Линклар

Ўзбекистон Сенати тожик заводини фаолиятини ўзгартиришга чақирди

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Тожикистондаги “Талко” корхонасининг ҳалокатли таъсирини бартараф этиш чоралари тўғрисида қарор қабул қилди. Қарорга кўра, Сенат халқаро ташкилотлар ва жамоатчилик эътиборини алюминий заводининг фаолият зонасидаги тобора оғирлашиб бораётган экологик ҳалокатни бартараф этиш учун корхонанинг фаолият соҳасини ўзгартириш бўйича шошилинч чоралар кўришга қаратиш лозим.

"Алюмин заводи экологик фалокат олиб келмоқда"

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 12-ялпи мажлиси 22 август куни Тожикистондаги алюминий ишлаб чиқарадиган “Талко” давлат унитар корхонасининг ҳалокатли таъсирини бартараф этиш хусусида қарор қабул қилди.

Қарорда айтилишича, 1975 йилда ишга туширилган корхонанинг ишлаб чиқариш технологияси эскириб кетган, тозалаш тизими самарасиз бўлган алюминий корхонаси ҳар йили ҳавога 22-23 минг тоннага яқин атмосферани ифлослантирувчи моддалар, шу жумладан, 200 тоннадан ортиқ фторли водородни чиқариб ташламоқда.

Тошкент расмийларига кўра¸ бу зарарли моддаларнинг талай қисми ҳаво оқими орқали Ўзбекистоннинг жанубий туманлари ҳудудига ўтиб, бу ерда зич яшаётган 1 миллионга яқин аҳолининг соғлиғига ўнглаб бўлмайдиган даражада зарар етказмоқда.

Ўзбекистондаги атроф-муҳит фаолларининг таъкидича¸ мазкур ҳудудлар аҳолиси орасида сурункали эндокрин ва суяк-мушак тизими, юқори нафас олиш йўллари касалликлари, туғма аномалиялар ва флюороз, шунингдек, онкологик касалликларнинг кўпайиб бораëтгани айнан ана шу завод фаолияти билан боғлиқ.

Сенат қабул қилган қарорга айтилишича, “барча манфаатдор халқаро экологик ташкилотлар, БМТ тузилмалари, парламентлар, ҳукуматлар ва халқаро жамоатчиликнинг эътиборини “Талко” ДУКнинг фаолият зонасидаги тобора оғирлашиб бораётган экологик ҳалокатни бартараф этишга, ушбу зарарли ҳамда одамлар соғлиғи ва атроф-муҳит учун хавфли бўлган корхонанинг фаолият соҳасини ўзгартириш бўйича шошилинч чоралар кўришга қаратиш” лозим.

"Эрталаб турсанг томоғинг ачишади"

Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида истиқомат қиладиган Жўрақул Соҳибназаров ҳам Сенатда муҳокама қилинган бу масала жуда муҳим эканлигини таъкидлар экан, алюминий заводининг аҳоли саломатлиги ва қишлоқ хўжалигига зарари катта бўлаётганини таъкидлайди:

- Ҳаво жуда бузилган. Эрталаб турсангиз одамнинг оғзидан аччиқ заҳардай таъм келади. Жигар циррози деган касаллик кўпайиб кетди, ҳар битта районни ўзидан ҳозир 50-60та жигари цирроз бўлган касал бор. Ракнику айтмай қўя қолай, ўпка, нафас олиш йўллари касалликлари жудаям кўпайиб кетди, дейди Жўрақул Соҳибназаров.

Унинг айтишича, ўзи яшайдиган ҳудудда қишлоқ хўжалиги экинлари ҳам касалланиб ҳосил бермай қўйган:

- Сабзавот умуман бўлмай қўйди, узумдан бир йил ҳосил олсангиз иккинчи йили ириб қоляпти. Маккажўхори эксангиз сарғайиб қолаверади. Чорва ҳам ўзига келмаяпти, деди Жўрақул Соҳибназаров.

Тортишувлар давом этмоқда

Ўзбекистон расмийлари ва мутахассисларининг сурункали талабларига жавобан Тожикистон томони корхонанинг фаолият соҳасини ўзгартиришга ҳеч қандай асос йўқлигини айтиб келадилар.

Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати мажлисига таклиф қилинган Тожикистон парламенти қуйи палатаси – Мажлиси намояндагон депутати Маҳмадшариф Ҳақдодов Озодлик мухбирига Ўзбекистон томонининг ТАЛКО корхонаси борасидаги даъволарида асос йўқлиги ҳақидаги иддаоларни яна такрорлади:

- Биз, Тожикистон парламентининг икки депутати, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг таклифига биноан ТАЛКО корхонаси муҳокама қилинган йиғилишда иштирок этдик. Албатта, ТАЛКО сингари корхоналарнинг атроф-муҳитга таъсири йўқ¸ деб айтолмаймиз. Бундай корхоналар дунёда кўп. Лекин муаммони бир тарафлама ҳал қилиб бўлмайди. Шунинг учун биз икки томон мутахассислари ва халқаро экспертлар қатнашган музокаралар ўтказиб, масалани ижобий ҳал қилишимиз лозим, деди техника фанлари доктори Маҳмадшариф Ҳақдодов.

Тожик депутатининг айтишича, мустақиллик йиллари бошларида икки қўшни давлат алюминий заводига оид барча муаммоларни ўзаро келишиб, ҳал қилган. ТАЛКО заводининг 90-йилларда Ўзбекистоннинг жанубий туманларига тўртта касалхона, тўртта мактаб қуриб бергани, ижтимоий дастурлар учун 900 миллион рубл ва 60 минг тонна алюминий берилгани айтилади.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон томони 90-йиллардаги ўзаро битимлар шартларининг бажарилмаслигида тожик томонини айблаб келмоқда.

Сенат қарорда айтилишича, Ўзбекистон ва Тожикистон парламентлари депутатлик гуруҳлари қўшма мажлисининг 1991 йилда қабул қилинган қарори бажарилмай қолиб кетган. Бу қарорга мувофиқ заводнинг ишлаб чиқариш қувватларини қисқартириши, шу жумладан, 100 та электролизер ишини тўхтатиши лозим эди, аммо бу ишлар бажарилмаган.

Сенат қабул қилган қарорда айтилишича, халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг минтақада экологик вазият ёмонлашиб бораётганлиги ҳақидаги кўп сонли хулосаларига қарамай завод бор қуввати билан ишлаяпти.

Бироқ тожик томони ТАЛКО корхонаси жорий йилда Қозоғистон, Литва ва Франция мутахассислари таркибига кирган халқаро ауидиторлик гуруҳи томонидан экспертизадан ўтказилгани, бу экспертиза корхонанинг экологик хавфсизлик талабларига тўла жавоб беришини тасдиқлаганини айтади. Аудит текширувлар натижасига кўра корхонага ISO-14000 (экологик менежмент тизими) ва OHSAS-18000 (саломатлик ва ишлаб чиқаришдаги хавфсизлик менежмент тизими) стандарти берилганлиги айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG