Линклар

Гулнора Каримова: Ўзбекистонда баъзи қонунлар тадбиркорларни соғишга мўлжалланган


Гулнора Каримова.

Гулнора Каримова.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи мамлакатда порахўрлик авж олганини тан олди.

22 август куни Чирчиқда "Келажак овози 2013" деб номланган медиа-лагернинг очилишида 3 соат давомида ёш журналистлар билан савол-жавоб қилган Гулнора Каримова Ўзбекистонда давлат амалдорлари масъулият сезмаслигини кескин танқид қилди.

Хусусан, тадбиркорлар ҳаётининг қийинчилиги ҳақида гапирган президент қизи, "бизда тадбиркорлар, экспорт учун ишлаётган тадбиркорлар учун яратилган шароитлар, қонуности ҳужжатлар, йўриқномалар тадбиркорларни, қўпол қилиб айтганда, “соғиш”га мўлжалланган" дея таъкидлади.

Гулнора Каримованинг отаси, 23 йилдан бери мамлакатни бошқариб келаётган Ислом Каримов ҳукумати халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистонда коррупция чуқур илдиз отгани тўғрисидаги танқидларини рад қилиб келади.

Гулнора Каримова тирикчилик учун мамлакат ташқарисига чиқиб кетган миллионлаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожири масаласига ҳам тўхталди.

Бунга оид саволга жавоб берар экан, “Мен учун бу – оғриқли. Чунки чет элда, қайсидир муасассадан чиқаётганингда, ўз ватандошларингизни кўриб: “У бу ерда эмас, у ерда (Ўзбекистонда) ҳам ишласа бўлар эди-ку”, деган хаёлга борасан”, деди Каримова. Ўзбек ёшларининг 90 фоизи Ўзбекистонда ишлай олишига ишонишини ҳам қўшимча қилди президент қизи.

Гулнора Каримова "ҳар бир ўзбекистонлик ўз ватанида меҳнат қилишга ҳақли", деган фикрни билдирди.

Уч ой аввал Гулнора Каримованинг президент отаси чет давлатларда кўча супураётган ўзбекистонликларнинг “дангаса”, дея атаб улардан жирканишини айтган эди.
XS
SM
MD
LG