Линклар

logo-print

Кичик ролларнинг катта ижрочиси Диас Раҳматов оламдан ўтди


Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Диас Раҳматов (ў).

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Диас Раҳматов (ў).

Таниқли театр ва кино артисти¸ дубляж устаси Диас Раҳматов душанба куни 76 ёшида Тошкентда вафот этди.


Диас Раҳматов билан узоқ йиллар бирга ишлаган кино артисти Ўлмас Алихўжаев Озодлик билан суҳбатда марҳумнинг санъатдаги ўрни ҳақида гапирди:

- Мен унинг ўрнини босадиган артистни ҳозир кўролмайман.Диас акамнинг ўрнини босадиган артист шу кунда йўқ. Жуда ҳам импровизацияси кучли актёр эди. Ман бугун эшитдим эрталаб¸ кеча ўтган эканлар. Афсус... Худо раҳмат қилсин.

Суҳбатдошга кўра, Диас Раҳматов ҳокисор ва ўта камтар санъаткор бўлган:

- Раҳматлик кўп киноларда ўйнади. Аммо фақат эпизодик роллар беришди.Бу кишида улкан драматик ролларни ўйнаш салоҳияти бор эди. У кишига атаб рол ëзиш керак эди. Афсус, энди кеч, - дейди Ўлмас Алихўжаев Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони ҳам Диас Раҳматовга ëши бир жойга борган 2008 йилда берилган эди.

Диас Раҳматов билан бир неча кинода суратга тушган артист Зуҳра Солиевага кўра, марҳум кичик ролларнинг катта ижрочиси сифатида ëш санъаткорларга ўрнак бўлган.

- "Дил пайванди" деган сериалда бирга ишлаганман у киши билан. Шунақа беозор, ҳокисор ва ювош одам эди раҳматли. Кичкина ролларни мукаммал ижро қилар эди. Кичик ролларнинг катта ижрочиси сифатида ўзидан катта мактаб қолдирди, - дейди Диас Раҳматов билан бир неча кинода суратга тушган артист Зуҳра Солиева Озодлик билан суҳбатда.

Диас Раҳматовнинг “Суюнчи”, “Келинлар қўзғолони”, “Армон”, “Майсаранинг иши”, “Абдуллажон”, “Бомба” каби филмларда ижро этган кичик роллари кўпчиликка таниш.

Вицинни ўзбекча гапиртирган санъаткор

Диас акани яхши билган Ўлмас Алихўжаев таъкидлашича, дубляж, яъни ўзга тилда олинган киноларга ўзбекча овоз бериш жараëнида Раҳматовнинг алоҳида қобилияти ярқ қилиб кўринган:

- Диас ака ўзбек дубляжида юзлаб қаҳрамонларни ўзбек гапиртирди.Таниқли рус комедия артисти Георгий Вицинни ўзбекча гапиртирган одам Диас ака эди, - деб эслайди суҳбатдош.

Диас Раҳматов “Шурикнинг саргузаштлари”, “Кавказ асираси” ва “Санников ери “ каби киноларни ўзбекча овозлантиришда иштирок этган.

Испания инқилобчисининг адаши

Таниқли кино артисти Ўлмас Алихўжаев Озодлик билан суҳбатда марҳум Диас Раҳматовнинг исмини ўзбекча Диëс деб талаффуз қилди:

- Ўзи биз у кишининг исмини Д. Раҳматов дердик. Д ҳарфини айтардик, холос. Битта ҳарф билан у кишининг улкан ишларини шарафлардик. Энди у кишининг оталари Испания озодлик ҳаракати йўлбошчиси Хосе Диасга ҳавас қилиб, ўғил кўрганида Хосе Диас деб исм қўйган экан. Фақат ЗАГС ходимлари Хосени тушириб қолдириб, фақат Диас деб қолдирган. Раҳматли менинг исмим йўқ, фақат иккита фамилиям бор, деб юрар эди¸ - дейди суҳбатдош.

Ўзбек оиласида туғилган фарзандга испанча исм қўйилиш сабабини бошқалар Диас Раҳматов туғилган 1937 йилнинг қатағон муҳитидан излашади.

Ўша пайтда ўзбекча исмлардаги диний маъно боис кўплар қамоққа олиб кетилиб, отиб ташлангани айтилади.

Бундан ҳадиксираган кўплар 1937 йили туғилган фарзандларига Маркс, Гога¸ Леким, Вилен, Коминтерн, Клара, Коммуна, Мелс деган исмларни қўйишган.

1937 йилнинг 28 февраль куни туғилган Диас Раҳматов 1957 йили Ҳамза номидаги академик драма театрида (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театри) меҳнат фаолиятини бошлаган эди.

Какку қуш видоси

Бундан икки йил олдин экранга чиқарилган филмда мўйсафид ролини ўйнаган Диас Раҳматов дарахт шоҳида ўтирган какку қушга қараб, "Эй қушча, қани айт-чи, мен қанча яшайман?" дейди.

Бунга жавобан Какку қуши икки марта сайрайди...

Бу филмдан намойиш қилинганидан икки йил ўтиб, Диас Раҳматов оламдан ўтди.

Ўзини Диас Раҳматовнинг шогирди деб биладиган Зуҳра Солиева бу йўқотиш ҳақида гапиратуриб, ”От ўрнини той босар” деган ўзбек мақолини ишлатди. Айни пайтда суҳбатдошимиз орамизни тарк этган санъат дарғаларининг ўрнини босадиган тойлар йўқлигидан таассуф билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG