Линклар

Самарқанд марказидаги Улуғбек ҳайкали олиб ташланди


Самарқанд яқинидаги Мирзо Улуғбек ҳайкали.

Самарқанд яқинидаги Мирзо Улуғбек ҳайкали.

Самарқанд шаҳар марказидаги xиëбон узра қад кўтарган 14-асрда яшаган астроном олим ва давлат арбоби Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбекнинг бор бўйи билан турган мармар ҳайкали олиб ташланди.


Самарқанддаги ëдгорликларни ҳимоя қилиш идораси бошлиғи Майсара Набираеванинг Озодликка айтишича¸ ҳайкал Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлигидан изнсиз равишда шаҳар ҳокимияти мулозимлари тарафидан ўзбошимчалик билан олиб ташланган.

Шаҳар ҳокимияти мулозимлари тарафидан август ойида олиб ташланган Улуғбек ҳайкали Самарқанд Давлат Университети олдидаги шаҳарликлар булвар деб атайдиган ҳиëбонда қад кўтариб турган эди.

Айни пайтда бу ҳайкал тақдири номаълум қолмоқда¸ дейди Самарқанддаги ëдгорликларни ҳимоя қилиш идораси бошлиғи Майсара Набираева Озодлик билан суҳбатда.

- Бу ҳайкал тақдири борасида шаҳар ҳокимиятига мактуб билан чиқдим. Аммо улар жавоб беришмади. Ҳайкалнинг ҳозир айнан қаердалиги номаълум. Шаҳар ҳокимияти мулозимларининг ўзбошимчалиги чегара билмай қолган,- дейди мулозим.

Улуғбекнинг шу кунларда олиб ташланган бу ҳайкали совет даврида ўрнатилган бўлиб¸ Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги¸ Ëдгорликларни ҳимоя қилиш Бош бошқармаси ҳисобида ҳайкалтарошлик асари сифатида қайд қилинган.

Самарқанд вилоят ҳокимлиги мулозимлари бу ҳайкалнинг нима мақсадда олиб ташланганини Озодлик мухбирига тушунтириб бера олишмади.

Самарқанд Давлат Университети олдидаги ҳиëбонни безаган бу ҳайкал ўша жойда бошланган бир қурилиш боис олиб ташланди, деган тахмин илгари сурилмоқда.

Ўзбекистон президентинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага оид эканлиги айтилган бу бино қурилиши Самарқанд марказининг меъморий мувозанатига катта зарар бермоқда, дейди ўз исми айтилишини истамаган Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд Давлат Архитектура Қурилиш институти профессори.

Суҳбатдошга кўра¸ Самарқанд марказида хусусий бино қурилиши шаҳар марказидаги совет меъморлари тарафидан барпо қилинган меъморлик мажмуаси услубига зид келган.

Ўтқизиб қўйилган Улуғбек

Айни пайтда, Самарқанд четидаги бундан икки йил бурун ўрнатилган Улуғбек ҳайкали олиб ташланмаган.

Самарқанд четидаги Улуғбек расадхонаси ëнида 1965 йили совет меъморлари тарафидан улуғ олимнинг оқ мармардан йўнилган тимсоли ўрнатилган эди.

Самарқанднинг буюк ҳукмдори Мирзо Улуғбек расадхонаси олдидаги олимнинг оқ мармарга муҳрланган тимсоли ҳамиша самарқандликлар ифтихори бўлиб келган.

Аммо бундан икки йил бурун бу ҳайкал ва музейни бузиш ишлари бошланди.

Исми ошкор қилинишини истамаган самарқандлик ҳайкалтарошнинг Озодликка айтишича¸ шаҳарга қилган ташрифларидан бирида Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов бу ҳайкални танқид қилган.

- Нега тик турибди у шунча йилдан бери қаққайиб турибди. Ўтириб дам олмайдими мундоқ деганларидан кейин бизга зудлик билан Улуғбекни курсига ўтқазилган вариантини яратинглар деган буйруқ келди. Шу тариқа тик турган Улуғбек ўтқизиб қўйилди эскиси эса синдириб ташланди¸- деб эслайди самарқандлик ҳайкалтарош.

Суҳбатдошга кўра¸ янги ҳайкал ўзбек раҳбарининг хархашаси боис яратилган бўлиб санъат мезонларидан узоқ бўлган ўта жўн обидадир.

Мирзо Улуғбекка аталган янги ҳайкал зиёрати имконига эга бўлган самарқандликлар ҳам Озодлик билан суҳбатда эскиси яхши эди, деган фикрни билдиришди.

Шаҳар марказидаги ҳиëбондан Улуғбек ҳайкалининг олиб ташланиши эса самарқандликлар тарафидан мамлакат раҳбари тўнғич қизининг навбатдаги хархашаси, дея талқин қилинмоқда.

Ҳайкали Самарқанддан олиб ташланган Моварруннаҳр султони Мирзо Улуғбек астрономия учун муҳим бўлган батафсил юлдузлар жадвалини тузган олим сифатида дунë илм аҳли тарафидан қадрланади.

Мирзо Улуғбек тирик пайтида икки марта Самарқанддан бадарға қилинган эди.

1449 йили сарой фитнаси оқибатида Улуғбекнинг боши кесилди.

У қурган расадхона ўша пайтдаги жоҳил ҳукмдорлар тарафидан вайрон қилинган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG