Линклар

logo-print

Бекободда ушланган Тожикистон фуқароси тақдири мавҳум қолмоқда

  • Садриддин Ашур

Тожикистон фуқароси Абдумавлон Абдураҳмонов Ўзбекистонда ҳибсга олинган. Абдураҳмонов қариндошларига кўра, у биринчи никоҳдан бўлган ўғлини кўргани Ўзбекистонга келганида миллий хавфсизлик ходимлари томонидан қўлга олинган. Бироқ Ўзбекистон томони унинг ҳибсда эканлигини рад этмоқда. Бу ҳақда инсон ҳуқуқлари бўйича Amnesty International ташкилоти хабар берган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Amnesty International ташкилотининг хабарига кўра, тожикистонлик 38 ёшли Абдумавлон Абдураҳмонов жорий йилнинг 25 апрелида биринчи никоҳидан бўлган ўғлини кўришга Ўзбекистоннинг Бекобод шаҳрига келган.

Абдумавлон Абдураҳмонов яқинларига кўра, у 28 апрелда уйига қайтиши лозим эди. Бироқ 29 апрел куни унинг акасига Абдумавлоннинг биринчи хотини қўнғироқ қилиб, уни 27 апрел куни миллий хавфсизлик ходимлари томонидан ушлаб кетилганини айтади. Шундан сўнг Абдумавлон Абдураҳмоновнинг яқинлари унинг тақдиридан бехабар.

Абдумавлон Абдураҳмонов яқинларининг айтишларича, у икки кун мобайнида Бекободдаги милиция бўлимида ушлаб турилган, 10 июн куни эса нотаниш одам қўнғироқ қилиб у Тошкентдаги вақтинча сақлаш изоляторида сақлаб турилгани ҳақида хабар берган. Абдураҳмонов оиласи, унинг нима сабабдан ушлангани ва адвокати бор йўқлигидан ҳам бехабар қолмоқда.

Хабарда айтилишича, Абдураҳмоновнинг акаси Тожикистоннинг Тошкентдаги консуллиги билан боғланиб, акасининг нима сабабдан ҳибсга олингани ҳақида хабар беришини сўраган. Консуллик Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига хат билан мурожаат қилиб, Абдураҳмонов ҳақида сўраган. Вазирлик эса жавоб мактубида Абдураҳмонов Бекобод шаҳар Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ҳибс қилинмаганини билдирган.

Шундан сўнг, Абдумавлон Абдураҳмоновнинг отаси Тожикистон Омбдусменига мурожаат қилиб, ўғлининг қаерда эканлигини аниқлашда ёрдам беришини сўраган. Бироқ Тожикистон Омбдусменининг Ўзбекистон Омбудсменига бу ҳақдаги илтимоси ҳозиргача жавобсиз қолмоқда.

Тожикистоннинг Тошкентдаги элчихонаси мулозими Шараф Раҳимов Озодлик билан суҳбатда Абдумавлон Абдураҳмоновнинг қаерда эканлиги суриштирилаётганини айтди:

- Абдумавлон Абдураҳмоновнинг яқинлари бизга мурожаат қилган эди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига бу ҳақда мактуб ёзган эдик. Айтганингиздек, у Бекободда ҳибсга олинмагани ҳақида жавоб мактуби олганмиз. Ҳозир унинг қаерда эканлигини билиш мақсадида бошқа идораларга мактуб жўнатганмиз ва бу иш бизнинг назоратимизда, деди элчихона мулозими Шараф Раҳимов.

Элчихона мулозимининг айтишича, Абдураҳмонов Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида истиқомат қилган ва ҳозир у Бекобод шаҳридаги вақтинча сақлаш изоляторида сақланаётган бўлиши мумкин. Элчихона А.Абдураҳмоновнинг озод қилиниши учун барча имкониятларни ишга солмоқда, деб қўшимча қилди элчихона мулозими.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Amnesty International ташкилоти Ўзбекистонда ҳибсда қолаётган Абдумавлон Абдураҳмоновнинг қийноқларга солиниши мумкинлигидан хавотир билдиради.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматидан Абдумавлон Абдураҳмоновнинг қаерда эканлиги ҳақида ахборот олишнинг имкони бўлмади.
XS
SM
MD
LG