Линклар

Сурия мухолифати ҳукумат кучлари кимёвий қурол қўллаганини иддао қилди


Сурия мухолифати бу одамлар кимёвий қурол ҳужуми оқибатида нобуд бўлганини иддао қилмоқда.

Сурия мухолифати бу одамлар кимёвий қурол ҳужуми оқибатида нобуд бўлганини иддао қилмоқда.

Сурия мухолифати ҳукумат кучлари Дамашқ яқинида исёнчиларга қарши кимёвий қурол қўллагани оқибатида юзлаб одам нобуд бўлганини айтмоқда. Сурия ҳукумати мухолифат иддаларини рад қилди. Айни пайтда Араб Лигаси Бош котиби Сурияга сафар қилаётган кимёвий қуроллар бўйича БМТ инспекторларини воқеа жойига бориб вазиятни ўрганишга чақирди.



Сурия ҳукумати қўшинлари 21 август куни эрталаб Дамашқ яқинидаги исёнчилар назоратида бўлган ҳудудларни бомбардимон қилишда кимёвий қурол қўллаганига оид мухолифат иддаоларни рад қилди.

Сурия давлат телевидениеси чоршанба куни эрталаб ҳукумат кучлари “заҳарли газ” жойланган ракеталар билан ҳужум уюштиргани ҳақидаги хабарлар “ҳақиқатдан йироқ”, дея билдирди.

Сурия ҳарбийлари баёнотини армия матбуот вакили ўқиб эшиттирди.

- Исёнга даъват қилган ва ёлғон маълумотлар тарқатган, Сурияда қон тўккан ахборот воситалари Сурия араб армияси Дамашқ ташқарисида кимёвий қуроллар қўллагани ҳақида одатдагидек, ёлғон хабар тарқатди. Армия қўмондонлари бу иддаолар мутлақо ёлғон эканини ва бу Сурияга қарши айрим давлатлар томонидан олиб борилаётган ифлос ахборот урушининг бир қисми эканини тасдиқлади,- деди Сурия армияси вакили.

Ундан олдин қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ташкилоти кимёвий қуроллар ҳужумида ўнлаб одам нобуд бўлганини хабар қилиб, Сурияга борган БМТ экспертларидан ушбу воқеа юзасидан текширув ўтказишга чақирган эди.

Сурия ҳукуматига мухолиф бўлган Маҳаллий мувофиқлаштириш қўмитаси ҳужумда юзлаб одам ўлганини билдирди.

Мухолифатдаги Сурия миллий кенгаши лидери Аҳмад ал-Жарба “Ал-Арабия” телеканалига берган интервьюсида Дамашқ ташқарисида жойлашган Ғоута минтақасида уюштирилган ҳужумда камида 100 киши ўлганини иддао қилди.

Ал-Жарба БМТ Хавфсизлик кенгашини “зудлик билан” сессия ўтказиб воқеани муҳокамага қўйишга чақирди.

Сурия миллий кенгаши Twitter орқали Дамашқ яқинидаги ҳужумда 650 дан зиёд одам ҳалок бўлганини билдирди.

Истанбул шаҳрида сўзлаган Сурия миллий кенгаши матбуот котиби Холид Солиҳ Рейтерс ахборот агентлигига ҳужум учун Президент Башар Ал-Ассад ҳукумати кучлари масъул эканини таъкидлади.

- Кимёвий қуроллар ишлатилгани бизга кундек равшан. Уларни қўллашда баллистик ракеталардан фойдаланилди. Фақат режим бундай қуролларни бегуноҳ одамларга қарши ишлитиш иконияти ва истагига эга, деди Сурия мухолифати вакили.

Бош қароргоҳи Қоҳирада жойлашган Араб Лигаси Бош котиби Набил ал-Арабий кимёвий қуроллар бўйича БМТ инспекторларини “зудлик билан Ғарбий Ғоутага бориб содир этилган жиноятни ўрганиш”га чақирди.

Британия Ташқи ишлар вазири Уильям Ҳейг эълон қилган баёнотда Британия ҳукумати “Дамашқ яқинидаги исёнчилар назорат қилаётган ҳудудга кимёвий қурол билан қилинган ҳужумда юзлаб одам, жумладан, болалар ҳам нобуд бўлгани” ҳақидаги хабарлардан ташвишда экани билдирилган.

Ҳейг ўз мамлакати Сурия ҳукумати кимёвий қуроллардан фойдалангани ҳақидаги иддаони БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида кўтаришини билдирди.

Сурия давлат телевидениеси мухолифатнинг иддаолари якшанба куни Сурияга икки ҳафталик текширув миссияси билан келган БМТнинг кимёвий қуроллар бўйича экспертлар гуруҳини чалғитишга қаратилган, дея таъкидлади.

Давлатга қарашли SANA ахборот агентлиги иддао қилинган кимёвий қуроллар ҳужуми ҳақида маълумот тарқатган хорижий ахборот агентликларини Сурияда қон тўкилишига ҳисса қўшаётганлик ва терроризмни қўллаб-қувватлаётганликда айблади.

Сурия ҳукумати ва мухолифат гуруҳлари бир-бирини мамлакатда икки ярим йилдан бери давом этаётган урушда кимёвий қуроллардан фойдаланганликда айблаб келмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG