Линклар

Ўшда яна ўзбекларнинг адвокатлари калтакланди


Ўш воқеалари бўйича судлардан бири.

Ўш воқеалари бўйича судлардан бири.

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида ўзбекларни ҳимоя қилаётган адвокатлар яна калтакланаяпти. Бу ҳақда 24.kg ахборот агентлиги “Қилим шами” ҳуқуқни ҳимоя қилиш марказига таянган ҳолда хабар қилади.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, 20 август куни Муҳаммаджон Бузруков иши бўйича жиноят иши кўрилаётган Ўш вилоят суди биносида судланувчини ҳимоя қилаётган адвокатлар Динара Медетова ва Қубан Жўрўев калтакланган.

“Маълум бўлишича, жабрланган тараф вакиллари бўлмиш ўн чоғли дарғазаб аёл бевосита суд залида адвокатларга даф қилиб, уларни калтаклаганлар. Ҳозирда маҳкама жараёни суд коллегияси томонидан 29 августга қолдирилди”, дея қайд этади “Қилим шами” вакиллари.

Маълумотларга кўра, 19 август куни адвокат Динара Медетова суд раиси, прокурор ва Ўш вилоят Ички ишлар бошқармаси раҳбари номига мактуб йўллаб, улардан хавфсизлик чораларини кўришни сўраган. Чунки мазкур иш бўйича аввалги маҳкама мажлисларида нафақат судланувчи, балки гувоҳлар ва адвокатлар ҳам калтакланганди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, аввалроқ Бузруковни ҳимоя қилган бошқа адвокат – Г. Пратов ҳам тажовузкор аёллар томонидан калтакланган ва пировардида узоқ давом этган юрак хасталигидан вафот этган.

“Аввалроқ айнан шу аёллар гуруҳи олдинги маҳкама жараёнларида гувоҳлик кўрсатмалари бериши лозим бўлган Турғунай Айтиевани калтаклаганди. Айтиева ҳозир яна касалхонада ётиб даволанаяпти”, дея таъкидлайди қирғизистонлик ҳуқуқ фаоллари.

Ўшлик Муҳаммаджон Бузруков иши ҳақида Озодлик аввал ҳам бир неча бор хабар қилган. 2013 йилнинг 27 феврал куни Қирғизистон Олий суди Ўш вилоят судининг Муҳаммаджон Бузруковни бир умрга озодликдан маҳрум этиш тўғрисидаги ҳукмини бекор қилиб, ишни қайта кўриб чиқиш учун юборганди.
XS
SM
MD
LG