Линклар

logo-print

Ғарб давлатлари Сурияда кимёвий ҳужумга оид иддаолардан ташвиш билдирмоқда


Сурия мухолифати кимёвий ҳужум деб иддао қилинаётган ҳодисада 500дан 1300гача одам ҳалок бўлганини айтмоқда.

Сурия мухолифати кимёвий ҳужум деб иддао қилинаётган ҳодисада 500дан 1300гача одам ҳалок бўлганини айтмоқда.

АҚШ Президенти Барак Обама жорий ҳафта бошроғида Сурияда ҳукумат кучлари кимёвий ҳужум уюштирганига оид иддаоларга муносабат билдирди. Обама бу “катта ташвишга сабаб бўлган воқеадир”, деди. Айни пайтда, Британия ҳукумати Башар ал-Ассад режими тарфидаги кучлар кимёвий ҳужум амалга оширган бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмаслигини баён қилди. Сурия мухолифати чоршанба куни рўй бергани иддао қилинаётган кимёвий ҳужмда юзлаб одам ҳалок бўлганини айтмоқда.



Жума куни CNN телеканалида эфирга берилган интервьюсида АҚШ Президенти Барак Обама Сурияда кимёвий қурол ҳужуми уюштирилганига оид иддаоларни жиддий текшириш лозимлигини таъкидлади.

- Ҳозирча билганимиздан бу катта ташвишга сабаб бўлувчи жиддий воқеа эканини айтишимиз мумкин. Бу масала хусусида бутун халқаро ҳамжамият билан муҳокама бошлаганмиз. Биз БМТ орқали самаралироқ чора кўрилиши учун ҳаракатларни олиб бормоқдамиз. Сурия ҳукуматини воқеа жойида тергов ўтказилишига рухсат беришга чақирмоқдамиз. Чунки ҳозирда БМТ инспекторлари Сурияда иш олиб бормоқда,- деди Обама.

Агар бу иддаолар тасдиқланса, вазият “Американинг диққатини тортишга сазовордир”, дея қўшимча қилди Оқ уй раҳбари.

Шу билан бирга АҚШ расмийлари ҳозирча айтилаётган ҳужумда кимёвий қурол ишлатилганини аниқ хулоса қила олмаслигини айтмоқда.

Айни пайтда, Британия ҳукумати Сурия Президенти Башар ал-Ассад тарафидаги кучлар чоршанба куни Дамашқ яқинида амалга оширилган кимёвий ҳужум учун масъул эканига ишонишини билдирди.

Сурия мухолифати кимёвий ҳужум деб иддао қилинаётган ҳодисада 500дан 1300гача одам ҳалок бўлганини айтмоқда.

Британия Ташқи ишлар вазири Уильям Ҳэйг жума куни ўтказилган матбуот брифингида “Ассад режими бир нарсани яширишга уринаётган кўринади”, дея баёнот берди.

- Биз учун ҳозир устувор масала БМТ мутахассислари гуруҳи ҳодиса жойига бориб фактларни аниқлай олишига эришишдир. Агар бу яқин кунлар ичида амалга ошмаса, чунки бу масалада вақт муҳим аҳамият касб этади, бунга оид далиллар бир неча кун ичида йўққа чиқиши мумкин. Бу ҳолда БМТ Хавфсизлик кенгашида мазкур соҳада кенгроқ ваколат берилиши масаласини муҳокама қилишимиз керак бўлади,- деди Британия бош дипломати.

Россия Сурия мухолифатини иддао қилинаётган ҳужум юзасидан холис текширув ўтказишга тўсқинлик қилаётганликда айблади.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган баёнотида, шунингдек Сурия режимига қарши куч қўллаш чақириқларини “қабул қилиб бўлмайиган”, дея танқид қилди.

Россия расмийларининг жума куни маълум қилишича, Москва “Сурия ҳукуматини кимёвий қуроллар бўйича БМТ гуруҳи билан ҳамкорлик қилишга чақирган”.

Шу билан бирга Россия Ташқи ишлар вазирлигининг жума кунги баёнотида мазкур ҳужумга оид далиллар “унинг провокация хусусиятига эга” эканини кўрсатади, дея таъкидланган.

БМТнинг кимёвий қуроллар бўйича экспертлари гуруҳи бундан аввал можаронинг иккала тарафи илгари сурган кимёвий ҳужумларга оид иддаоларни текшириш учун Дамашққа якшанба куни етиб борган.

Айни пайтда, БМТ Бош котиби Бан Ки Мун ҳам Сурия ҳукуматини БМТнинг кимёвий қуроллар бўйича терговчилари билан ҳамкорлик қилишга чақирди.

Жума куни Жанубий Кореяга сафари чоғида гапирган Бан кимёвий қуролнинг қўлланиши халқаро қонунларга зид экани ва “инсониятга қарши бундай жиноятни амалга оширган тараф учун бунинг жиддий оқибатлари бўлиши керак”, дея таъкидлади.

Айни пайтда, БМТнинг маълум қилишича, Суриядаги фуқаролар уруши оқибатида мамлакатни тарк этган болалар сони бир миллионга етган. Бундан икки ярим йил аввал бошланган уруш оқибатида Суриядан икки миллион одам қочган.

БМТнинг болалар жамғармаси – ЮНИСЕФ ва қочқинлар идораси жума куни эълон қилган ҳисоботга кўра, уруш оқибатида яна 2 миллион суриялик ёшлар мамлакат ичида ўз жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлган.

Жума куни CNN телеканалида берилган интервьюсида президент Обама “Қўшма Штатлар қайсидир маънода ҳал қилиши мумкин бўлган Сурияда мавжуд мазҳаблараро мураккаб муаммо баъзан бўрттирилади”, дея эътироф этди.
XS
SM
MD
LG