Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:07

Имомали Раҳмон ГЭСларни қуришида қўшнилар билан ҳисоблашишини айтмоқда


Тожикистонда қурилаётган Роғун ГЭСи Тошкент билан Душанбе ўртасидаги қарама-қаршиликларнинг асосий сабабчисидир.
Тожикистонда қурилаётган Роғун ГЭСи Тошкент билан Душанбе ўртасидаги қарама-қаршиликларнинг асосий сабабчисидир.

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ўз мамлакати гидроиншоотлари қурилиши Марказий Осиёдаги барча қўшниларининг манфаатлари инобатга олинган холда амалга оширилишини баён қилди.



19 август куни пойтахт Душанбеда Европа Парламенти депутати Кристина Гутиэррес-Кортинес билан учрашув чоғида жаноб Раҳмон: “Тожикистонда гидроиншоот лойиҳалари қурилишида минтақадаги барча мамлакатларнинг ҳам сув, ҳам элетр энергияси таъминоти билан боғлиқ манфаатлари инобатга олинади”, деди.

Тожикистон раҳбарининг бу баёноти Душанбе шаҳрида ўтказилажак сув муаммоларига бағишланган халқаро анжуман арафасида янгради.

20-22 август кунлари Душанбеда 70дан зиёд давлат вакиллари, шунингдек БМТ, МДҲ, ШҲТ, ЕХҲТ каби ташкилотлар мутахассислари иштрокида ўтказилажак мазкур анжуманда Тожикистон ва Қирғизистоннинг гидроэлектрстанцияларини қуриш режаларининг муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Тожикистон ва Қирғизистон йиллардан бери Сирдарё ва Амударё устида гидроиншоотларни қуриш ишларини амалга ошириб келади.

Бу икки давлат Амударё ва Сирдарё бошланадиган дарёларга тўғон ташлаб, Қамбарота ва Роғун ГЭСларини қуришга киришган.

Расмий Тошкент бу лойиҳалар амалга ошса, дарёлар ўзанининг қуйи қисмида жойлашган Ўзбекистонга сув келмай қолиши тўғрисида хавотир билдириб, бу лойиҳалар қурилишига эътироз билдириб келади.

Ўзбекистон томонига кўра, 275 метр баландликда қурилажак Қирғизистоннинг Қамбарота сув тўғони ва 350 метр баландликдаги Тожикистоннинг Роғун гидроиншооти лойиҳаси амалга ошса Ўзбекистонни сувсиз қолдириши мумкин.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ўз чиқишларидан бирида Қирғизистон ва Тожикистонга мурожаат қилиб, гидроиншоотлар қурилишида Амударё ва Сирдарё қуйи ўзанида жойлашган қўшни мамлакатларнинг манфаатларини ҳисобга олишга чақирган эди.

- Бу дарёлар бўйида жойлашган барча давлатларнинг розилиги ҳар қандай келишувнинг асосий шарти бўлиши керак,- деган эди Каримов.

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Ўзбекистоннинг хавотирлари асоссиз эканини айтиб келади.

Жаноб Раҳмон 19 август куни бу ҳақда яна гапирди: "Агар Тожикистоннинг гидроиншоотлари ва сув омборлари бўлмаганида дарёларнинг қуйи ўзанида миллионлаб гектар ерларни ўзлаштириш имконсиз бўлар эди", дея таъкидлади.

Тожикистонлик журналист Муҳиддин Отахоновнинг айтишича, Имомали Раҳмоннинг гидроиншоотлар қурилишида қўшнилар манфаати инобатга олиниши ҳақидаги баёнотини муросавий деб бўлмайди.

- Тожикистон президенти гидроиншоот лойиҳаларининг қурилиши қўшнилар манфаатига мос келиши ҳақида биринчи марта айтаётгани йўқ. Бу билан Раҳмон Ўзбекистонга ён босяпти, деб ҳам бўлмайди. Бу ерда Ўзбекистонни ташвишлантираётган нарса тўғоннинг баландлиги. Тўғонни пастлатса муроса бўлади. Лекин, Тожикистон раҳбарининг, билишимча, бундай нияти йўқ,- дейди тожикистонлик журналист.

Халқаро мутахассислар минтақадаги давлатларнинг хавотири ва улкан лойиҳаларнинг келажакда қандай оқибатларга олиб келиши эхтимоли холисона тадқиқ этиш кераклигини айтиб келишади.

19 август куни Тожикистон президенти билан учрашган Европа Парламенти депутати Кристина Гутиэррес-Кортинес Европа Иттифоқи Марказий Осиёдаги сув лойиҳаларга алоқадор барча томонлар ўртасида келажакда конструктив мулоқотнинг йўлга қўйилишига кўмаклашади, деб айтди.

Сешанба куни Душанбеда бошланаётган икки кунлик халқаро анжуманга таклиф қилинган Ўзбекистон вакиллари, бу таклифни қабул қилмагани минтақа давлатлари ўртасида сув заҳиралари билан боғлиқ тортишувлар ҳал этилиши истиқболларини шубҳа остида қолдирмоқда.
XS
SM
MD
LG