Линклар

Байрам арафасида Тошкентда хавфсизлик чоралари кучайтирилди


Уйма-уй юриб паспорт текшираëтган милиционерлар.

Уйма-уй юриб паспорт текшираëтган милиционерлар.


Тошкент шаҳрида шу кунларда участка нозирлари ҳамда маҳалла фаоллари уйма-уй юриб, фуқаролар паспортини текширмоқда. Рўйхатдан ўтмай яшаб юрганлар эса¸ мустақиллик байрами арафасида вилоятларга чиқариб юборилмоқда.

Тошкентнинг Учтепа туманида яшовчи Ойдин опанинг Озодликка айтишича, участка нозирлари куни-кеча унинг уйига ҳам келишган:

- Бу уй кимга тегишли, нечта одам пропискада, бегона одам йўқми, шуларни сўраяпти, дейди Ойдин опа.

Мустақиллик байрами олдидан вилоятлардан келиб Тошкентда шаҳрида пропискасиз ишлаб юрганларни яшаш жойига юбориш амалиёти ҳар йили кузатилади.

Тошкентнинг Миробод туманидаги “Янги замон” маҳалласи фаолининг айтишича, пропискасиз яшаб юрганлар бу йил ҳам шаҳардан чиқариб юборилади:

- Байрамда кетиши керак. Бориб уйида ўтказиб келади-да байрамни, бола-чақасининг ёнида. Агар пропискаси бўлса тураверади, уларга ҳеч ким индамайди. Пропискаси бўлмаганларни текшираяпмиз, дейди ўз исмини айтмаган маҳалла фаоли.

Байрам арафасида текшир-текширлар бошланиши билан Тошкентда бу жараëнни олиб бораëтганлар қўлидан қутулиб қолиш учун порахўрлик ва коррупциянинг ҳам авж олиши айтилади.

Тошкентнинг Чилонзор туманидаги хонадонлардан бирида яшаб турган хоразмлик Умиднинг айтишича, Мустақиллик байрами кунлари вилоятдан келганларга Тошкентда қолиш анча қимматга тушиши мумкин:

- Тўрттамиз икки хонали квартирага ижара тўлаб турамиз. Кетайлик десак, йўл пули қиммат. Қолайлик десак, маҳалланинг участка нозири байрам олди кетинглар, байрамдан кейин келасизлар, дейди. Ҳар биримиз 50 мингдан берсак қолишимиз мумкин экан. Унда ҳам уйдан чиқмай ўтиришимиз керак. Чиқсак милиция олиб кетади, дейди Тошкентда мардикорчилик қилаётган хоразмлик Умид.

Мустақиллик байрами арафаси пойтахтда аэропорт, темир йўл вокзаллари, автобус станциялари, автойўллар, бозорлар ва бошқа жамоат жойларида ҳам назорат кучайтирилади.

“Тозалаш-антитеррор” деб ном олган бу тадбирга aksar пойтахтликлар кўникиб қолишганликларини айтишади:

- Кўчада милиция шубҳаланган одамни тўхтатиб, паспортини сўраяпти. Тўхтатиб, “паспортинг борми”, “сумкани оч, нима бор” дейди. Тунел, метрога кираётганда ёки чиқаётганда сумкаларни кўрaяпти, дейди исмини айтмаган пойтахтликлардан бири.

Вилоятларда яшайдиган Ўзбекистон фуқароларининг ўз пойтахтлари бўлган Тошкентда рўйхатдан ўтишлари шу кунларда деярли имконсиз қилиб қўйилган. Шу боис пойтахтга келувчиларнинг кўпчилиги Тошкентда рўйхатдан ўтмаган ҳолда яшаб келишади.

Ўзбекистонлик журналист Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, бу билан ҳукумат ўз фуқароларининг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқларини бузмоқда:

- Ҳар йили пропискасиз ишлаб юрган, доимий рўйхатдан ўтмай ишлаб юрганларнинг кўпчилиги мажбурий тарзда шаҳардан чиқариб ташланади. Менинг ўзимнинг жиянларимни ҳам шундай қилишган. Энди булар ўзларининг ҳаракатларини хавфсизлик чораларини кучайтириш билан изоҳлашади. Лекин буларнинг бирортаси мақсадга қўйилган воситани оқламайди, дейди Ташанов.

Расмий маълумотларда келтирилишича, Тошкент шаҳри аҳолиси 2 миллион 600 мингдан ошади. Аммо кузатувчилар рўйхатдан ўтмай, пойтахтда яшаб юрган фуқаролар сони инобатга олинса¸ Тошкент шаҳри аҳолисининг 3-4 миллионни ташкил этиши мумкинлигини айтишади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG