Линклар

logo-print
Бу маълумотни Озодлик мухбири Ўзбекистон Фанлар академиясининг Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти илмий ходимидан олди.

Айни пайтда Ўзбекистон пахтасининг йирик харидорларидан бўлган Россия ўз ҳудудида пахта етиштириш ниятини билдирди.


Ўзбекистон Фанлар академиясининг Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти Генофонд лабораторияси мудири, академик Абдумавлон Абдуллаевнинг Озодликка айтишича, пахтанинг янги “Кўпайсин” нави Жиззах вилоятининг Пахтакор туманидаги «Семурғ» фермер хўжалигида синовдан ўтказилмоқда.

Ҳамкасблари яратган “Кўпайсин”нинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида гапирар экан, академик Абдуллаев бундай деди:

- Янги навнинг бошқа навлардан фарқи катта. Биринчидан, морфологик хусусиятлари бутунлай бошқача. Япроқлари кичик, кўсаклари ҳам катта эмас - 5 – 7 граммгача. Кўсаклари ихчам, пирамидал жойлашган. Аввалги навлар навбати билан гуллаб, навбати билан очилса, бу ғўзадаги кўсаклар навбат кутиб турмайди. Ҳаммаси деярли тенг очилади.

Олим пахтанинг ҳар бир нави ўз хусусиятларидан келиб чиқиб “ер танлашини”, шунинг учун янги нав яратилгани - у бутун мамлакат далаларида экилади, дегани эмаслигини эслатиб ўтди:

- Районлаштириш, деган тушунча бор. Шунинг учун республикамизда ғўзанинг 20 га яқин нави экилади. Бу навлар ичида тезпишарлиги, сувсизликка чидамлилиги, шохланиши, ўғитга эҳтиёжи, ҳашаротлар билан мунсабатига қараб бир-биридан фарқланади

Академик Абдуллаевнинг айтишича, пахтанинг янги “Кўпайсин” нави ҳозирча, Жиззах вилоятида районлаштирилмоқда ва бу йил 7 минг гектар майдонга экилди.

Ўзбек олимлари “Кўпайсин”ни кўпайтириш устида олиб бораётган бир пайтда Россия ҳукумати ўз ҳудудида пахта экмоқчи.

ИТАР-ТАСС 21 август куни Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги “Россияда пахта етиштиришни қайта тиклаш мамлакат тўқимачилик саноатининг пахта импортига қарамлигини камайтириш ниятида эканлиги” тўғрисида хабар қилди.

Лекин агентлик пахта етиштиришга оид режанинг параметрлари ҳақида ҳеч нарса ёзмади.

Россиялик пахтакор олим, биология фанлари номзоди Василий Фурсовнинг Озодликка айтишича, Россиянинг Астрахань областида пахта етиштириш учун шароит мавжуд. Бироқ ҳозирча бу минтақада пахта экилган майдон ҳажми ўта кичикдир.

Озодлик Астрахань область қишлоқ хўжалиги вазирлиги масъул ходими Георгий Константиновдан “бу йил қарийб 90 гектар майдонга чигит экилгани”ни сўраб билди.

Маълум бўлишича, мазкур майдоннинг 20 гектарида пахтани тилга олганимиз пахтакор олим Василий Фурсов етиштирмоқда.

Маълумотларга қараганда, Астраханда илк бор ўтган асрнинг 50 йилларида пахта экиб кўрганлар.

1992 йили ўзбекистонлик мутахассислар ёрдамида бу областда яна пахта экишга уринилди ва 525 гектарга чигит қадалди. Лекин тажрибани мустаҳкамлаш давлат томонидан молиялаштирилмагани боис пахтадан воз кечилган.

Астрахань область қишлоқ хўжалиги вазирлигидан олинган маълумотга кўра, келаси йили олим фермер Фурсов 265 гектар ерга пахта экмоқчи.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG