Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:09

Ўзбекистон Душанбедаги халқаро анжуманга вазир ўринбосарларини юборди


Халқаро анжуман
Халқаро анжуман

Ўзбекистон делегацияси Тожикистон пойтахти Душанбеда "Cув масалалари бўйича ҳамкорликка оид юқори даражали халқаро анжуман"да вазир ўринбосари даражасида иштирок этмоқда.


Озодлик мухбирига кўра, Ўзбекистон расмий делегацияси етти кишидан: Мелиорация вазири ўринбосари, Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари, Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси ва сув бўйича мутахассислардан иборат.

Тожикистон президентининг Интернетдаги расмий сайтидаги маълумотга кўра, Душанбе халқаро анжуманида 70 дан ортиқ давлатнинг 900 дан ортиқ юқори лавозимли расмийси, мутахассиси ва эксперти қатнашмоқда.

Икки кунлик халқаро анжуман БМТ ҳомийлигида ўтказилмоқда.

Душанбе анжуманида минтақа давлатлари Бош вазир даражасидаги делегациялар билан иштирок этмоқда.

Халқаро анжуманни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон очиб берди. Душанбе раҳбари Тожикистон минтақа давлатлари билан ҳамкорлик ва яхши қўшничилик тарафдори эканини баён қилди.

- Фақатгина маданиятли ҳамкорлик ва сиёсий ирода бу соҳадаги муваффақият ва тараққиётга йўл очишини биз тўлалигича англаймиз. Тожикистон бундай ҳамкорликка доимо тайёр, деди президент Раҳмон.

Сўнгги дақиқаларгача Ўзбекистоннинг бу анжуманда расмий даражада иштирок этиши савол остида қолаётган эди. Шу боис Марказий Осиё давлатлари ўртасида сув заҳираларидан фойдаланиш устидаги тортишувларни ҳал қилишга қаратилган анжуманнинг бирор натижа билан якунланиши ҳақида шубҳалар билдирилаётган эди.

Минтақанинг бошқа давлатларидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистондан бу анжуманда мелиорация ва қишлоқ хўжалиги вазирлари ўринбосарлари иштирок этмоқда.

Тожикистон ва Қирғизистон йиллардан бери Сирдарё ва Амударё устида Роғун ва Қамбарота-1 ГЭС ни қуриш ишларини амалга ошириб келади.

Расмий Тошкент бу лойиҳалар амалга ошса, дарёлар ўзанининг қуйи қисмида жойлашган Ўзбекистонга сув келмай қолиши тўғрисида хавотир билдириб, бу лойиҳаларга қаршилик кўрсатиб келади.

Тожикистонда қурилаётган Роғун ГЭСи Тошкент билан Душанбе ўртасидаги қарама-қаршиликларнинг асосий сабабчисидир.

Душанбе анжумани арафасида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ўз мамлакати гидроиншоотлари қурилиши Марказий Осиёдаги барча қўшниларининг манфаатлари инобатга олинган холда амалга оширилишини баён қилди.

19 август куни пойтахт Душанбеда Европа Парламенти депутати Кристина Гутиэррес-Кортинес билан учрашув чоғида жаноб Раҳмон: “Тожикистонда гидроиншоот лойиҳалари қурилишида минтақадаги барча мамлакатларнинг ҳам сув, ҳам элетр энергияси таъминоти билан боғлиқ манфаатлари инобатга олинади”, деди.

Президент Раҳмоннинг бу сўзлари Тожикистоннинг мунозарали сув лойиҳалари борасида Ўзбекистонга қаратилган муросали мужда деб қабул қилинди.
XS
SM
MD
LG