Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:09

Муҳожирларнинг Россиядан пул ўтказмалари камайди


Россия Марказий Банки меҳнат муҳожирларининг мамлакатдан ташқарига юбораётган пул ўтказмалари ҳажми сезиларли даражади камайганини хабар қилди. Кузатувчилар бу ҳолатни Россияда муҳожирлар меҳнатига эҳтиёжнинг камайиб бораётгани билан боғламоқда.



2013 йилнинг биринчи ярим йиллигида жисмоний шахслар Россиядан банклар орқали жўнатган пул ҳажми 218,5 миллиард рубл (6,64 миллиард АҚШ доллари)ни ташкил этди. Россия Марказий Банкининг ўз сайтида келтирган статистик маълумотларига кўра, бу ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 6,4 фоиз ўсиш деганидир, ваҳоланки 2012 йилнинг биринчи ярмида ўсиш кўрсаткичлари 14,3 фоизни ташкил этган.

Айниқса, меҳнат муҳожирлари пул ўтказмалари 4 баробарга камайгани эътиборга молик (2012 йилнинг 1-ярмида – 16,2 фоиз; 2013 йилнинг 1-ярмида – 4,5 фоиз). Молия мутахассислари 2013 йилнинг биринчи ярим йиллигида хориж фуқароларнинг пул ўтказмалари қарийб 107 миллиард рубл (3,25 миллиард АҚШ доллари)ни ташкил этганини ҳисоблаб чиқди.

Россия Миллий Банк Кенгаши аъзоси, молия омбудсмани Павел Медведев Озодлик билан суҳбатда муҳожирларнинг пул ўтказмалари камайиб бораётганини Россияда бошланаётган иқтисодий муаммолар билан боғлади:

- Ҳа, албатта камаяди. Бизнинг иқтисодиётимиз тушкунликка тушаётган бўлса, бундай бўлиши турган гап эди. Иқтисодиёт инқирози ҳақида Росстатнинг нохуш маълумотлари аллақачон эълон қилинди. Бундан чиқди, иш жойлари камайиб бораяпти. Мигрантлар иқтисодиёт гуркираб ўсаётганда, йирик қурилишлар кетаётганда об-ҳаводек зарур. Афсуски, Россия ўсишининг авжига чиққан пайти ортда қолди, дейди молиявий таҳлилчи Павел Медведев.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:46 0:00
Бевосита линк


Мутахассиснинг фикрича, Россия иқтисодиётида кузатилаётган пасайиш мигрантларнинг даромадларига таъсир этмасдан қолмайди.

Таъкидлаш жойизки, Россияда Владивостокнинг Далний оролида, Сочидаги Олимпия иншоотлари қурилишлари, Москва мегаполисидаги оммавий уй-жой қурилишлари якунига етмоқда. Бу қурилишларда ишлаган минглаб меҳнат муҳожирлари бошқа соҳаларда иш топишга уринмоқда, иш ўрнига бўлган рақобат ошиб бормоқда.

Шунга қарамасдан, Павел Медведев меҳнат муҳожирлари пул ўтказмалари камайиб бораётганини Россия ҳукуматининг сўнгги пайтларда олиб бораётган “тозалаш” сиёсатига бевосита боғламаслигини айтади.

- Менимча, бунга боғлиқ эмас. Чунки шубҳали сиёсат олиб борилмоқда. Полиция қилаётган амаллар мутлақо қоронғу, мантиқсиз ва беманидир. Нефт нархи юқори – мана нима бизни ушлаб турибди! Олинаётган даромад ўғирланиб талон-тарож қилинди, жамиятда парокандалик юзага келди. Бу иқтисодиётимизни парчалаяпти. Қолаверса, одамларда эртанги кунга ишонч йўқолиб бормоқда, тадбиркорлар Россияда муваффақиятли бўлиш хавфли эканини гапирмоқда – сен фойда олишни бошласанг, дарров хўжайинлар топилиб қоляпти. Бундай шароитларда ўсиш бўлмайди, дея фикр билдирди Россия Миллий Банк Кенгаши аъзоси, молия омбудсмани Павел Медведев Озодлик билан суҳбатда.

Россия Марказий банки маълумотига кўра, пул ўтказмалари бўйича биринчи учликни Ўзбекистон, Тожикистон ва Украина эгаллаб келмоқда. Бу мамлакатларга муҳожирларнинг жами ўтказмалари ҳажми 64 фоизни ташкил этди.

Россия Марказий банки 2012 йил давомида Ўзбекистон фуқароларининг Россиядан пул ўтказмалари 5,693 миллиард АҚШ долларини ташкил этганини хабар қилган эди.
XS
SM
MD
LG