Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:41

Ўзбек чегарачилари қирғиз ерини эгаллаб олгани иддао қилинаяпти


Маҳаллий расмийлар ва чегарачилар талашга тушган ер харитасини ўрганмоқда.
Маҳаллий расмийлар ва чегарачилар талашга тушган ер харитасини ўрганмоқда.

Ўш вилояти Қорасув туманидаги Керматоғ қишлоғи аҳолиси Ўзбекистон чегарачилари 10 гектар олма боғини ноқонуний тарзда эгаллаб олганини иддао қилаяпти. Маҳаллий аҳоли ўзбек чегарачилари уларни ўзларига тегишли бўлган қишлоқ ҳўжалик ерларига ўтказмаётганидан ҳам шикоят қилаётир.

Керматоғ қишлоғида яшовчи 80 ёшли Мирзали Мусабоевнинг айтишича, 10 гектар ер майдонини эгаллаган олма боғи Қирғизистонга тегишли бўлган. Бу ҳудудни Ўзбекистон фуқаролари ижарага олиб ишлатган экан.

-Ўзбекистонлик Таваккал деган одам мана шу ерни ишлатган эди. Уч-тўртта моли бор эди. У “Мана шу ерга дарахт экиб, бир боғ қилсам майлими”, деб сўраган эди, биз унга “Майли, дарахт эксанг экиб ол”, деб розилик берганмиз. Энди Ўзбекистон томони "бу ерни ўзбекистонлик ишлатган", деган баҳона билан уни ўзиники қилиб олаяпти. Ўзбекистонликлар чегарани олма боғнинг ичкарисига жилдириб олишган. Бемалол боғда сайр қилиб юришади. Қирғизистонликларни кўрса автомати билан қўрқитиб ҳайдаб чиқаради, -деди Мирзали Мусабоев.

Маҳаллий аҳоли, ўзбек чегарачилари кундузи боғниниг ичида дам олишларини, кечқурун эса чегарани 2006 йилда белгиланган ҳудуддан 500 метр ичкарига кўчириб олиб, қўриқлашларини иддао қилмоқда.

-Анави кўриниб турган сим тўсиқларни 2006 йилда ўрнатишган, нейтрал ҳудуд ҳам ўша сим тўрнинг ортида қолиб кетган. “Мана шу ер чегара”, деб бизга айтишган. Аммо ўзбек чегарачилари сим тўсиқни ошиб ўтиб, бизга тегишли ҳудудда чегарани қўриқлашаяпти. Улар кечалари экинзорларимизга келаётган сувни ҳам бўғиб, Ўзбекистон томонига буриб юборишаяпти. Бирорта қирғиз расмийси додимизга қулоқ солгани йўқ, -деди керматоғлик Файзулла.

Қирғизистон ҳукумати қошидаги чегараларни аниқлаш бўлими бошлиғи Қурбанбай Искандеров Керматоғ қишлоғидаги вазиятдан хабардор эканини айтди. Унга кўра, сентябр ойида Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини аниқлаш бўйича ўтказиладиган навбатдаги музокараларда айнан мана шу ҳудуд масаласи ҳам муҳокама қилинади.

-Делимитация жараёнида ҳар бир аниқланган ҳудуд махсус протокол билан тасдиқланади. Бироқ бу протокол якуний ҳужжат ҳисобланмайди. Бу протокол қонуний ҳужжат мақомига эга бўлиши учун бир қатор процедуралардан ўтиши керак. Шунинг учун ҳам аввал аниқланган бир қатор ҳудудлар масаласини яна қайтадан муҳокама қилишга мажбур бўлаяпмиз. Керматоғдаги олма боғ каби ҳудудлар икки давлат ўртасида жуда кўп. Бу масалани тез орада ҳал қилинишидан умидвормиз, -деди Қурбанбай Искандеров.

Қирғиз расмийсининг айтишича, мазкур масала муҳокама қилинадиган чегара музокараси 4 сентябрь куни Тошкентда ўтказилади.

Ўзбекистон томони 19 июнь куни Ўзбекистон чегарачиси бир қирғизистонликни отиб қўйгани, июль ойида эса Жалолободда Қирғизистон чегарачилари томонидан Ўзбекистон чегарачилари отиб қўйилгани воқеасидан сўнг чегара музокараларини тўхтатиб қўйган эди.

Искандеровнинг айтишича, бу галги учрашув чоғида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара - ўтказиш пунктлари масаласини қайта кўриб чиқиб, бундай пунктларни мақсадга мувофиқ бўлган тарзда аҳолига зарур бўлган жойларга кўчириш масаласи кун тартибиги киритилган.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг умумий узунлиги 1378 километр. Шу кунгача чегаранинг 1007 километри аниқланди. Аниқланмаган ҳудуд 315 километрга тенгдир. Бу чегара ҳудудининг 23 фоизини ташкил қилади.
XS
SM
MD
LG