Линклар

logo-print

Рус зиёлилари инсофга чақирилди


Россия бўйлаб муҳожирларга қарши жазава авж олиб бораётгани рус зиёлилари назаридан четда қолмоқда.

Россия бўйлаб муҳожирларга қарши жазава авж олиб бораётгани рус зиёлилари назаридан четда қолмоқда.

Россиялик бир гуруҳ ҳуқуқ ҳимоячилари рус зиёлиларига мурожаат қилиб, мамлакатда авж олган “мигрантларга қарши жазавани” тўхтатишга кўмаклашишни сўради.



Фаоллар миллий адоват ва ксенофобия Россияни фуқаролар уруши ёқасига олиб келишидан хавотир билдирмоқда.

“Жамиятимиз нафрат гирдобига тортилиб бормоқда, бундан чиқишнинг ягона йўли фуқаролар урушидир. Мамлакатимизда вазият шу даражада мураккабки, портлаш учун учқун етарли, ва бу “учқун” вазифасини энг тез ёнадиган материал – миллатлараро муносабатлар бажариши мумкин”, дейилади “Новая газета”да эълон қилинган очиқ мурожаатномада.

Мурожаатнома остига Москва Хелсинки гуруҳи раҳбари Людмила Алексеева, “Фуқаровий кўмак” қўмитаси бошлиғи Светлана Ганнушкина, “Кўчиш-кўчириш ташкилотлари Форуми” мувофиқлаштирувчиси журналист Лидия Графова, Сахаров Маркази фаоли Сергей Ковалёв ва “Мемориал” Халқаро жамияти ҳуқуқ ҳимоячиси Арсений Рогинскийлар имзо қўйган.

Очиқ хат муаллифлари Россия бутун дунё олдида қулдорлик мамлакатига айланиб бораётгани, бу шармандаликда аслида жабрдийда бўлган меҳнат муҳожирлари айбдор қилиб кўрсатилаётганидан таассуф билдирди.

“Ҳукумат аҳоли орасида ўзи яратган ксенофобиядан устамонлик билан фойдаланиб, халқнинг ғазабини ўзидан “1-рақамли” душман – мигрантларга қаратмоқда. Жамоатчилик фикрини ҳийла-найранглар билан бошқариш авж олаётган бир пайтда жамиятда машҳур ва ҳурматга эга, сиёсий ўйинлардан йироқ бўлган шахсларнинг хушга келтирувчи овозлари янграши ўта муҳимдир”, деб ёзди ҳуқуқ ҳимоячилари.

Муаллифлар Россияда "ҳақиқий қулдорлар"нинг бирортаси шу пайтгача жиноий жавобгарликка тортилмаганини таъкидлаб, Гольяново туманидаги бедодликка жамоатчилик эътиборини қаратди.

Ўтган йилнинг охирларида жамоатчилик фаоллари бу тумандаги “Озиқ-овқат” дўконида йиллар давомида қулликда сақланган Ўзбекистон фуқароларини аниқланган эди.

Ҳатто қудратли “Фуқаровий кўмак” ташкилоти юристлари келиб чиқиши қозоғистонлик бўлган эр-хотин қулдорлар устидан жиноий иш очилишига бир йилдан бери эриша олмаяпти.

“Бугун муҳожирларнинг иқтисодиётимизга қўшаётган ҳиссаси ялпи ички маҳсулотнинг 7 фоизини ташкил этяпти. Айни дамда, қаттиққўл полиция облавалари Россиянинг кўплаб шаҳар ва ўлкаларига ёйилмоқда”, дейилади хатда.

Мурожаатномада Санкт Петербургнинг Кронштадт шаҳрида мигрантларни яшаш жойлари тўғрисида юмалоқ хатлар учун муниципал қутилар, бепул телефон линияси жорий қилингани, айрим жойларда мигрантлар кийимларига махсус белгилар қўйилаётгани тўғрисида гапирилади.

Россия ҳукумати олиб бораётган сиёсатни Гитлер даври Германиясига қиёслар экан, фаоллар фан ва маданият арбобларига қарата “Нега жимсиз? Сиздан бошқа ким ёлғондан чарчаган юртдошларимиз эсини киргизади? Виждонли одамлар бугун жим турмаслиги керак. Ахир эртага сизни ҳеч ким эшитмаслиги мумкин...”, деб мурожаат қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG