Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:34

Блог: Ҳокимларнинг биринчи рақамли кушандаси


Николай Гогол портрети.
Николай Гогол портрети.

Пойтахтдан таппа босар тафтишчи келиб қолса, манаман деган ҳокимнинг ҳам пайтавасига қурт тушади. Оёғи куйган товуқдай чор томонга югургилаб қолади: чақирилмаган қўноқнинг кўнглини олишга уринади.


Ҳоким ва тафтишчи можаросини руснинг улуғ адиби Гоголдан ўтказиб ҳеч ким ёзолмади. Гогол номи тилга олингани заҳоти, зукко ўқувчи гап “Ревизор” комедияси ҳақида кетаётганини дарров англагандир.

Ёзувчи ревизор воқеаси баҳонасида порахўр арбобларнинг ичак-чавоғини ағдар-тўнтар қилиб ташлаган ўзиям!

Чумчуқ пир этса, юраги шир этадиган, тўқимтабиат ҳоким Антон Антоновични эсланг.

Ўлгудей суллоҳ, пора деса ўзини томдан ташлайдиган амалдор китоб саҳифаларида қолиб кетди, деганлар адашади. Ўз манфаати йўлида ҳеч қандай тубанликдан қайтмайдиган антон антоновичлар бугун ҳам учрайди.

Қуйида “Ревизор”даги ҳокимтўра тилидан айтилган айрим гапларни келтирамиз. 177 йил (!) олдин кўтарилган муаммолар бугун ҳам ўз долзарблигини йўқотмаганига диққат қилинг-а...

Бировларнинг ҳожатини чиқариб олинган пул пора эмас, деб иддао қилади - “Битта-яримтадан пора олган бўлсам ҳам, азбаройи худо, бирор ғараз билан олган эмасман”.

Почта мудирига хатларни ўғринча ўқишни топширади - “Менга қаранг, Иван Кузьмич, ҳаммамизга ҳам нафи тегадиган бир иш қилсангиз, қалай бўлар экан: почтахонангизга келадиган, кетадиган ҳамма хатларни, ҳалигидай, оз-моз очиб кўрсангиз: шикоят ё бошқа бирон гап чиқиб қолмасмикан? Ҳеч гап бўлмаса, яна бекитиб қўяверасиз, ҳатто шундай, очиқлигича юбораверсангиз ҳам бўлаверади, ҳеч бокиси йўқ”.

Миршабга “инсоф” билан пора олишни уқтиради - “Ҳой, менга қара, сен! Мен сени биламан: ҳамиша кумуш қошиқларни ўғирлаб, этигинг қўнжига тиқасан. Мени билмайди дейсанми? Савдогар Чернаевни нима қилдинг? А? У сенга мундир тикдиргани икки газ мовут берган эди, ҳаммасини еб кетдинг. Пора олсанг, амалингга яраша олгин-да!”

Катта раҳбарларга ёқиш учун хўжакўрсин ишларга зўр беради - “Этикдўзнинг ёнидаги эски деворни дарров йўқотиб, ўрнига бордон тўсиб қўйилсин, тоинки, шаҳар кўчалари план билан солинаётганга ўхшаб турсин. Бузилган жой қанча кўп бўлса, шаҳар ҳокими шунча ишчан кўринади”.

"Беайб Парвардигор" деб, ўзини алдамоқчи бўлади - “Ғалати гап-да, гуноҳдан пок одам бор эканми? Худонинг ўзи бандасини шундай қилиб яратган”.

“Кўрнамак” деб шикоятчиларга дағдаға қилади - “Ҳа, айтгандай, агар у чиновник хизматдагилардан, аскарлардан “Хурсандмисизлар!” деб сўрагудай бўлса, ҳамма “Жуда хурсандмиз, жаноби олийлари” десин; битта-яримта “Норозимиз” дейдиган бўлса, мен унга кейин норозиликни кўрсатиб қўяман!”

Туя гўшти еб ётган қурилиш ҳақида ёлғон тўқишни уқтиради - “Ҳа, бундан беш йил бурун худойихоналар ҳузурида бутхона солиш учун пул чиқарилган эди, шу бутхона нега ҳозиргача солинмайди, деб сўраса, “Солинаётган эди, битай деганда ўт тушди” дейишни эсингиздан чиқарманг. Мен бу хусусда рапорт ҳам топширганман, тағин битта-яримта одам, эсида йўқ, аҳмоқлик қилиб, “Бутхона солиш ҳаракати ҳам бўлган эмас” деб ростини айтиб қўймасин”.

Ўзини оқлашга уринади - “Тажрибасизлик, азбаройи худо, тажрибасизлик. Камбағалчиликдан... Ўзлари ўйлаб кўрсинлар: подшолик берадиган ойлик чой билан қандга ҳам етмайди. Пора олган бўлсам ҳам жуда оз, унча-мунча овқат-у, битта-иккита кийимга яраша олганман, холос”.

Пойтахтлик амалдорга қуда бўлиш ҳақидаги хабардан босар-тусарини билмай қолади - “Ҳали менинг устимдан арз қиладиганми булар! Вой уруғинг қурғур кўрнамаклар-эй! Шошмай тур ҳали ҳамманг! Сен менинг устимдан ариза кўтариб келганларнинг номини ёзиб ол, ука, ҳаммадан ҳам шу аризаларни битиб берганларни хатга ол. Ундан кейин ҳаммага айт: ҳокимга тоза худо бериб қолди: қизини шунақа ҳам катта одамга бердики, нариёғи йўқ, энди ҳар иш қўлидан келади дегин! Ҳаммага айт, билмаган одам қолмасин. Кўчага чиқиб жар сол, довул ур!”

Ҳамтовоқларига берган жиноий ёрдамини писанда қилади - “Кўприк солганингда юз сўмлик келмайдиган ёғочни йигирма минг сўмлик, деб ёзганингда, сенга ким ёрдам берган эди? Мен эдим, эчкисоқол! Эсингдан чиқдими? Ўшанда бир оғиз айтиб, сени Сибир қилиб юбориш қўлимдан келар эди!”

Фириб пиллапояларидан қандай кўтарилганини ҳикоя қилади - “Ўттиз йилдан бери ҳукумат хизматидаман, шу вақтгача биронта савдогар ё пудратчи қўлга туширолган эмас эди. Манаман деган товламачиларни товлаганман, бутун ер юзини ўғирлаш қўлидан келадиган айёр, маккорларни ҳам тузоққа илинтирган одам эдим. Учта губернаторни алдаганман”.

Синчков ўқувчи


P.S. Гоголь қаҳрамонининг гаплари орасида сиз билган бугунги ҳокимлар тилидан чиқадиган дағдағалар учраб қолса, ҳайрон бўлманг. Айтдим-ку, ҳокимтўра Антон Антонович, ўтмишда қолиб кетгани йўқ, ҳамон орамизда яшаяпти, деб...
XS
SM
MD
LG