Линклар

Сурия ҳукумати кимёвий ҳужум рўй бергани иддао қилинаётган ҳудудларни бомбардимон қилмоқда


Сурия исёнчилари тутун чиқиб турган бу ҳудуд кимёвий ҳужумга учраганини иддао қилмоқда.

Сурия исёнчилари тутун чиқиб турган бу ҳудуд кимёвий ҳужумга учраганини иддао қилмоқда.

Сурия ҳукумат кучлари Дамашқ яқинидаги ҳудудларни бомбардимон қилишда давом этмоқда. Мухолифат чоршанба куни бу ҳудудлар ҳукумат тарафидан кимёвий қурол билан ҳужум қилинганини айтган эди.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ташкилотининг маълум қилишича, ҳукумат қўшинлари ҳужуми пайшанба куни эрталабдан яна бошланган. Сурия мухолифати чоршанба куни уюштирилгани иддао қилинаётган ҳужумда ҳалок бўлганлар сони 136 кишидан 1300 кишигача бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Президент Башар ал-Ассад ҳукумати кимёвий қурол ҳужуми рўй берганига оид иддаоларни инкор қилмоқда.

Исёнчилар назоратидаги ҳудудларга кимёвий қуролдан ҳужум қилингани тўғрисидаги хабарлар чоршанба куни халқаро майдонда шов-шувларга сабаб бўлди. БМТ Хавфсизлик кенгаши ёпиқ эшиклар ортида фавқулодда мажлус ўтказди. Кенгаш аъзолари бу борада зудлик билан мустақил текширув ўтказиш таклифини қўллаб-қувватлади.

Хавфсизлик кенгаши раиси, Аргентинанинг БМТдаги элчиси Мария Кристина Персевал чоршанба кунги мажлисдан кейин журналистларга бундай деди:

- Кенгаш аъзолари орасида бу иддаолар хусусида қаттиқ хавотир борлигини аниқ айтишим мумкин. Нима рўй бергани аниқланиб, вазият синчковлик билан кузатилиши лозим, деган фикрдамиз. Кенгашнинг барча аъзоси қайси тараф ва қандай вазият бўлишидан қатъий назар, кимёвий қуролларнинг қўлланиши халқаро қонуннинг бузулишидир, деб ҳисоблайди, деди БМТ Хавфсизлик кенгаши раиси.

Лекин мазкур текширув ҳозирда Сурияда иш олиб бораётган БМТ инспекторлари тарафидан ўтказиладими, йўқми номаълум қолмоқда.
XS
SM
MD
LG