Линклар

logo-print

16 август куни Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги “Исломобод” жоме масжидининг қоровули 56 ёшли Ўткир Холиқов бочқинчилар етказган жароҳат натижасида вафот этди. 1 августга ўтар кечаси масжиднинг “Эҳсон қути”сидаги пулларни ўғирлаб кетган босқинчи-қотиллар ҳали ушлангани йўқ.


Оддий халқ орасида “Ачаобод” номи билан танилган “Исломобод” жоме масжидига ниқоб таққан номаълум шахслар томонидан қилинган ҳужум натижасида тан жароҳати олган қоровул Ўткир Холиқовнинг вафот этгани ҳақидаги хабар Озодликка WhatsApp тармоғи орқали етиб келди.

“Айни Рамазон ойида масжидга қилинган ҳужум натижасида жароҳатланган қоровул Ўткир Холиқов 4 кун аввал оламдан ўтди. Босқинчи-қотиллар ҳали ҳам ушланмади. Энг аянчлиси бу воқеа Рамазон ойида содир этилди”, дея хабар қилди WhatsAppдаги манбамиз.

Ўткир Холиқов босқинчилар ҳужумидан сўнг Тошкент шаҳрининг 16-сонли шифохонасида даволанаётган эди.

Шифохонадан олинган маълумотга кўра, уч қовурғаси ва бир оёғининг суяклари синган Ўткир Холиқов 12 кун даволангач, 12 август куни уйига кетишга рухсат берилган.

“Бизда даволаниб, яхши бўлгач ўтган душанба куни уйига рухсат берилди”, деди шифохонанинг навбатчи ходимаси.

Олмазор туман Ички ишлар бўлимидан олинган хабарга кўра, Ўткир Холиқов уйида оламдан ўтган.

“Холиқов шифохонадан чиқиб, уйида тўрт кун ётгач вафот этди. Шу ўғрилар етказган жароҳатлар натижасида ўлган”, деди ўзини таништирмаган милиция ходими.

“Исломобод” жоме масжидига ниқобли номаълум шахслар томонидан уюштирилган босқинчилик воқеаси бўйича Олмазор туман ИИБ жиноий иш очиб, тергов-суриштирув ишларини олиб бораяпти.

“Ҳозир босқинчилар қидирилаяпти. Тошкент шаҳри ва бутун республика бўйича қидирув эълон қилинган. Кенг кўламли қидирув ишлари кетаяпти. Ҳозирча улар қўлга олингани йўқ”, деди Олмазор туман ИИБсининг ўзини таништирмаган ходими.

31 июлдан 1 августга ўтар кечаси “Исломобод” масжидига уч-тўрт нафар номаълум шахслар босқинчилик қилиб, қоровул Ўткир Холиқовни боғлаб қўйиб, дўппослашган. Кейин эса масжиднинг “Эҳсон қути”си ва сейфидаги пулларни ҳамда бир қанча қимматбаҳо ашёларни ўғирлаб кетган.

Ушбу воқеадан кейин туман милицияси “Исломобод” масжидида назоратни кучайтирди.

Хабарларга кўра, жума ва ҳайит намозларида ҳам масжид кучайтирилган милиция гуруҳлари томонидан назорат қилинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG