Линклар

logo-print

Ўзбекистон маҳаллий матбуотига сўзлаган расмийлар ҳисобича, ўқувчини мактабга тайёрлаш бу йил 70-80 минг сўмга тушмоқда. Халқ таълими вазирлигининг Озодликка сўзлаган расмийлари ва ота-оналар эса бу сумманинг 100-140 минг сўмдан 200 минг сўмгача бориши, айни пайтда, мактаб бозорларида бу йилги нарх ҳамда ассортимент бирмунча яхшиланганини айтмоқдалар.



Ўзбекистон расмий матбуотида берилган хабарларга кўра, бу йил жами 398та бозор ва 276та савдо мажмусида мактаб ярмаркалари ташкил этилган.

10 августдан 30 августга қадар давом этадиган ярмаркаларда ўқувчилар учун ўқув қуроллари, сумка ва бошқа зарур буюмларни харид қилиш мумкин.

Икки кун муқаддам Шаҳрихон туманидаги мактаб бозорига бориб, уч ўқувчи -- 1-синф, 5-синф ва 7-синфга борадиган болаларини кийинтириб қайтган андижонлик аёл Саломатхон Каримова бу йилги бозордан кўнгли бироз тўлганини айтди.

- Ҳар ҳолда дафтар-ручкалари ҳам, кундаликлар, сумкалар анча арзонлашгандек. Битта дафтар 300 сўмдан 500 сўмгача, кундалик минг сўмдан бошланади, 5 минггача бор. Ручка 200-300 сўм, рангли қалам 3 минг сўмгача. Сумкалариям пулизга яраша - 10 минг -15 минг сўмдан то 50 минг - 60 минггача кетади у ёғи. Лекин ҳаммага буюм борда. Истаб борган нарсангизни олиб қайтасиз,- дейди Озодлик билан суҳбатда Саломатхон опа.

У 1-синфга борадиган ўғли учун 50 минг сўм атрофида, 5-синфга борадигани учун 100 минг, 7-синфга борадигани учун эса 150 минг сўмча пул сарфлаганини айтади.

- 1-синф болага энди президент совғаси берилади. Шунинг учун фақат форма билан ботинка оласиз. 5-,7-синфга борадиганларига энди танлаб-танлаб, пулимизга яраша олдик. Шу 100-150 минг сўмдан бўлдида. Қудамиз ҳам икки қатордан ёзлик-қишлик қилиб олибди 6-синфдаги неварасига. "Чиройли кийимлар олдик, 140 минг сўм кетди", деяптию,- дейди Саломатхон опа.

Бу аёлнинг айтишича, у яшаб турган ҳудудларда йилдан-йилга болаларини мактабга юборишда пулдан қисилганидан шикоят қилаётганлар озаймоқда.

- Шу бозорларда ўзимизда чиққан арзон дафтар-ручкалар бор. Шу ўзимизнинг Шаҳрихонларда чиққанлариям борда. Матоларам шу Тошкентлардан келган, шекилли. Кейин маҳалладанам кам таъминланганларга келиб айтишяпти: "Болангизга нима олиб берайлик?" деб,- дейди Саломат опа.

Халқ таълими вазирлигининг Фарғона вилоятидаги ҳудудий бўлимларидан бирининг мактаб бозорлари учун масъул вакили бу ҳудудларда болаларни мактабга йўллаш бу йил ўтган йилгидан фарқ қилмаслигини айтади.

"Энди пулингизга қарабда, 1-синфга ўқув қуроли президентимиз томонидан берилади, полний комплект. 2-синфдан то битирувчи синфларам китобларни мактабдан ижара олади. Ижараям унақа қимматмас. 5-6 минг сўмдан 13 минг сўмгача. Энди у ёқ-бу ёғи 50-60 минг сўмдан бошланса, кичик синфларгада бу, катта синфларга, жуда борса, 150 минг сўм - ундан қиммат бўлмайди. Ҳозир ҳамманинг қурби бемалол етадида бунга", деди Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатлашган фарғоналик маориф ходими.

Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ҳам қарийб айни манзара.

- Фақат биз томонларда Тошкентдагидан бироз қиммат бўлади. Чунки, ўзи Тошкентдан олиб келишадида товарларни,- деди Самарқанд шаҳридаги мактаблардан бирининг исмини очиқламаган ўқитувчиси.

Унинг сўзларига кўра, бу шаҳарда ўқувчини мактабга йўллаш 90-100 минг сўмдан 200 минг сўмга қадар бормоқда.

Айни пайтда президент совғасининг нархи ва таркиби билан қизиқдик.

- Бу йил битта президент совғаси 24 минг сўм бўлаяпти. Шу портфель берилади, ичи тўла қалами, ручкаси билан пенал берилади. Дафтар, кундалик бўлади. 1-синф боласига ўқув қуроли сотиб олмайди ота-она. Фақат форма олади, тамом,- деди Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий бўлимларидан бирининг исмини ошкор қилмаётганимиз мутахассиси.

Айни мавзуда пешма-пеш хабарлар, фото ва видео репортажлар узатаётган маҳаллий ўзбек матбуотида эса бу йил ўқувчини мактабга юбориш учун кетадиган ҳаражат миқдорини расмийлар 70-80 минг сўм, деб баҳолагани хабар қилинмоқда.

Реал ҳаражат бундан бироз баланд бўлсада, ота-оналар учун бу муаммо эмаслигини айтган Озодлик суҳбатдошлари асл муаммо ўқиш бошлангач, бошланишини айтмоқда.

- Шу ўқиш бошланмасдан йиғ-йиғ бошлангани расвода ўзи. Болани сентябрда бир амаллаб жўнатиб оласиз, бу қийинмас. Кейин шу ҳар бир ой-икки ойда бир йиғ-йиғи бор. Китобларнинг ижараси бор. Металлолом, қоғозга пул, деб келишади камига. Ремонт. Шунақа расходлари эзворади ота-оналарни, дейди Саломатхон опа.

Ҳозир Ўзбекистонда жами 1066 та умумий таълим мактаби, 232 та ўрта-махсус ва ўрта-махсус касб-ҳунар таълими муассасалари бор.

Халқ таълими вазирлиги эълон қилган расмий маълумотларга кўра, республикадаги мактабларда 4 ярим миллиондан ошиқроқ ўқувчи таҳсил олмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG