Линклар

Тошкентда янги масжид қурилади

  • Садриддин Ашур

Тошкентдаги "Кўкча" жоме масжиди.

Тошкентдаги "Кўкча" жоме масжиди.

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида янги жоме масжиди қурилиши лойиҳалаштирилмоқда. Президент қарорига кўра, масжид қурилиши келгуси йилнинг январида бошланади ва ноябр ойида фойдаланишга топширилади.


"Ўртача масжид бўлади"


Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансурнинг Озодлик радиосига айтишича, айни пайтда янги масжиднинг лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда.

- Бу масжид қурилиши ҳақида рамазон ойи арафасида президентимиз томонидан қарор чиқди. Юнусобод туманидаги “Минор” қабристони ёнида қуриладиган бўлди. Қарорга кўра, 2014 йилнинг январигача архитектура идоралари масжид лойиҳасини тайёрлашлари керак. Қурилиш январ ойидан бошланади ва биринчи ноябрга қуриб битказилади. Ҳозир биз билан маслаҳатлашиб туришибди, биз керакли маслаҳатларни бериб турибмиз,- дейди шайх Абдулазиз Мансур.

Дин уламоси Юнусобод туманида янги масжид қурилишини, пойтахтнинг бу ҳудудида истиқомат қиладиган тошкентликлар эҳтиёжи билан шартланган, дейди:

- Бу унчалик катта масжид бўлмайди, ўртача ҳажмда бўлади. Ўша жой, Бодомзорга ўтиб кетадиган жой, Юнусобод йўлига яқин жойда қурилади, ҳақиқатан ҳам яқин атрофдаги масжид узоқроқ. Яхши ният билан бошланди, одамлар хурсанд, Бодомзор масжиди узоқроқ эди, жуда яхши бўлди дейшяпти,- дейди шайх Абдулазиз Мансур.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосарининг айтишича, масжид қурилиши давлат ҳисобидан молиялаштирилади.

“Масжидлар кўпайгани билан намозхон кам”


Тошкентда янги масжид қурилиши режаланаётганига ўзбекистонлик оддий мусулмонлар турли муносабат билдирмоқда, боиси кейинги йилларда Ўзбекистон бўйлаб минглаб масжид расмийлар тарафидан ёпиб ташланди.

Овозини ёзиб олмаслик шарти билан Озодликка гапирган Фарғона вилоятидаги масжидлардан бирининг имом-хатиби ҳукуматнинг мусулмонларга бўлган муносабатини ҳам ижобий деб бўлмайди, дейди.

- Бизда аксарият маҳалла масжидлари ёпилиб кетди. Фақат катта жомеъ масжидлари қолган холос. Вилоят ва туман марказларидаги катта масжидларнинг ҳолати яхши, қолганлари хароб, таъмирталаб бўлиб ётибди. Намозхонларнинг ҳам ҳайит намозларидан ташқари масжидга келишлари сийраклашган, дейди имом-хатиб.

Имомга кўра, вилоятда намозхонлик қаттиқ таъқиб қилинмоқда ва шу сабаб ҳам масжидларга одамлар кам келадиган бўлиб қолган:

- Мана ҳар замон Тошкентга бораман, масжидларда намоз ўқийман. Пойтахтда анча эркин, масжидлар тўлиб туради. Бизда эса аҳвол жуда ёмон. Масалан рамазонда, болаларни ҳам масжидга қўймаслик ҳолатлари бўлди. Кейин рамазон пайтида соат ўн бир яримгача таровеҳ намозларини тугатиш талаби қўйилди. Қуръон хатм қилинадиган рамазон кечаларида вақтдан кеч қолган баъзи имомлар тегишли идорага чақиртирилиб, огоҳлантириш ҳам олдилар. Намозхонлар оқ дўппи кийиб юрса ҳам анча диққатчиликлар қилишган. Одамлар масжиддан бошқа жойда жамоат бўлиб намоз ўқишга қўрқиб қолган, дейди Фарғона вилоятидаги масжидлардан бирининг имом-хатиби.

“Бу масжидлар пойгаси эмас”


Сўнгги йилларда собиқ иттифоқ давлатларида катта масжидлар қуриш анъанага айланиб боряпти.

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида, мамлакат президенти Имомали Раҳмон ташаббуси билан юз минг одам сиғадиган масжид қурилиши тугай деб қолди. Бу масжидни Қатарнинг “Қатари Диёр” ширкати қурмоқда.

Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида ўн минг одам сиғадиган “Ҳазрат Султон” масжидининг қурилиши ҳам бу мамлакат президенти Нурсултон Назарбоев ташаббуси амалга ошди. Бу масжиднинг умумий майдони 11 гектарни ташкил этади.

Тошкентда қурилаётган масжид ҳам Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов кўрсатмасига боғлиқ бўлгани боис, қўшни давлатлар раҳбарлари кимўзарга масжид қуришмоқда, деган фикрлар пайдо бўлди.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур Ўзбекистон қўшни давлатлар билан масжид қуриш пойгасига қўшилди, деган фикрларни рад қилади:

- Мана, Чеченистонда, Грознийда ҳам қурилди. Президентлар ким катта масжид қуриши борасида мусобақа қилишяпти экан, деган гапларни ҳам одамлар гапириб юрибди. Лекин гап бошқа ёқда. Аслида масжид қурилса, бу яхши иш. Бизда ўзи масжидлар етарли, ҳаммаси таъмирланган, мана бу йил 2000дан ортиқ масжидларда таровеҳ намозлари ўқилди. Лекин бу янги масжид қурилаётганидан ҳозир ҳамма хурсанд,- дейди шайх Абдулазиз Мансур.

Озодлик Тошкент шаҳар Юнусобод туманига қарашли Минор маҳалласида қурилажак янги жоме масжидига жой очиш учун ўнлаб аҳоли уйлари, тижорат масканлари бузилаётгани ҳақида хабар берган эди.

1998 йилга қадар мамлакатда расмий рўйхатдан ўтган масжидлар сони етти мингдан ошар эди.

Бугунга келиб эса, аҳолиси 30 миллион кишидан ошган Ўзбекистонда 2037 та масжид мавжуд эканлиги айтилмоқда.

Қиёслаш учун: аҳолиси 5 ярим миллион кишилик Қирғизистонда 2200 та, аҳолиси 7 млн кишилик Тожикистонда қарийб 3500 та масжид мавжуд.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG