Линклар

OzodlikOnline: Мустақиллик болалари мустақилликка элтган ғоялардан хабардорми?


Ўзини бундан 22 йил аввал мустақил давлат деб эълон қилган Ўзбекистонда бутун бошли авлод вояга етди. Бу авлод мустақилликнинг ҳақиқий ташаббусчилари сиëсий майдонга ташлаган ғояларни биладиларми? 26 август¸ Тошкент вақти билан 21:05да Skype воситасида бошланган жонли мулоқотимизда шу ҳақда гаплашдик.

Дунë харитасида Ўзбекистон деб аталгувчи суверен давлат пайдо бўлганидан буëн ўтган 22 йил мобайнида Ўзбекистонда яқин ва узоқ тарихни бузиб кўрсатувчи минглаб китоблар чоп этилди.

Нафақат мустақилликдан сўнг мактабга борган “Каримовнинг болалари”¸ балки бутун халққа Ўзбекистон мустақиллигининг бош ташаббусчиси ҳам¸ унинг асл қаҳрамони ҳам Ислом Каримов деган иддао тинимсиз сингдирилди ва сингдирилмоқда.



Аслида 1991 йилнинг 31 августини Ўзбекистон Компартиясининг биринчи котиби сифатида кутиб олган Ислом Каримовнинг СССРдан мустақил бўлиш талабига мутлақ қарши бўлиб келганига оид фактлар ва гувоҳлар ҳикояларини жамоатчилик хотирасидан қарийб ўчирилди.

Мухолифатдаги Эрк демократик партияси кўтарган ташаббус 1990 йилнинг 20 июнида Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг 40 нафар депутати томонидан парламент кун тартибига қўйилди ва мамлакат мустақиллиги баëнномасини қабул қилиш талаби кўндаланг қилиб қўйилди.



Расмий мустақилликдан қарийб бир йил аввал қабул қилинган Мустақиллик декларацияси овозга қўйилган бу мажлисда Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги коммунист раҳбари Ислом Каримов қатнашмаган эди.

Ўзбекистонга сиëсий мустақиллик талабини кун тартиига қўйган сиëсий мухолифат етакчи ва фаоллари Каримовнинг ҳеч қачон мустақиллик тарафдори бўлмагани¸ охирига қадар Kремл сиëсатини қўллаб-қувватлаганини далиллар билан эслашади.

Аммо орадан 22 йил ўтиб¸ мустақил Ўзбекистондаги давлат пропаганда машинаси Каримовни мустақиллик қаҳрамонига айлантирди. Энг муҳими¸ СССР империяснинг мухолифига айланган кам сонли¸ асосан¸ ижодий интеллигенция вакиллари Ўзбекистоннинг мустақил давлат бўлишини тақозо қилувчи ғоялар сифатида кўтариб чиққан талаблар халқ зеҳниятидан сиқиб чиқарилди.

Сиëсий мустақиллик ғояси Ўзбекистон мустақиллигини сўраган ойдинлар учун сўнгги мақсад эмас эди. Улар ўзбек тилини сақлаб қолиш¸ ўзбек тупроғини пахта якка ҳокимлигидан қутқариш¸ болалар меҳнатига барҳам бериш¸ ўзбек аëлларининг фарзанд кўришини чеклашни тўхтатиш¸ Ўзбекистон ҳудудига битган ягона денгизсимон кўл – Оролни қутқариб қолиш¸ энг муҳими эса¸ ўзбекларга сиëсий-ижтимоий¸ диний-маърифий эркинлик бериш учун Ўзбекистонни мустақил давлатга айлантириш орзусида эдилар.

Ўзбекистонни сиëсий мустақилликка етаклаган бу ғоялар туғилиш тарихидан хабардормисиз?

Ўзбекистон сиëсий мустақиллигининг ҳақиқий ташаббусчиларидан кимларни биласиз?

Мустақиллик асл қаҳрамонлари номи ва фаолиятининг тарих китобларига кирмай¸ жамоатчилик хотирасидан унуттирилаëтгани боиси нимада?

Мустақил давлатда ечим топиши орзу этилган бу талаблардан қай бири¸ Сизнингча¸ бугун амалга ошди?

Сиëсий мустақилликка эришган Ўзбекистон аҳолисининг шахс эркинлиги орзусидан йироқ қолаëтгани сабаби¸ Сизнингча¸ нимада?

Мустақиллик ва эркинлик ғоялари Сиз учун шахсий қадриятга айланганми ?



26 август¸ Ўзбекистон расмийлари мустақилликнинг 22 йиллигини байрам қилишни бошлаган кунда Тошкент вақти билан 21:05 да бошланадиган мулоқотимизда ана шу каби саволларга жавоб излаймиз. OzodSkype ва OzodlikOnline Skype манзиллари орқали Сиз ҳам жонли суҳбат иштирокчисига айланинг.






OzodlikOnline дастурида ўзбек жамиятининг илғор вакиллари билан ҳафтанинг энг асосий воқеалари, миллатнинг энг долзарб муаммолари муҳокама этилади.

Дастурни ҳар душанба куни Тошкент вақти билан соат 21:05 да www.ozodlik.org ҳамда Озодликнинг Facebook саҳифасида жонли эшитинг!


OzodlikOnline мулоқотини эшитиш давомида Skypeдаги Оzodskype ва OzodlikOnline манзиллари орқали тўғридан-тўғри алоқага чиқиб¸ очиқ мулоқот иштирокчисига айланишингиз мумкин.

OzodlikOnline дастурида Озодликнинг Facebook ва Twitterдаги саҳифаси орқали ҳам қатнашиш мумкин. Айни пайтда савол ва шарҳларингизни +420 724 971 539 рақамига СМС тарзда йўллашингиз мумкин.


Биз билан боғланинг! Ўз фикрларингизни билдиринг!

OzodlikOnline – Сиз учун муносабат билдиришнинг энг қулай имконияти!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG