қилишини айтди.

- Суд бола уларни қарамоғида қолади, деди. Энди апелляция ёзамиз яна, юқори инстанцияга шикоят қиламиз, болани қайтариб олишим керак,- дейди Алибоев.

27 июн куни Швециянинг Эскилстун шаҳри Оила ишлари бўйича қўмитаси ўзбекистонлик қочқиннинг вояга етмаган фарзанди - 15 ёшли Шохруҳни назорат остига олиш ҳақида судга шикоят қилган эди.

Шохруҳнинг "мактабга яхши қатнамаётгани, соғлиги ва ривожланиши хавф остида эканлиги, онаси унга етарли тарбия бермаётгани" борасида тушган шикоятлар асосида суд болани ижтимоий ҳимоя идоралари қарамоғига беришга қарор қилган эди.

Айтилишича, ўтган ўқув йили давомида Шохруҳ мактабга атига етти кун борган.

Раҳматулло Алибоев буни рад этади.

- Мактабдан бизга шикоят тушди, бола мактабга келмади, шароит яхши эмас, дейишяпти. Бола уни ҳеч бирини тасдиқламади. Ҳаммаси яхши, оиламга қайтишим керак, деяпти. Мактабга борганлигиниям, уйда ҳамма шароит борлигини ҳам судда айтди,- дейди Алибоев.

Алибоевнинг ўғли Шохруҳ 27 июндан буён Швеция ижтимоий ҳимоя идоралари қарамоғида қолмоқда.

Бу Швецияда ўзбек оилаларидан фарзанди олиб қўйилиши билан боғлиқ ягона ҳолат эмас. Швецияда яшайдиган ўзбекистонлик қочқинлар сўнгги етти йил ичида шунга ўхшаш камида тўртта ҳолатни эслашади.

Ўзбекистонлик қочқин Раҳматулло Алибоевга адвокатлик қилаётган швециялик ҳуқуқшунос Рихард Йоханссоннинг айтишича, фарзандига етарли ғамхўрлик қилмаган оилалардан болалари тортиб олинади.

- Шундай қонун борлигини Швецияда яшайдиган ҳар бир оила билади. Ўзбек оилалари ҳам бу ерга келишларидан олдин бу ҳақда маълумотни оладилар, - дейди Рихард Йоханссон.

Алибоев Швецияда шундай қонун мавжудлигини билишини ва ўғлига етарли ғамхўрлик қилганини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG