Линклар

logo-print

Марҳаматлик ўқитувчи Элдор Ғуломов мумтоз қўшиқчи сифатида соврин олди


"Ниҳол" танлови қатнашчилари таниқли қўшиқчи Озодбек Назарбеков билан.

"Ниҳол" танлови қатнашчилари таниқли қўшиқчи Озодбек Назарбеков билан.

Тошкентдаги “Истиқлол” санъат саройида тақдимоти бўлган ëш ижрочилар ўртасидаги “Ниҳол” мукофотининг мумтоз мусиқа бўйича бош соврини 23 яшар андижонлик ўқитувчи Элдор Ғуломовга берилди.



Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 26-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Элдор Ғуломов ижро этган “Ҳануз” деб номланган ўзбек халқ қўшиғи мумтоз қўшиқ йўналишида "Ниҳол" мукофотига лойиқ деб топилди.

Элдор Ғуломовга “Ниҳол” мукофотини Ўзбекистон Халқ артисти Ғуломжон Ёқубов топширди.

Озодлик билан суҳбатда ҳофиз Ғуломжон Ёқубов бу йигит айтган қўшиқ ижросидан қониққани боис атайлаб бу мукофотни Элдор Ғуломовнинг қўлига шахсан топширишга истак билдирганини айтади.

- Менга қўшиқ ижроси жуда ëқди. Атайлаб ташкилотчилардан илтимос қилиб, шу йигитга далда бериш мақсадида мукофотни ўз қўлим билан топширдим¸- дейди ëш ҳофиз санъатини эътироф қилган Ўзбекистон Халқ артисти Ғуломжон Ёқубов.

Мумтоз қўшиқчи сифатида соврин олган Элдор Ғуломов Озодлик билан қисқа суҳбатда ўзи ижро қилган анъанавий йўналишдаги қўшиқнинг устоз санъаткорлар тарафидан эътироф қилинганидан мамнунлигини билдирди.

Элдор Ғуломовнинг устози Шаҳобиддин ака Абдуллаев Озодлик билан суҳбатда оддий оиладан чиққан ва моддий имконлари катта бўлмаган ëш ҳофизнинг ўз кучи билан соврин олганини урғулади.

- Бировларни қўллаб-қувватлаши билан мукофот олинади деган гап сўзлар юради. Лекин Элдоржон ҳақиқий ўз кучи билан бу мукофотни олди. Тўғриси мен устоз сифатида ойлигимдан орттириб шу йигитга моддий ëрдам бердим. Йўлкира¸ кийим кечак дегандай. Ўзи бу сафар Элдоржон иккиланган эди. Мен ўзим ундадим. Конкурсга бор¸ албатта соврин оласан¸ кўнглим сезяпти дедим. Ҳудди кўнглимдагидай бўлди. Бу йигитга ҳофиз Ғуломжон акани ҳам назари тушди. У киши шу болага совринни ўзиб берай деб лутф қилибдилар.

Озодлик: Энди андижонлик ëш ҳофизга бу унвонни Шерали Жўраев берса ярашармиди¸ нима деб ўйлайсиз?

- Менимча, Ғуломжон топширгани мақул бўлди. Нега десангиз, “Ҳануз” деб номланган ўзбек халқ қўшиғидаги нола фақат Ғуломжонда бор. Зар қадрини заргар билар дейишадику. Яхши бўлди аммо лекин¸- дейди мусиқа муаллими Шаҳобиддин Абдуллаев.

Элдор Ғуломов “Ниҳол” мукофотини олган пайтда Марҳамат туман прокурори телефон қилиб табриклади, дейди совриндорнинг устози Озодлик билан суҳбатда:

- Туман прокурори кўп шинаванда¸ санъатга ташна киши. Қаранг ўшандоқ одамам Марҳаматдан чиққан ëш талантни қўллаб-қувватлаб телефон қилибди. Умуман марҳаматликлар хурсанд, дейди суҳбатдош.

17 август куни Элдор Ғуломов доҳил 15 санъаткорга “Ниҳол” мукофоти берилди.

Тадбирда қатнашчиларини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, “Ниҳол” мукофоти кенгашининг раиси Адҳам Икромов қутлади.

“Ниҳол” мукофоти 2000 йилда Ўзбекистон президенти тарафидан қабул қилинган қарор асосида жорий қилинган давлат мукофотидир.

Ëш истеъдодларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бу мукофот тақдимоти ҳар икки йилда бир марта ўтказилади.

“Ниҳол” мукофоти совриндори давлат гранти асосида олий ўқув юртига имтихонсиз кириш ҳуқуқини қўлга киритади.

“Ниҳол” мукофоти соҳиблари ўз йўналишлари бўйича олий ўқув юртига имтиҳон ва тест синовларисиз давлат гранти асосида ўқишга кириш имконияти, "Ниҳол"нинг махсус статуэткаси ва энг кам ойлик иш ҳақининг 70 баробари миқдорида пул мукофотига эга бўлади.

Айнан шу боис бу мукофот атрофида коррупция ва таъмагирлик ҳолатлари урчигани айтиб келинади.

Санъаткорлар орасида “Ниҳол” олишга пул йиғяпман” деган гап сўзлар эшитилиб қолади.
XS
SM
MD
LG