Линклар

Қозоғистон меҳнат муҳожирларига иш учун рухсатнома бериш тартибини қонунан осонлаштиришни режаламоқда. Бу ҳақда Tengrinews.kz сайти Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги миграцион полиция департаменти бошлиғи Серик Саинов сўзларига таянган ҳолда хабар тарқатди.


Саиновга кўра, бугунги кунда амалда бўлган хориждан ишчи кучи жалб қилиш механизмининг мураккаблиги жисмоний шахсларга меҳнат муҳожирларини ишга ёллаш имкониятини қийинлаштирмоқда.

- Бунинг натижасида Марказий Осиё минтақасидан бўлган муҳожирларнинг катта қисми мамлакатда ноқонуний ишлаб юрибди. Улар Қозоғистонга кўпинча шахсий ишлари билан, яъни меҳмонга келганларини айтаяптилар. Бу муаммони ҳал қилиш мақсадида жисмоний шахслар таъмир ва хўжалик ишлари, бола парвариши, бошқа хизматлар кўрсатишга ёллай олишлари учун меҳнат муҳожирларига осонлантирилган тартибда иш рухсатномаси беришни кўзда тутган қонун лойиҳаси ҳозирланди. Ҳозирги пайтда у кўриб чиқиш учун парламентга топширилган, - деди Серик Саинов.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши, миграция хизмати вакилларига кўра, муҳожирлар меҳнатини яширин жабҳадан легал жабҳага кўчиришга кўмаклашади, уларнинг келиш-кетиши устидан назорат самарадорлигини оширади ҳамда солиқ шаклида иқтисодиётга маблағ жалб қилиш имкониятини беради.

Қозоғистондаги нисбатан барқарор иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий вазият бу мамлакатга кўплаб хорижликлар, айниқса, қўшни мамлакатлар фуқаролари иш излаб келишига сабаб бўлмоқда.

Серик Саиновга кўра, жорий йилнинг ўтган олти ойи ичида Қозоғистонга МДҲ мамлакатларидан келган 391 минг фуқаро рўйхатга олинган, бу мамлакатга келган хорижликларнинг 81 фоизини ташкил қилади.

- Хорижликларнинг энг кўпи Ўзбекистондан (242 минг киши) келган. Шунингдек, Россиядан 69 минг киши, Қирғизистондан эса 43 минг киши келган, - деди Серик Саинов.

Унинг айтишича, ҳозирги пайтда 21 минг хорижликка иш учун рухсатнома берилган. Улардан 3887 нафари Россия, 3758 нафари Хитой, 2469 нафари Туркия, 1451 нафари эса Ҳиндистон фуқароларидир.

- 2011 йили полиция ходимлари томонидан чет элликларни ноқонуний равишда ишга ёллаган 2177 нафар иш берувчи аниқланди. 2012 йили эса бунга оид 2013 ҳодиса, 2013 йил бошидан буён эса 1211 ҳодиса аниқланган. Иш берувчиларнинг ҳаммаси маъмурий жавобгарликка тортилди, улар қўлида ишлаган хорижликлар эса Қозоғистондан бадарға қилинди, - деди Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги миграцион полиция департаменти бошлиғи Саинов.

Қозоғистондаги жорий тартибга кўра, мамлакатга келган фуқаролар чегарадан ўтгандан сўнг 30 кун давомида иш учун рухсатнома олмай юришлари мумкин. Бу муддат битгач эса улар рухсатнома расмийлаштиришлари шарт бўлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG