Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:36

Европа Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди


Европа Иттифоқининг Марказий Осиё ва МДҲ давлатлари бўйича махсус вакили Патрисия Флор.
Европа Иттифоқининг Марказий Осиё ва МДҲ давлатлари бўйича махсус вакили Патрисия Флор.

20-21 август кунлари Тожикистон пойтахти Душанбеда "Cув масалалари бўйича ҳамкорликка оид юқори даражали халқаро анжуман" бўлиб ўтди. БМТ ҳомийлигида уюштирилган анжуманда ўнлаб давлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, жумладан, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё ва МДҲ давлатлари бўйича махсус вакили Патрисия Флор ҳам қатнашди. Душанбега сафаридан қайтган Флор хоним Озодлик радиоси тожик хизматига интервью берди.

Озодлик: Патрисия Флор хоним, Сиз Европа Иттифоқининг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик дастурларига масъулсиз. Марказий Осиёдаги бешта давлатнинг ҳамкорлик даражасини қандай баҳолайсиз?

Патрисия Флор: Менимча, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё стратегияси нуқтаи назаридан шу нарса аниқки, минтақавий ҳамкорлик устивор масалалардан биридир. ЕИ чуқур минтақавий ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди. Шуни таъкидлаш жоизки, ҳамкорлик орқали минтақадаги кўп нарсалар яхшиланиши мумкин. Масалан, минтақа давлатларида ҳамма чегаралар очиқ эмас. Баъзан қўшни давлатга бориш қийин. Бу савдо-сотиқ, одамлар ўртасидаги олди-берди, транспорт қатновига тўсқинлик қилади

Озодлик: АҚШ, Россия ва Хитой Марказий Осиёдаги сув муаммосини “пайқамаслик”ка уринаётган бир пайтда, бу муаммони ҳал қилишда Европа Иттифоқининг ролини қандай баҳолайсиз?


Патрисия Флор: Европа Иттифоқи ўзининг "ЕИ-Марказий Осиё стратегияси" доирасида аллақачон сув ва атроф-муҳит ҳимояси бўйича минтақа давлатлари билан ҳамкорликка асос яратган. Бу сув ва атроф-муҳит борасида ҳар йили вазирлар даражасида учрашувлар ўтказишни англатади. Бундан ташқари сув бўйича ҳамкорлик борасида ишчи гуруҳи фаолият юритмоқда. Шунингдек, ЕИ техник лойиҳаларни ҳам қўллаб-қувватламоқда.

(Марказий Осиё давлатлари) сув оқимлари, сувга бўлган эҳтиёж, турли манфаатлар ҳақидаги маълумотларга эга бўлишлари керак. Бу муаммо бирга ўтириб муҳокама этилиши керак. Ўзаро ҳамкорлик қонунга асосланган бўлиши лозим. БМТ 1992 ва 1997 йилда Сув ҳақида конвенция қабул қилган. Мазкур қонунлар бир мамлакат ва минтақа давлатлари ўртасида юзага келган сув муаммоларига ечим топишда қонуний асос бўлиши мумкин.

Масалан, Дунай дарёси можароли тарихга эга бўлган ва мураккаб вазият ҳукм сурган Болқон давлатлари ҳудудидан оқиб ўтади. Биз ўз тажрибамиздан бундай шароитда қандай конвенциялар ва шартномалар ёрдам бериши мумкинлигини биламиз ва шу тажрибамиз билан ўртоқлашишга тайёрмиз. Албатта, Марказий Осиё давлатлари муаммога ўзлари ечим топишлари керак бўлади.

Озодлик: Яхши муносабатларга эга бўлмаган давлатлар раҳбарларига, хусусан, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга тавсияларингиз борми?

Патрисия Флор: Мамлакатлар ва давлатлар ўз миллий манфаатига эга бўлиши қонуний ҳол. Ўз манфаатини ҳимоя қилиш учун улар бир-бири билан курашади. Биз буни ўз тажрибамиздан биламиз. Бироқ ҳамма томон музокара столи атрофига ўтириб, турли манфаатлар нимадан иборат эканини муҳокама қилиши ва ўзаро ҳамкорлик орқали вазиятни яхшилаш йўлларини излашлари керак. Европа Иттифоқи шундай фикрда.

Озодлик: БМТнинг Марказий Осиёдаги превентив дипломатия маркази минтақадаги сув муаммосини бартараф қилишнинг янги стратегиясини ишлаб чиққан. Бу стратегия ҳақида нималарни биласиз ва у ҳақида фикрингиз қандай?

Патрисия Флор: Ҳа, мен бу ҳақда биламан ва БМТ Бош котибининг минтақа бўйича махсус вакили Мирослав Йенча билан яхши алоқага эгаман. Шуни айтишим керакки, БМТ муҳим рол ўйнайди. Чунки бу ташкилот халқаро меъзонларни белгилайди. Агар БМТнинг ушбу дастури томонларни яқинлашишига ёрдам берса, жуда яхши бўлади.

Озодлик: Кўпчилик журналистлар Раҳмон ва Каримов даврида пайдо бўлган муаммолар улар ўрнига ҳокимият тепасига келадиган бошқа одамлар томонидан ҳал этилади, деган фикрда. Сиз бу ҳақда нима дея оласиз?

Патрисия Флор: Биринчидан, шуни айтишим лозимки, Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон ёки Қирғизистонда бугунги кунда яшаётган ёшлар келажакка умид билан қарамоқда. Марказий Осиёдаги ҳар бир ҳукумат ва президент мамлакатдаги вазиятни ўнглаш, иқтисодий ривожланиш ва ёш авлоднинг порлоқ келажагини таъминлаш учун барча сиёсий ва бошқа воситаларни ишга солиш учун масъулдир.

Албатта, раҳбарият ва ҳукуматлар ўзгарган пайтда ёшларга бошқа имкониятлар ҳам пайдо бўлиши мумкин. Баъзан ёшлар мамлакат тарихини яратади. Айни пайтда, масъулият бугунги кунда давлатни бошқараётганлар зиммасидадир. Шу боис демократик жараёнлар ва ҳукуматлар ўзгариши бошқа қадриятлар каби Европа Иттифоқи учун муҳимдир.
XS
SM
MD
LG